Мақолалар

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрини 540 йил олдин охирги кўрган инсон ким?

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига дафн этилган саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Бу жой “Равзаи мутоҳҳара” деб номлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари жойлашган жой рафиқалари Оиша розияллоҳу анҳонинг уйлари эди.

Бугунги кунда “Равзаи мутоҳҳара” Мадинадаги Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари, яъни Масжидун Набавийнинг ажралмас қисми бўлиб, зиёратчилар билан доим гавжум.

Пайғамбар алайҳиссалом ва У зотнинг икки саҳобасининг қабрлари эшик ва деразасиз бир нечта деворлар билан ўралган, шунинг учун у ерга ҳеч ким тўғридан-тўғри кириш имконига эга эмас.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабри Масжидун Набавийнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган. Унинг шимолий ва жанубий томонлари 16 метр, ғарбий ва шарқий томонлари эса 15 метр.

Равзаи мутоҳҳара атрофидаги илк деворлар ҳижрий 678 йилда Зоҳир Байбарс томонидан қурилган. Улар ёғочдан ясалган ва баландлиги 3 метр эди. Ҳижрий 886 (милодий 1481) йили Пайғамбар алайҳиссалом масжидида кучли ёнғин чиқади ва ёғоч иншоотлар вайрон бўлади. Кейин Султон Ашраф Кайтбай бу деворларни бугунги кунгача сақланиб қолган, биз кўриб турган панжаралар билан алмаштиради.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрининг бир нечта эшиклари бор:

    1. Боби Таҳажжуд – Равзанинг шимолий қисмида жойлашган. Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ўқиган меҳроб;
    2. Боби Тавба – Равзанинг жанубий қисмида жойлашган;
    3. Боби Оиша ёки Боби Вуфуд – Равзанинг ғарбий қисмида жойлашган. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган қабилалар ва элчиларни қабул қиладиган жойни белгиловчи устун ёнида жойлашган.
    4. Боби Фотима – қабрнинг шарқий қисмидаги Фотима розияллоҳу анҳо уйи томон олиб борувчи эшик. Бу эшик қабр ўралган бинонинг ички қисмига киришингиз мумкин бўлган ягона эшикдир. Кириш учун фақат Саудия Арабистони ҳукуматининг рухсати билан мумкин.

Қабрнинг шарқий томонида “Саломлашиш жойи” деб номланган олтин панжарали девор жойлашган. Бу ерда зиёратчилар девордаги махсус тешиклар орқали ичкари кўринмасада назар ташлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига салом беришлари мумкин.

Ўртада келувчи айлана ва каттароқ тешик ортида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабри, ундан кейинги икки айлана тешик Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу қабрларини билдиради.

Биринчи тешик ва қолган иккита тешик ўртасида Боби Оиша, яъни Оиша онамиз ўз уйларига кириб-чиқиб юрган эшик ўрни жойлашган.

Олтин панжара устида “Ҳужурот” сурасининг 3-оятини ўқиш мумкин:

“Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари 2 қисмга бўлинган:

      1. Ташқи қисми: Фотима розияллоҳу анҳонинг уйи жойлашган жой билан қабрнинг ташқи девори орасидаги бўшлиқ.

Бу жойга фақат юқори мартабали амалдорлар ва масжид ходимлари кириши мумкин, улар бу деворга ўрнатилган пештахтани алмаштирадилар, тозалаш ишларини олиб борадилар. Ва шу жойдан ичкарироққа ҳеч ким кира олмайдилар.

      1. Ичкари томон – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларининг қабрлари жойлашган жой.

Мазкур жой Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотини Оиша розияллоҳу анҳонинг хонадонлари бўлиб, бу муқаддас хона кетма-кет учта девор билан ўралган.

Биринчи девор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида, Мадинага кўчиб келганларидан кўп ўтмай қурилган. У 91 ҳижрий йили Умар ибн Абдулазиз томонидан Каъба қурилган тошларга ўхшаш тошлар ёрдамида қайта қурилган.

Бешбурчак шаклдаги иккинчи девор ҳам Умар ибн Абдулазиз томонидан қурилган. Нега тўртбурчак эмас, ноодатий бешбурчак шаклида қурилган дейилса, бу ерни Муқаддас Каъбага ўхшатиб қўймаслик ва уни мўминларнинг саждагоҳига айлантирмаслик учун шундай қилинган. Бешбурчак девор атрофидаги пештоқли учинчи девор ҳижрий 886 йилда қурилган. Айнан шу деворни зиёратчилар панжарадаги айлана 3 та тешик орқали кўришлари мумкин.

Равзаи мутоҳҳаранинг ички қисмида, яъни биринчи деворида мутлақо эшик ва дераза йўқ. Ҳеч ким унга кириш ҳуқуқига эга эмас.

Қабрнинг бу қисмига кириб, Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларининг қабрларини 540 йил олдин ўз кўзлари билан кўрган охирги одам Масжиди Набавийда содир бўлган кучли ёнғиндан кейин тозалаш ишлари билан шуғулланган олим Али ибн Аҳмад Самҳудий эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрининг схемаси

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабри (Яшил рангдагиси)

Умар ибн Абдулазиз томонидан қурилган бешбурчак девор. Дарул Мадина музейи кўргазмаси

Ташқи девор ва 5 бурчакли девор. Дарул Мадина музейи кўргазмаси

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Каттаев Пўлатхон

Read 8653 times

Мақолалар

Top