Мақолалар

Телефоннинг ибодатларимизга таъсири

Ҳарами шарифда намоз ўқиётганимизда бир ёш араб боланинг телефони жиринглаб қолди. Унинг юрагига ваҳима тушди. Ўша ердаги намоз ўқиб турган ҳожиларнинг ҳам фикрлари бўлинди. – Намозда телефон жирингласа, ўша ердаги намозхонларнинг диққати, албатта, бўлинади. Чунки ундан таралаётган мусиқа диққатни жалб қилиш учун қўйилган-да. – Сўнг ҳалиги бола намоз ўқиётган ҳолатида қўлини чўнтагига солди, телефонини олди ва оғзига яқин олиб келиб “мен намоз ўқияпман” деди-да, яна чўнтагига солиб қўйди. Бундай ҳолатда унинг намози нима бўлди?!

Яна бир воқеа! Инсонлар Байтуллоҳнинг эшиги олдига яқинлашиб, тавба қилиб, йиғлаб дуо қилаётганларида, шу пайт бир ўспириннинг телефони жиринглаб кетди. Унинг телефонидан ҳинд қўшиғи янгради. Эътибор қаратайлик, балки бу нарсалар айнан ибодатларимизни самарасиз бўлиши учун ҳам шайтонга қўл келмаяптимикин?!

Қанчадан-қанча кишиларни кўрамиз, тавоф қила туриб бор эътибори ибодатда эмас, Аллоҳ таолода эмас. Аксинча, телефонида, интернетда, изоҳ қолдиришда. Мақоми Иброҳимда, Ҳатим ёнида, Ҳажарул Асвад издиҳомида ҳам шу ҳолат. У ўша ибодатларни фақат жисмонан бажаряпти, холос. Унинг бор диққат-эътибори телфонида. Кимгадир хат ёзяпти ёки кимнидир эшитяпти. Ахир, ибодатнинг асл моҳияти қаерда қолди?!

Аллоҳ таолонинг марҳаматини, раҳматини фикрлаб, чин кўнгилдан тавба қилиш қаерда қолди?!

 

"Шарм ва ҳаё” китобидан

Read 1676 times

Мақолалар

Top