Мақолалар

Фарзандларимиз ойнадаги аксимиздир

Болалар секин-аста бу иллатларга боғла­ниб қолади. Виртуал олам қаршисида соат­лаб ўтиради. Бу эса бора-бора ота-онанинг гапига қулоқ солмаслик, қайсарлик, данга­салик, ёлғончилик ва менсимаслик каби иллатларни авж олдиради.

Англиялик шифокорлар мобиль телефоннинг организмга зарари кўплигини, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлишини исботлашди. Лондонлик шифокор Вини Курана телефоннинг салбий таъсири билан боғлиқ мия саратони болаларни ҳам четлаб ўтмаётганини, агар бунга эътиборсиз қаралаверса, яқин 10 йил ичида саратондан ҳалок бўладиган болалар сони ошиб кетишини билдирган.

Испаниядаги невродиагностика илмий текшириш институти олимларининг фик­рича, 11–13 яшар болалар қўл телефони орқали икки дақиқа гаплашса, уларнинг бош миясидаги биоэлектрик ўзгаришлар телефонни қўйгандан кейин ҳам икки соатча сақланиб қолар экан. Болалардаги безовталанган мия фаолияти руҳий муаммоларга, ўқиш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Бундан ташқари, мобиль телефонлар болаларнинг организмига, бўйининг ўсишига, иммунитетига, диққатини жам­лашига салбий таъсир кўрсатади. Қола­верса, телефондаги ўйинларни узлуксиз ўйнаш оқибатида болаларда умуртқа по­ғонасининг қийшайиши, кўз хасталик­лари кузатиляпти.

Узоққа бормайлик, яқин танишимнинг 4 ёшли боласи телефонда турли ўйинлар ўйнайди. Оқибатда бола жуда қайсар, таъсирчан, жаҳлдор, тез хафа бўлиб қоладиган одат чиқарган. У ўйинларда совуқ қурол билан бир-бирини ўлдириш каби саҳналарни кўрган бола беихтиёр пичоқни ҳам ўйнаса бўлади, деб ўйлаган. Онасидан ошхона пичоғини беришини, уни ўйнашини айтган. Оила аъзоларига ҳам қўпол муомалада бўлиб, уларни беҳурмат қила бошлаган. Бу ўйинлар унинг саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатиб, бола кўзини пирпиратадиган одат чиқарди. Ота-онаси хавотирдан шифокорга мурожаат қилишди. Шифокор болага анча вақт муолажа қилгандан сўнг телефон, компьютер, ҳатто телевизор кўришни ҳам тақиқлади.

Ҳозир эрталабдан-кечгача “беозоргина” бўлиб компьютер ва Интернетдан бош кўтармайдиган авлод пайдо бўлди. Улар қандай нарсаларни кўраётгани кўпинча ота-оналарни қизиқтирмайди. Афсуски, айнан мана шу бепарволик мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда. Мисолларга мурожаат қилайлик.

Жорий йил 11 май куни Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияда даҳшатли воқеа содир бўлди. 19 ёшли Ильназ Галявиев мактабга кириб етти нафар ўқувчи ва ўқитувчини отиб ташлади.

Бундан бир-икки йил олдин АҚШнинг Кентукки штатидаги мактабларнинг бирида Майкл исмли ўн тўрт ёшли бола уч нафар мактабдошини отиб ўлдиргани, яна беш ўқувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида ўқигандим. Аниқланишича, ўспирин қонли саҳналарга тўла телефон ва интернет ўйинларига муккасидан кетган экан. Колорадо штатида ўн икки нафар мактабдоши ва ўқитувчисининг ҳаётига зомин бўлган Эрик Харрис ва Виллан Клеболд оқибатда ўз жонларига қасд қилишган.

Бола неча ёшидан мобиль телефондан фойдалангани маъқул?

Шифокорларнинг таъкидлашича, ўн ёш­гача бўлган болаларнинг бош мия, кўз, қу­лоқ, асаб ва суяк тизимлари ҳали тўла шакл­ланмаган бўлади. Уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб, асабийлашишга олиб кела­ди, ўқувчи­ни ва унинг атрофидагиларни машғулотлар­дан чалғитади. Ҳиндистонда ўн олти ёшгача бўлган болаларнинг уяли телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Япония, Франция ва Испанияда ҳам болаларнинг мобиль телефондан фойдаланишида чек­ловлар ўрнатилган. Мутахассисларнинг фик­рича, уяли телефондан фойдаланиш меъёри бир марталик суҳбат учун уч дақиқа атрофида бўлиши, ўн олтига кирмаганларнинг бир марталик суҳбати икки дақиқадан ошмаслиги зарур. Суҳбатлар орасидаги оралиқ 20–25 дақиқа бўлганда уяли телефоннинг салбий таъсири камаяди. Болалар бир суткада 30 дақиқадан ортиқ гаплашмаслиги лозим.

Қандай чора қўллаш керак?

Фарзандларимиз ойнадаги аксимиздир. Улар энг кучли тақлидчи. Сизда қандай ҳаракат бўлса, улар ҳам айнан такрорлайди. Энди тасаввур қилинг, бола уйда онаси билан ёлғиз қолади. Она бола кўз ўнгида телефонда соатлаб гаплашади ёки ўйин ўйнайди ё бўлмаса ижтимоий тармоқларда ўтиради. Бола бу ҳаракатларни диққат билан кузатади. Оқибатда... Шу пайт фарзандингизга қаранг! Ҳа, топдингиз! У ҳам телефонда гап­лашишни бошлаб юборган. Шунда ойнадаги аксингизга кўзингиз тушади. Бежизга доно халқимиз: “Қуш уясида кўрганини қилади”, демаган. Фарзандингиз сиздан андоза олади. Яхши амалингиз сингари ёмон одатлар ҳам бир хилда таъсир этади. Болангизда салгина ёмон одат пайқашингиз билан буни қаердан ўргандинг, деб ажабланасиз. У ҳали ташқи оламга тўла-тўкис чиққани йўқ. Сизнинг оилангизда, сиз яратган муҳитда ва айнан сиздан ўрнак олиб вояга етмоқда. Демак, ягона чора аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимиз, мавжуд камчиликларимизни тўлдиришимиз, ёмон одатларга барҳам беришимиз лозим.

Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларнинг улуғи – вақт ва умр. Вақтимиз, умримиз ва саломатлигимизни икки дунёмиз учун фойдали ва манфаатли бўлган хайрли амаллар билан бойитайлик. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир” (Имом Табароний ривояти).

Дилфуза РАҲИМЖОН қизи

Read 2036 times

Мақолалар

Top