Мақолалар

Отамиздек  меҳрибон  эдилар

Эслаб...

Муфтий ҳазратлари – Усмонхон Алимов жуда меҳрибон, айниқса, аёлларнинг ҳурматини жойига қўядиган инсон эдилар. У киши устозларнинг дуоларини олишни одат қилган эдилар.

Кечагидек эсимда: 2006 йилнинг август ойида муфтийлик вазифасига тайинланганларида муфтий ҳазратлари Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Юсуфхон Шокиров каби устозларининг хонадонларига ташриф буюриб, дуоларини олишни ният қилган эканлар. Ўшанда бизнинг ота уйимизга ҳам келгандилар. Шу куни ҳазрат узоқ йиллар давомида диний идорада фаолият юритган отамиз Абдулғани Абдуллоҳни эслаб ҳақларига дуо қилдилар. Бу ташриф хотирамда мангуликка муҳрланди.

Менга муфтий ҳазратлари билан бирга ишлаб, дуоларини олиш бахти насиб қилди.

Ҳазрат идорада барча ходимларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлардилар. Биз у кишига бирор жойда дуч келиб қолсак, беэътибор ўтиб кетмас, албатта, тўхтаб: “Яхшимисиз, оилангиз тинчми, фарзандларингиз яхши юришибдими?” деб ҳол-аҳвол сўрар ва дуо қилар эдилар.

Иш юзасидан хизмат сафарларига чиқишдан олдин муфтий ҳазратларининг олдиларига кириб, маслаҳат сўрардик. У киши ўз маслаҳатларини бергач, доимо: “Она қизим, яхши бориб келинг”, дер ва қўлларини дуога очар эдилар. Сўнг дарҳол масжидлар бўлими ходимларидан бирини чақириб, бизни вилоятда яхши кутиб олишларини, сафар давомида қийналиб қолмаслигимиз учун барча шароитларни яратиб беришлари лозимлигини тайинлардилар. Ҳазрат  доимо ўз маслаҳатларини аямас, иш фаолиятимиз  бўйича керакли ўгитларни беришни канда қилмас эдилар.

Ишда ҳам, сафарда ҳам доимо у кишининг ишончларини оқлашимиз лозимлиги ёдимизда турарди.

Бир воқеани айтиб берсам. Бир неча йил олдин опамнинг ўғли автоҳалокатга  учраб, комага тушиб қолди. Поччам ўша пайтда масжидда имом ноиби бўлиб ишлар эдилар. Муфтий ҳазратларининг ҳузурларига келиб, ўғилларининг ҳаққига дуо қилишларини сўрадилар. Ҳазрат жиянимнинг ҳаққига дуо қилиш билан бирга, Тошкент шаҳридаги масжидлар имомларига жума намозларида ҳам дуо қилиш ҳақида топшириқ бердилар. Кечга бориб, жияним ўзига келиб, комадан чиққани ҳақида хабар беришди.

Ҳа, ҳазратимиз шундай дуогўй, ҳалим, барчамизга отамиздек меҳрибон инсон эдилар... У киши Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлодларидан бўлганлари учун ҳам дуолари ижобат эди. Бундан ташқари, Қуръонга ўзгача муҳаббатли эдилар. Кўплаб шогирдларни тарбиялаб, етиштирганлар ҳам. Бу ҳақда аёллари Адолат ҳожи она кўп бор эслайдилар. Фарзандлар тарбиясида-да ўзига хос услубга эга эдилар.

Аллоҳ таоло муфтий ҳазратимизнинг  солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилсин. Қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод этсин!

Ҳақ таоло ўтган барча устоз олимларимизни ғариқи раҳмат, шоҳистайи жаннат қилсин. Омин!

 

Марямхон АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси

 

Read 1494 times

Мақолалар

Top