Мақолалар

“Муфтий ҳазратнинг васиятларини адо этдим...”

Ҳазратимиз Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳ муфтийлик лавозимида бошқалардан кўра энг узоқ муддат фаолият юритдилар, десак, хато бўлмайди. У киши 15 йил давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида дин йўлида хизмат қилдилар.
Биз кўп сафарларда бирга бўлдик. Ҳазрат ким билан қандай муомала қилишни билардилар, замонавий тил билан айтганда, ақлли дипломат эдилар. Дунё саҳналаридаги нутқлари ҳам ғоят тушунарли, чиройли эди. Бир сўз билан айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносиб авлодлари эдилар. У кишининг хатти-ҳаракатларида гўзал пайғамбарона хулқни кўрардингиз.


Муфтийлик фаолиятлари давомида ҳазратнинг раҳбарликлари остида кўпгина хайрли ишларни биргаликда амалга оширдик. Жумладан, энг аввало масжидлар обод бўлди, бунда таҳоратхоналарга алоҳида эътибор қаратилди, янги-янги масжидлар бино қилинди. Яна кўплаб маърифий, диний, тарбиявий руҳдаги китобларни чоп этдик. Хусусан, у кишининг қаламларига мансуб бўлган “Тафсири Ирфон” китобини алоҳида тилга олиш зарур. Ё бўлмаса, Қуръон мусобақаларининг кенг кўламда, омма ичида ўтказилганини ҳам таъкидлаш жоиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўзини-ўзи боқсин, бировга қарам бўлмасин, деган мақсадда Қибрай туманида ёрдамчи хўжалик ерларини обод қилиш, иссиқхоналар қилиш, полиз экинларини етиштириш, отхоналар ва бошқа чорва фермалари, тикув цехлари каби ишлаб чиқаришларни ҳазратнинг ташаббуслари билан амалга оширдик. Идора биноси ҳам қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга эга бўлди.
Хусусан, Диний идора нашриёти қошида “Шамсуддинхон Бобохонов” номли босмахонани ташкил қилиш муфтий ҳазратларининг катта ниятлари бўлган эди. “Болам, шу босмахона тезроқ ишга тушса, у ерда мусҳафлар ва бошқа диний китоблар чоп этилганини кўрсам”, дегандилар. Мана, Аллоҳга шукр, бу хайрли ишимизни ўз кўзлари билан кўрдилар.


Ҳазрат авлиё инсон эдилар. Охирги йилларда мўлжаллаган ишларимизни тез-тез битиришимизни истардилар. “Мени яқинда тополмай қоласизлар. Шунинг учун хайрли режаларимизни тезроқ амалга оширайлик”, деб таъкидлардилар...
Ўзлари туғилиб ўсган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Эшони Темирхон Тўра” жоме масжидини қайта таъмирлаб, ёнидаги қабристонни ҳам обод қилганимиздан сўнг мени ёнларига чақирдилар. Ўшанда дадаларининг қабрлари олдидаги жойни кўрсатиб: “Болам, мени вақти келиб шу ерга дафн этинглар. Бу сенга васиятим”, деб тайинлагандилар.


Ҳа, ҳаммасини сезган эканлар. Шу масжидни таъмирлаётганимизда ҳам “Тез-тез ишни тугатинглар”, деганлари ҳамон қулоғимда. Бетоб бўлганларида ёнларида туриб, вафотларидан сўнг у кишини олиб келиб, ўзлари кўрсатган ерга, яъни дадаларининг ёнларига дафн этдик – васиятларини бажардик, алҳамдулиллоҳ.


Ҳазрат билан бошлаб қўйган яна талайгина хайрли ишларимиз бор. Худо хоҳласа, уларни бекаму кўст бажаришга, охирига етказиб, руҳларини шод этишга ҳаракат қиламан.
Аллоҳ таоло ҳазратимизни раҳматларга буркасин. Қилган хайрли, эзгу ишларининг ажрларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Ўзи ҳаммамиздан рози бўлсин, динининг йўлида хизматларимизни давомли этсин. Омин!

Рустам ҳожи ЖАМИЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Иш бошқарувчиси

Read 1822 times

Мақолалар

Top