Мақолалар

Қуръони каримнинг 8 ҳаққи

Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:

  1. Қуръонга имон келтириш. Қуръони карим Аллоҳ тарафидан нозил қилинганига имон келтирган банда мўмин ҳисобланади. Парвардигоримиз шундай марҳамат қилган: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган (барча) китобга имонингиз комил бўлсин! Ким Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди” (Нисо сураси, 136-оят).
  2. Қуръон ўқиш.Қуръонни тиловат қилиш энг катта ҳақлардандир. Аллоҳ таоло Расули акрам ва у зотнинг умматларини Қуръон ўқишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида Қуръон ўқиш фазилатлари ҳақида хабар берганлар. Киши Қуръонни тўғри ўқиш учун асосан икки нарса талаб қилинади:
  • Арабча ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш;
  • Тажвид илмини амалий жиҳатдан ўзлаштириш.

Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.

Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.

  1. Қуръон ёдлаш. Қуръон ёдлаш жуда фазилатли амалдир. Ҳадиси шарифларда, Қуръонни қалбга жо қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қори жаннатда Қуръон оятларини ўқиб, мартабаси кўтарилиб бориши, ёдлаган охирги оятни ўқиган жойи унинг энг юқори даражаси бўлиши айтилган. Уламолар, “Қуръонни тўлиқ ёд олиш фарзи кифоя. Намозни ўқишга етадиган даражада сура ва оятларни ёдлаш эса фарзи айндир”, дейишган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда намозни тўкис адо этиши учун маълум сура ва оятларни пухта ёдлаб олиши лозим.

Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.

Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:

– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:

– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:

– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.

Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.

  1. Қуръон тиловатига қулоқ солиш. Қуръони карим ўқилганида, одам жим туриб, Қуръоннинг оятларига қулоқ тутилади, унда нима дейилаётганига эътибор берилади, Аллоҳ даъватига ижобат этилади. Қуръон ўқилаётганда туриб кетиш, тиловатга бепарво бўлиш мусулмон одамга ярашадиган иш эмас. Айниқса, жамоат намозларида бунга эътибор бериш керак.

Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!

  1. Қуръонни тадаббур (тафаккур)қилиш. Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда унинг оятларини тадаббур қилишга буюрган. Оятларни тадаббур қилмайдиган кимсаларга танбеҳ берилган. Қуръонни тадаббур қилган одам унда бирон ихтилоф йўқлигини, бир оят бошқа бир оят маъносига мувофиқ келишини англаб етади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.

  1. Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш. Қуръоннинг нозил қилинишидан кўзланган асосий мақсадлардан бири – кўрсатмаларига риоя этиш, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бошқа ҳақлар Қуръонга амал қилиш ҳақига боғлиқ: Қуръонни ўқиган, эшитган, тушунган, Қуръонни эъзозлаган одам Қуръонга амал қилади.
  2. Қуръон илмларини одамларга етказиш. Қуръон илмларини билган одам уни бошқаларга ҳам ўргатади, илмни тарқатади. Шариат илмли кишилардан шуни талаб этади. Илм шу билан одамлар орасида ёйилади. Масалан, кимдир тажвид илмидан хабардор. У инсонларга Қуръон ўқишни таълим беради. Яна кимдир, тафсир илмини билади. Бундай одам ўзгаларга Қуръон маъноларини тушунтириб беради. Хуллас, ҳар ким имкони даражасида Қуръон илмлари тарқалишида ҳисса қўшади. Ҳадис шарифда айтилишича, Қуръонни аввал ўзи пухта ўрганиб, кейин бошқа мусулмонларга ўргатган инсон мусулмонлар ичида энг афзали саналади. Аллоҳ таоло Қуръон йўлида хизмат қилган кишилар мартабасини жуда баланд кўтарган.

Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.

  1. Қуръон билан даволаниш. Мана шу ҳақ уламолар тарафидан алоҳида зикр қилинади. Сабаби, Қуръон мўмин бандалар учун шифодир. Бандалар Қуръон билан қалбларидаги маънавий иллатларга даво топадилар. Жумладан, эътиқоддаги тойилиш, ҳасад, кибр, нифоқ, худбинлик каби маънавий иллатлар айнан Қуръон билан даволанади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Read 2135 times

Мақолалар

Top