Мақолалар

ТЕЛЕФОНИМИЗ  ОДОБЛАРИ

(“Сиз терган рақам хизмат доирасида...”)

Ислом – ғоят гўзал дин. Барча замон ва ҳамма маконларга мос. Гўзаллиги шундаки, динимиз ўз таълимотлари билан инсониятнинг бахтли-саодатли яшашини очиқ-ойдин кўрсатиб берган. Шу кўрсатмаларга риоя қилган кишининг қайғуриши у ёқда турсин, ҳатто бир лаҳза бўлса-да, ноқулай вазиятга тушиб қолмаслиги кафолатланган.

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Муборак ҳадиси шарифни бежиз келтирмадик. Чунончи, бугун кўплаб оилаларга дарз кетиб, Аршнинг ларзага келишига, маъсум гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишига, ўсмирларнинг боши берк кўчага кириб қолиб, жиноятга қўл уришига, қизлар баҳорида хазон бўлишига мобил телефон сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас...

Аслида муборак Ислом динимизда шахснинг дахлсизлиги юқори даражада ҳимояланган. Бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки тортиб олиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз хаттоки назар солиш ҳам мумкин эмас! Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробардир”, – деганлар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Бугун бировнинг мобил телефонидаги СМСлар ва ҳоказоларга назар солишнинг ҳукми ҳам шундай!

Бутун бошли ўрмоннинг куйиб кул бўлишига бир гугурт донаси кифоя қилганидек, жамиятнинг таназзулга учрашига ҳам, минг афсуски, арзимас омил ва баҳоналар сабаб бўлаётир... Қолаверса, халқ орасида юриб, уларнинг мурожаатлари, саволларини тинглаб, мобил телефондан тўғри (!) фойдаланилса, кони фойда экани, акс ҳолда, бу матоҳ аср муаммосига айланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис динимиз таълимоти асосида мобил телефондан фойдаланишнинг тартиб-таомиллари, қоидаларини келтириб ўтишни лозим топдик.

Миллий ва диний қадриятларимиз асоси бўлган Ислом динимизнинг ЭНГ МУҚАДДАС ва ЭНГ ОЛИЙ китоби бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “ҳаёт энциклопедияси”да учрайдиган барча саволларга аниқ, батафсил ва мукаммал жавоб бор!

 

Энг аввало унутмаслик лозимки:

1)   телефон орқали бизни чақираётган ҳам одам;

2) рўпарамиздаги одам билан мулоқот қилганда, нималарга эътибор қаратсак, телефонга жавоб беришда ҳам шуларни инобатга олиш лозим;

