Мақолалар

Ибн Атоуллоҳ Искандарийнинг кароматларидан бири

Имом Ибн Аннаҳвий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Бир куни Ибн Атоуллоҳ Искандарийнинг илм мажлисларига келдим. Ўша вақтда у зот ўз замонасининг тасаввуф аҳли орасида ЭНГ катта уламолардан эдилар. У кишига қараб туриб илмларига ҳавасим келди ва ичимда: бу зот қайси мақомда эканлар-а? – деб ўз-ўзимга айтдим. Шу вақт шайх гапдан тўхтаб менга қарадиларда: Эй, Ибн Аннаҳвий! Осий ва гуноҳкорларнинг мақомидаман, дедилар. Бу гапни эшитиб  хайратда қолдим ва салом бериб секин кетдим. Ўша кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот бир тепаликнинг устида турибдилар, саҳобалар у кишининг атрофларида, одамлар тўпланган. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қани Тожуддин ибн Атоуллоҳ? - дедилар. Ибн Атоуллоҳ: Мен шу ердаман, деб жавоб бердилар . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: Тур ўрнингдан ва гапир. Аллоҳ таоло сенинг гапингни яхши кўради, дедилар . Ибн Атоуллоҳ Аллоҳнинг муҳаббати ҳақида гапира бошладилар.

Алаҳсиб ўрнимдан турдим ва шу заҳоти Ибн Атоуллоҳнинг ҳузурларига югурдим. Қарасам у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида гапираётган гапларини айтиб турган эканлар. Ўзимга ўзим: Мана бу юксак мақом экан, дедим. Шунда Ибн Атоуллоҳ менга табассум билан боқиб: Эй, Ибн Аннаҳвий! Сенга махфий бўлганлари бундан ҳам буюк, дедилар.

 

Ҳомиджон домла Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

Read 1502 times

Мақолалар

Top