Мақолалар

Динда саволим бор: Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган...

— Тўрт нафар қизим бор. Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган. Ҳозирда умуман хабар олмайди. Шу фарзандларнинг уволи тутади-ми? Динимизда бундай оталар ҳақида нима дейилган?

— Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:

﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50 – оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Қиз кўргани учун аёл айбдор-ми?! Кимга қандай фарзанд ато этишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Саволда кўзда тутилган эркак пасткашлик қилган, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаган, аёлини масъулликда айблаб, унга туҳмат қилган, ўзининг зиммасидаги оталик масъулиятини ҳис қилмаган, нафақа деган муҳим вожиб амални тарк этган кимса ҳисобланади. Агар у ўзини тузатиб, тавба қилиб, оиласини қайтариб олиб келмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир аҳволда қолади. Валлоҳу аълам!

Read 2131 times

Мақолалар

Top