Мақолалар

Даврий нашрларда: Одамларнинг энг ёмони

Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзанди дедилар: “Эй отамиз! Бизлар укамизни еган бўрини сизга олиб келамиз”. Яъқуб алайҳиссалом: “Майли”, дедилар. Ваҳоланки, улар бўри гапиради деб ўйламас эдилар, буни билганларида бундай демаган бўлардилар. Шу каби банда ҳам қиёмат куни гуноҳларини инкор қилади, Аллоҳ таоло айтади: “Менда сенинг зарарингга ишончли гувоҳлар бор: икки фаришта, замон ва макон ҳамда аркон (қилинган ишлар)”.

Кўзлар қарадим дейди, қўллар ушладим дейди, терилар суйкалдим дейди, Жаббор (бўлмиш Аллоҳ таоло) кўрдим, дейди.

Улар оталарининг ҳузуридан чиқдилар ва қариган, озиб-тўзиб кетган бир бўрини ушладилар, унинг тишларини синдириб, занжирга боғлаб, оталарининг ҳузурига олиб келдилар. Яъқуб алайҳиссалом: “Эй бўри! Ўн тўрт кечалик ойдек порлаб турган юзни еганингда нақадар ёмон иш қилдинг! Ёш болага раҳм этмадинг, унинг кекса отасига шафқат қилмадинг!” дедилар.

Шунда Аллоҳ таоло бўрига саломдан бошланган нутқ ато қилди. Бўри деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Огоҳ бўлингки, пайғамбарларнинг гўштлари биз (жонзотлар)га ҳаром қилинган. Сиз гумон қилган нарсадан мен йироқман. Аллоҳга қасамки, мен билан фарзандларингиз орасида мен ҳақимда айтилган гаплар туҳмат ва бўҳтондир!”

Сўнг Яъқуб алайҳиссалом дедилар: “Эй бўри! Юсуф алайҳиссаломдан бирор хабаринг борми?” Бўри: “Ҳа”, деди. “Бўлмаса менга хабар бер”, дедилар. “Йўқ”, деди бўри. “Нима учун?” дедилар. Бўри деди: “Ор-номусдан қўрқаман, йўқса, бўрилар мени чақимчи деб номлайдилар, чақимчилик бизда ор саналади”.

* * *

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг ёмони – одамлар орасида гап ташувчилар, айбловчилик қилиб юрувчилар ҳамда чақимчилардир”.

Яна жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг шафоатим ота-онасига оқ (осий) бўлган, маст қилувчи ичимликларни ичувчи ва сотувчига ҳамда чақимчига ҳаромдир”.

Яна дедилар: “Кимки султоннинг ҳузурида чақимчилик қилса, уч тоифа кишининг айбловига йўлиқади: биринчи – султоннинг айблови, иккинчи – чақимчилик қилган кишисининг айблови, учинчи – ўз-ўзининг айблови”.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга душманлик қилманглар, ҳасад қилманглар, (ёмон) лақаб қўйманглар, шунда шафоатга муҳтож бўлмай жаннатга кирасизлар”.

Хабарда келадики, “Жаннатда инсон жинсидан ва жинлар жинсидан бошқа етти нарса бўлади: Яъқуб алайҳиссаломнинг бўрилари, Асҳоби Каҳфнинг итлари, Солиҳ алайҳиссаломнинг туялари, Узайр алайҳиссаломнинг эшаклари, Асҳоби филнинг филлари, Али розийаллоҳу анҳунинг дулдул (от)лари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирлари”.

Аҳмад ҒАЗЗОЛИЙнинг “Баҳрул маҳабба” асаридан
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби
Абдулмажид ИСҲОҚОВ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 14-сонидан

Read 1829 times

Мақолалар

Top