  • аввало бошқа телефонга эгасининг рухсатисиз мутлақо тегмаслик;
  • агар эгаси рухсат бермаса, бошқа телефонни “СМС”, “ИМЕНА”, “КОНТАКТЫ” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;
  • беҳуда, манфаати йўқ, динимиз қайтарган нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • шариат ҳукмларига, миллий қадриятларимизга ва давлат қонунларига зид нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • нохуш, кўнгилни хира қиладиган, асабга тегадиган ва инсон руҳиятига салбий таъсир этадиган воқеа-ҳодисаларни телефонда тасвирга олмаслик ёки овозини ёзмаслик ва уларни тарқатмаслик;
  • катта-кичик мажлислар, турли хил йиғин-йиғилишлар, ўзаро суҳбатлар ва турли мулоқотларни мажлис-йиғин раислари, суҳбатдошларнинг рухсатларисиз телефонга ёзиб олмаслик;
  • бировнинг гаплашганини эшитмаслик ва пойламаслик;
  • бошқага қўнғироқ қилаётган одам кун ва кечанинг соатларини инобатга олиб, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;
  • бошқага қўнғироқ қилганда ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, такроран қилинмайди. Агар етказилмоқчи бўлган хабар тезкор, ўта муҳим, жуда ҳам зарур бўлса, ёзма шаклда юборилади;
  • суҳбатдош одам телефонни ўчирмаган бўлса, қизиқиб эшитиб турмасдан, дархол телефонни ўчириш;
  • ҳаммом, хожатхона жойларда телефонда гаплашмаслик;
  • транспорт воситаларини бошқариб кетаётган одам имкон қадар телефонни ишлатмаслик;
  • суҳбатдош одамни телефонда вақтини кўп олмаслик;
  • бизга телефон қилинган пайтда, ёнимиздагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш, агар зарур бўлса;
  • телефонга келган қўнғирок, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларга ўз вақтида жавоб қайтараолмаган одам, кейинроқ албатта муносиб жавоб қайтариш;
  • телефонга келган хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларни жавобсиз қолдирмасдан, имкон бўлганда муносиб жавоб қайтариш;
  • телефонга келадиган ҳар қандай ёқимсиз гап-сўз, хабар (хат, қўнғирок, савол ва ҳоказо)ларга ўзимизни ҳам, суҳбатдошни ҳам, бошқаларни ҳам асабларини бузмасдан, хушмуомала билан ўзимизга ҳам, суҳбатдошга ҳам, бошқаларга ҳам ёқимли жавоб қайтариш;
  • суҳбатдошларингиз ва бошқа одамлар олдида телефон ўйнамаслик, айниқса ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар олдиларида. Чунки бундай қилиш – суҳбатдошга нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик ҳисобланади. Агар зарурат туғилиб қолса, суҳбатдошга узрини айтиб, рухсат сўраб телефон билан машғул бўлинади;
  • биринчи телефон қилаётган одам: «Ким бу?» демаслик. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўрашлик;
  • ота-онасининг телефонини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб беришлик;
  • ука-сингилларига ҳам телефон олиб беришлик;
  • ака-опаларининг телефон сотиб олишга имконлари бўлмаса, уларга ҳам телефон олиб беришлик;
  • аҳли аёлига ҳам телефон олиб беришлик;
  • улар (ота-она, ука-сингил, имконияти камроқ ака-опа ҳамда аҳли аёли)га телефонларининг пулларини тўлаб туришлик;
  • «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзлари билан бирга «Лаббай?», «Эшитаман?», «Ассалому алайкум!», «Қулоғим сизда?» каби миллий қадриятларимизга хос ва мос иборалар бор эканлигини унутмаслик;
  • телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дархол ўчирмасдан, балки суҳбатдош билан хайрлашиб, унга яхши тилаклар тилагандан сўнг телефонни ўчиришлик;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонда сўзлашганда ҳам, ўрнидан туриб сўзлашиш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефонда сўзлашганда ҳам, биринчи салом бериш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефон қилганда, улар сўрашларидан олдин ўзининг кимлиги (исми, лавозими)ни айтиб таништириш;
  • суҳбатдошнинг вақтини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)дан олдин телефонини ўчирмаслик;
  • телефон қилинган одам телефонни биринчи бўлиб ўчирмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га гудок ташламаслик;
  • агар улар шундай қилган бўлишса, дарҳол уларга қайта телефон қилиш;
  • суҳбатдошнинг рухсатисиз бошқаларга эшитиладиган даражада заруратсиз телефонни овозини баланд қилмаслик;
  • телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, биринчи бўлиб телефон қилган одам қайтадан телефон қилиши лозим;
  • телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилиб қолишса, сўзлашиб турган одамдан узр сўраб, дархол уларга жавоб берилади;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефон қилганда, мабодо алоқа узилиб қолса, биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;
  • суҳбатдошнинг шахсий маълумот (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини унинг рухсатисиз бошқаларга кўрсатмаслик, бермаслик ва юбормаслик;
  • суҳбатдош билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун суҳбатдошнинг розилигини олиш; агар рухсат бермаса, ёзиб олмаслик;
  • бир киши билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлган одам, олдин у кишидан изн сўраб, рухсатини олиш; агар рухсат бермаса, сурат ё видеога тушмаслик;
  • бир кишини сурат ё видеога олмоқчи бўлган одам ҳам, олдин у кишидан изн сўраб, рухсатини олиш; агар рухсат бермаса, сурат ё видеога олмаслик;
  • телефон орқали кўриб гаплашиш учун аввал суҳбатдошнинг олдидан ўтиб, унинг розилигини олиш; агар рухсат бермаса, кўриб гаплашмаслик;
  • телефон орқали кўришиб гаплашиш учун суҳбатдошнинг розилигини олишда унга гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
  • агар суҳбатдош томонидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат уларнинг ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларнинг рухсатларини олишда уларга ҳам гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини билдириб қўйиш;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хохиш билдирилмаса, улардан узр сўрашлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан сўзлашганда, уларнинг ҳурматларини билиб, вақтларини ортиқча олмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилган бўлишса, бирор узрли сабаб билан телефонни ололмаган одам, дарҳол узр сўраб қайта телефон қилиш;
  • сиз телефон қилган вақтда ҳам бошқалар ололмаган бўлсалар, улардан асло хафа бўлмаслик;
  • жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, поезд, автобус ва ҳоказо)ларда бўлганда телефон овозини ўчириб қўйишлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан телефонсиз сўзлашганда, телефон овозини ўчириб қўйишлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилиб қолишса, ёнимиздагилардан узр сўраб, ким телефон қилаётганини айтиб, телефонга дарҳол жавоб беришлик;
  • касалхона ва ҳоказоларда бўлганда телефонда гапириш тўғри келса ҳам, паст овоз билан сўзлашиш;
  • жамоат жойларда бўлганда, шу ердагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш, агар зарур бўлса;
  • зарур бўлган ҳолатлар: ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилганларида ёки тезкор ҳолатли иш содир бўлганда ва ҳоказо;
  • телефонга жавоб берса ҳам, четроқга чиқиб, овози пастроқ ҳолда жавоб бериш;
  • ота-онаси, раҳбари, устози, ёши, лавозими юқорироқлар билан сўзлашиб турганда, шулардан бирортаси телефон қилиб қолса, рухсат сўраш, рухсат берсагина гапиришлик.

Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, туҳмат ва буҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш – ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа!

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, турли оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда мазкур сўзлар жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак...

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

                                                                                                         

 Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Read 4038 times
Tagged under

Мақолалар

Top