Мақолалар

Даврий нашрларда: Бизни нега ғийбат қилишади?

Агар тўғри йўлдан юрсангиз, ҳеч ким сизга эътибор бермайди. Мабодо, йўлдан чиқиб, ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнгга, гоҳ чапга чайқалиб юра бошласангиз, одамларнинг диққатини торта бошлайсиз.

Демак, киши ўзининг баъзи ножўя хатти-ҳаракати билан ўзгаларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳар ким ўз юриш-туришига эътиборли бўлиши кераклигига далолат қилади.

Энди мавзуга тўхталсак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят). 

Ушбу ояти каримага кўра, ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверишади? Бунга асосий сабаб, аввало, илм ёки тақвонинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, ҳасад ва ўзаро гина-кудуратнинг мавжудлигидир.

Агар ғийбатлар энг кўп учрайдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жойи ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган масканлар ҳисобланади.

Маҳалла. Кўча-кўйда баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларнинг ҳаддан зиёд бе ҳаё кийинишлари, “унаштирилган” деган баҳонада айрим йигит-қизларнинг (бир-бирига номаҳрам бўлатуриб) кўчада қўл ушлашиб юришлари ёки кимларнингдир спиртли ичимликларни ичиб, жанжал кўтаришлари ҳамда уятсиз қилиқларни қилишлари ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Иш жойи ёки корхона. Баъзи раҳбарларнинг корхона даромади ва мукофот пулларини ноҳақлик билан ўзлаштириб олишлари ҳам қўл остидагиларнинг ғийбатига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг» (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлари “юракларини бўшатиб олиш” баҳонасида ғийбатга берилишади. Раҳбарлар эса, буни билишса ҳам, ўзларини ўнглаш ўрнига уларни ичи қоралик ва кўра олмасликда айблашади.

Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб, инсонларнинг ахборот алмашинуви осонлашгани, кўпгина қийинчиликлар бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор: ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчилик ўзлаштирмагани баъзи ножўя хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировнинг обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром саналади. Аксарият одамлар кўз-кўзга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларни ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверишади.

Кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларнинг урчишига фақатгина ичиқоралик ва ҳасадгўйлик эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя хатти-ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлар экан. “Унвонул баён” китобида: “Кимнинг айби кўпайса, ғийбати узун бўлади”, дейилган. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишининг гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб: “Орқамдан гапирса – гапираверсин, гуноҳларим тўкилади”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмаслиги керак . Қуръони карим оятларида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ этинг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир», дейилади (Моида сураси, 2-оят).

Аллоҳ таоло барчамизнинг зоҳиримизу ботинимизни ислоҳ қилсин!

Аъзамжон МУСАЕВ

“Ислом нури” газетасининг 14-сонидан

Read 1636 times

Мақолалар

Top