Шайх Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен шайх Шамсиддин ибн Қамоҳани ўзининг Абул Аббосий Мустағфирийдан (ҳадис) жамланмаси устида топдим, шунда у (менга бир ҳадисни қандай ўрганганини) ҳикоя қилиб: “Мен имом Абу Ҳомидил Мисрийдан илм излаш орзусида, Мисрга боришга қарор қилдим. У зот билан кўришганда Холид ибн Валиддан ривоят бўлган ҳадисни сўзлаб беришини сўрадим. У зот мени бир йил рўза тутишга буюрди. Бир йил рўза тутиб, сўнгра ўша мақсад илинжида яна у кишининг ҳузурларига қайтдим. Шунда у зот менга ўз шайхидан то Холид ибн Валидгача бўлган санад ила у ҳадисни айтиб берди”, деди. Ушбу ҳадис қуйидагича эди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу айтадилар:
— Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у кишига:
— Мен сиздан дунё ва охират ҳақидаги баъзи нарсаларни сўрамоқчиман,-деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сенга маълум бўлмаган нарсалар ҳақида сўра.—дедилар.
— Эй Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен одамларнинг олимроғи бўлишни хоҳлайман?!
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга тақво қил, одамларнинг олимроғи бўласан!—дедилар.
— У: Инсонларнинг мол-дунёси кўпи бўлишни яхши кўраман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан! — дедилар.
— У: Мен инсонларнинг афзалроғи бўлишни ёқтираман?! — деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Инсонларнинг яхшиси — уларга фойдаси тегадиган кишидир, инсонларга манфаат етказувчи бўлгин!—дедилар.
— У: Инсонларнинг одилроғи бўлишни яхши кўраман?!- деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга яхши кўрган нарсани, бошқа одамлар учун ҳам яхши кўр, инсонларнинг одилроғи бўласан!—дедилар.
— У: Мен Аллоҳга инсонларнинг хосроғи бўлишни хоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ зикрини кўпайтир, Аллоҳ таолога бандаларнинг хосроғи бўласан!—дедилар.
— У: Эҳсон қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга Уни кўриб тургандек, агар ундай қилолмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қил.—дедилар.
— У: Иймоним комил бўлишини ёқтираман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади!—дедилар.
— У: Тоат қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳнинг фарзларини адо қилгин, тоат қилувчилардан бўласан!—дедилар.
— У: Қиёмат куни нурли ҳолда ҳашр қилинишимни яхши кўраман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга зулм қилма! Қиёматда нурли ҳолда ҳашр қилинасан!—дедилар.
— У: Роббим таборака ва таоло менга раҳм қилишини яхши кўраман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга ва Аллоҳнинг яратганларига раҳм қил, Аллоҳ сенга раҳм қилади!—дедилар.
— У: Гуноҳларим оз бўлишини хоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга истиғфор айт, гуноҳларинг камаяди!—дедилар.
— У: Одамларнинг карамлироғи бўлишни ҳоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ҳақида унинг халқига шикоят қилма, инсонларнинг карамлироғи ва улуғроғи бўласан!—дедилар.
— У: Ризқимни кенг бўлишини хоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Доимо таҳоратли бўлгин! Ризқинг кенгайтирилади!—дедилар.
— У: Аллоҳ ва Унинг расулига суюкли бўлишини хоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган нарсаларни яхши кўр, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ғазаб қилган нарсага сен ҳам ғазаб қил!—дедилар.
— У: Аллоҳнинг норозилигидан омонда бўлишни хоҳлайман?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга ғазаб қилма, Аллоҳнинг ғазаби ва норозилигидан омонда бўласан!—дедилар.
— У: Аллоҳ айбларимни яширишини истардим?!—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарларинг айбини яширсанг, Аллоҳ сенинг айбларингни яширади!—дедилар.
— У: Менинг хатоларимни ўчириб юборадиган нарса нима?—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши, хузуъва касалликлар!—дедилар.
— У: Аллоҳнинг наздида яхшиликнинг қайси бири афзалроқ?—деди.
— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳусни хулқ , тавозеъ, балоларга сабр қилиш ва қадарга рози бўлиш!—дедилар.
— У: Аллоҳнинг наздида қайси гуноҳ улкан?—деди.
— У зот: Ёмон хулқ ва бахил бўлиш!—дедилар.
— У: Роҳманнинг ғазабини сўндирадиган амал нима?—деди.
— У зот: Махфий садақалар қилиш ва силаи раҳм!—дедилар.
— У: Жаҳаннамни ўтини нима ўчиради?—деди.
— У зот: Рўза!—дедилар.
Манбалар асосида
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади