Албатта дин насиҳатдир. Уларнинг айримларидан мисол тариқасида Луқмони Ҳакимнинг ўз ўғилларига қилган насиҳатларидан келтирамиз. Ушбу насиҳатлар Қуръони каримда Луқмони Ҳаким тилларидан келтирилади.
Насиҳатларнинг энг биринчиси шикрдан қайтаришдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: "Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир"» (Луқмон сураси, 13-оят).
Шундан сўнг, Луқмони Ҳақим ота-онанинг ҳаққини адо этишни насиҳат қилади. Ота-онага яхшилик қилишга ва гўзал муносабатда бўлишга, агар гуноҳ ишга мажбурлашмаса, уларга итоат этишга, ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмасликка чақирилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да) дунёда яхши муомалада бўлгин" (Луқмон сураси, 15-оят).
Сўнгра Луқмони Ҳаким ўғлига Аллоҳ таоло ошкору махфий ҳар бир нарса билиб турувчи Зот экани, бир зум бўлса-да Аллоҳ таолонинг кузатиб турганлигини ёддан чиқармасликни насиҳат қилади: (Луқмон яна деди): "Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир" (Луқмон сураси, 16-оят).
Кейин Луқмони Ҳаким ибодат, хусусан намозга оид ҳамда амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ва мусибатларга сабр этишни насиҳат қилади: "Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!..." (Луқмон сураси, 17-оят).
Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган сўнгги насиҳат одамлар билан муомала қилиш ахлоқ ва одобига тегишли бўлиб, унда очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик, бақириб гапирмаслик ҳақида сўз боради.
"Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас" (Луқмон сураси, 18-оят).
"(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир" (Луқмон сураси, 19-оят).
Аллоҳ таоло Луқмони Ҳаким ҳақида бундай марҳамат қилади: "Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир" (Луқмон сураси, 12-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД