Мақолалар

Неъматларнинг ичида энг буюкларидан бири эса – тинчликдир.

Ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло ато этган неъматлар шундай беҳисобки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларнинг шукрини адо этиш эса ҳар бир кишининг бандалик бурчи ҳисобланади. Шукроналик энг аввало, Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилишда, унга тоат ва илитжода бўлишдадир.

Теран фикр юритиб кўрсак, бизга ато этилган неъматларининг завол топишига ношукрлик, гуноҳ каби амалларимиз сабаб бўлади. Зеро, бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қисангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Неъматлар шукри, уни қай тарзда адо этиш борасида Пайғамбаримиз cаллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа хотин”.

Неъматларнинг ичида энг буюкларидан бири эса – тинчликдир. Унинг қадрига шукроналик билан етилади. Уни асраб авайлаш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги бурч бўлиш билан бирга, пайғамбарларнинг суннатидир.

Ҳадиси шарифда “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилган.
Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”  У  “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.

Тарихда тинчликни бузилишига аксар холларда жамиятни диёнатдан узоқлашгани, Маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб,ёш авлодни юксак мъанавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз зарур.

Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, ёмон иллатлар, бегона ёт ғоялар тарқалишини олдини олади.

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида хадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида  бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида урушлар, ноҳақ қон тўкишлар еки табиий офатлар туфайли хотиржамлигини йўқотган халқлар ҳам бор.

Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз...”, дейилган. Бу ояти каримадан эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишининг бош омили экани маълум бўлади.

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг Бақара сураси 191-оятидаги “...Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деган кўрсатмада янада ойдинлашади.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.
Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган кескинлик ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида дунё ва минтақамизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарб саналади.

Aҳиллик ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти ва халқ фаровонлигининг асосидир. Аллоҳ инсонларни турли миллат қилиб яратиш билан бирга, уларни тинч-тотув, аҳил яшашларини хоҳлайди. Шу ўринда Имом Бухорийнинг қуйидаги ҳадисини келтириб ўтишимиз жоиз: Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингиз билан аччиқлашманг, ҳасад қилманг, тескари қараб кетманг. Эй, Aллоҳ таолонинг бандалари! Бир-бирларингиз билан ака-ука бўлинглар. Ҳеч бир мусулмон киши ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юриши жоиз эмасдир”, дедилар.

Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуруддин Холиқназаров ҳазратларининг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик – осуда ҳаёт, фаровон турмуш пойдевори” номли мақоласида билдирилган фикрлага халқимиз эътиборини яна бир бор қаратишларини сўраган бўлар эдим. Чунки, бугунги осуда ҳаётимиз қадри, уни асраб авайлашнинг аҳамияти, бу борада ўзаро аҳил ва иноқликнинг зарурлиги хусусида чуқур маъноли фикрлар билдирилган. Унда жумладан, “Демак, юртдаги тинчлик ва барқарорлик халқимиз фаровонлиги асосидир. Инсон ўзига берилган неъматнинг қадрини мулоҳаза қилиш ва мушоҳада юритиш орқали, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди. Тинчлик ва барқарорлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардир”, дейилиши орқали шукр фазилатининг кўплаб жиҳатлари баён қилинган.

Мақолада билдирилганидек биз дин пешволари, уламолар ва  имом-хатиблар ҳам ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз ва муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

 

Самарқанд вилояти бош имом хатиби – Зайниддин Эшонқулов

 

 

Read 2321 times
Tagged under

Мақолалар

Top