Мақолалар

Буюк келажак бунёдкорлари

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

Ҳаммамиз ҳар доим бош эгиб, таъзим қиладиган, эҳтиром кўрсатадиган устоз ва мураббийларга, айтиш мумкинки, сўнгги йилларда эътибор янада кучайди. Уларга ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратилаётгани эътиборга молик.

Ҳар йили 1 октябрть – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Президент Фармонининг қабул қилинаётгани соҳани янада равнақ топтиришда муҳим омил бўлмоқда. Фидойи устоз ва мураббийлардан 199 нафари давлатимизнинг ана шундай юксак мукфотларига сазовор бўлди.

Куни кеча муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифлари асносида: “Минг афсуски, юртимизда таълим соҳаси ачинарли ҳолатга келиб қолган. Биз ҳозир ўқитувчининг обрўсини оширишимиз керак. Бунинг учун лозим бўлган ҳамма ишни қиламиз. Ўзбекистонда халқ таълими бўйича миллий дастур қабул қилинади. Ўқитувчининг маошини минг долларга чиқармагунча ҳаракатдан тўхтамайман”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз турмуши бундан-да фаровон, ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишлари учун таълим тизимида кунчиқар юрт – Японининг тажрибасини қўллаш керак. Чунончи, Япония юксак тараққий этган давлат мақомига эришишида ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги қўлланилгани асосий омил бўлган.

Муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар, шу жумладан, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар.

Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бугун устоз ва мураббийларимиз азиз фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришлари мақсадга мувофиқдир. Шундагина юртимиздан яна Бухорийлар, Насафийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Термизийлар, Навоийлар етишиб чиқади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.

Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради.

Ҳадиси шарифда:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория; фойдали илм; дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти), дейилган.

Мен ўқитувчи ва мураббийларни вақт билан мусобақалашаётган, бу жараёнга шогирдларини ҳам жалб қилган кишига ўхшатаман. Ислом тарихига назар солсак, вақт билан мусобақалашиб, жуда кўп муваффақиятларни қўлга киритган уламолар борлигига амин бўламиз. Буюк ватандошимиз, дунё имом Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ илмга қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадисни тўплаганида бор-йўғи 16 ёшда эди.

Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри мобайнида илм йўлида амалга оширган улкан ишларини, мана, орадан ўн асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, Ислом оламидаги бутун бошли илмий-тадқиқот институтлари ўрганиб келяпти. Тадқиқотлар натижасида у зотнинг қўлга киритган муваффақиятларига барча лол қолмоқда.

Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.

Мухтасар айтганда, башарият учун ҳам, тараққиёт учун ҳам, тамаддун учун ҳам фақат бир нарса керак: бу – илм, билим ва тафаккур. Шундай экан, шарафли касб эгалари ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз УСТОЗЛАР!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Read 1560 times

Мақолалар

Top