Мақолалар

Бош қомусимиз – бахтимиз кафолати

 

Инсоният яралгандан бери муайян қонунларга, қоидаларга амал қилиб келади. Башарият тарихида қандай муваффақиятларга, натижаларга эришилган бўлса, шубҳасиз, бу борада қонунларнинг, тартиб-қоидаларнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода мамлакатимизда ҳам барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан натижаларга Бош Қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро  тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади. Пировардида эса ўша юртда тинчлик-осойишталик, хотиржамлик барқарор бўлади.

Бугун мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари икки карра бахтиёрдир. Чунончи, Парвардигорнинг инояти ила Ватанимиз истиқлолга эришганига чорак асрдан зиёдроқ вақт бўлди. Халқимиз ўзига, ўзлигига қайтиб, порлоқ келажак сари имон-эътиқод, ишонч ва умид билан одимламоқда. Бу, албатта, Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳаётбахш нормаларда инсон манфаатлари устувор эканлигининг амалдаги инъикосидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-соддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб белгилаб қўйилган.

Бу қоида Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз  тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), оятига каримасига ҳамоҳангдир.

Аллоҳ таоло инсониятни шундай яратди. Аслида, У зот барчамизни бир миллат қилса ҳам бўлар эди. Лекин Буюк Раббимиз ҳар хил миллат қилди. Нима учун? Бир-биримизни таниб, ўзаро гўзал муомала қилиш учун турли миллат қилиб қўйди. Чунки оятда: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз  тақводорроғингиздир”, дейилган. Шу боис биз бир-биримиз билан аҳил, иноқ бўлиб яшашимиз шарт.

Мамлакатимизда фақат Ислом динига эътиқод қилувчилар эмас, айни пайтда бошқа дин вакилларига ҳам алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади. Зотан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бошқа дин вакилларини ҳурмат қилганлар.

Жумладан, Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Макка фатҳи куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига ўз оталарини кўтариб олиб келдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кекса одамни (овора қилмай) ўзимиз уйи­га бориб кўрган бўлар эдик”, деб марҳамат қилдилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эса бир уйнинг олдидан ўтиб кетаётиб, кекса кўр киши тиланчилик қилиб турган экан. Оҳиста унинг қўлидан туртиб, сўрадилар:

– Қайси диндансан?

– Аҳли китобман, – деди.

– Тиланчиликка нима мажбур қилди?

– Жизъя, муҳтожлик ва ёшим.

      Умар розияллоҳу анҳу унинг қўлидан тутиб, уйига олиб кетди ва баъзи нарсалар берди. Сўнг хазинабонни чақириб, унга деди: “Манави инсонга ҳамда шу кабиларга эътибор қил. Худо ҳаққи, буларга инсоф қилмабмиз. Ёшлигида (жизьясини) олибмиз-ку, қарилигида хорлаб қўйибмиз”, деб, уни ва у кабиларни солиқдан озод қилдилар.

Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг қатор моддаларида дин ва виждон эркинлиги белгилаб берилган. Унда халқимиз менталитетига мос ишонч-эътиқод, адолату инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, асосий қомусимизда юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Бу эса бир юртда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшашига замин яратади.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

Read 1703 times

Мақолалар

Top