Мақолалар

Офият ва омонлик қадри бебаҳо

Огоҳлик

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бугунги глобаллашган мураккаб даврда барчамиз ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёткор ва зийрак бўлишимиз даркор. Боиси, бир томондан, башариятга ижтимоий иллатлар, ғоявий таҳдидлар хавф солаётган бўлса, иккинчи томондан, ҳар хил офатлар, балолар, ваболар одамларнинг ҳаётида турли муаммоларни юзага келтирмоқда.

Биргина мисол, коронавируснинг “Omicron” штамми дунё аҳолисини яна қийин аҳволга солиб қўйди. Пандемиянинг янги тўлқини авж олаётган мамлакатлар карантин чеклови орқали касаллик тарқалишига тўсиқ қўймоқда. Германияда ниқобсиз юриш тақиқланди, Францияда бустер-доза билан эмланиш учун 7 ой муддат берилди, Грецияда эмланмаган фуқаролар жаримага тортила бошланди. Демак, бутун дунёда вазият мураккаб тус оляпти.

Шу боис 2022 йил 15 январдан эътиборан Республика махсус комиссияси қарори асосида юртимизда бир қатор карантин чекловлари ўрнатилди. Бундан мақсад — вирусдан одамларимизни муҳофаза қилиш, ундан кам талафотлар билан чиқиш.

Ислом дини манбаларида ишора қилинганидек, бу дунё — синов ва имтиҳон майдони. Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Ушбу оят тафсирида Имом Шаъровий раҳимаҳуллоҳ: “Аслида, инсонларнинг бошига синовлар келиши ёмон эмас, балки синовлардан ўта олмаслик ёмон. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у машаққатларга бардош бера олмайдиган киши учун ёмон. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши учун имтиҳонлар яхшиликдир”, деганлар.

Ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан экани динимизда баён қилинган. Унга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Киши қандай синов бўлмасин, розилик ила қабул қилиши мусибатларни мардонавор енгиб ўтишнинг гўзал муолажасидир.

Илм аҳллари, воизлар, нотиқлар бир ҳадиси шарифни жуда кўп тилга оладилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси — сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти).

Сўнгги йилларда ушбу ҳадиси шарифни ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этишини англаб етдик. Инсоният гоҳида ўзида бор неъматнинг қадрига етмайди. Саломат ва хотиржам бўлган киши турмуш ташвишлари, чек-чегараси йўқ орзу-ҳаваслар кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги, тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат аттанг қилади ва соғлиғини йўқотиш эвазига топган нарсаси орзу-ҳавас олдида ҳеч вақо эканини англаб етади.

Мазкур ҳадис мазмунига уйғун равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...саломат вақтингизни касаллик келишидан олдин ғанимат билинг...” (Имом Термизий ривояти), деб огоҳлантирдилар.

Сиҳат-саломатликдан баҳраманд бўлган кишигина бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, қолганлари беҳуда, татимайди. Шунинг учун инсон бу неъматни қўлдан бермаслик, унга путур етказадиган ҳар қандай омиллардан ўзини сақлаши зарур.

Мана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилди. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар масканларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъкидланади.

Шундан келиб чиқиб, мўмин-мусулмонлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш ёки юқишидан эҳтиёт бўлиш учун мутахассислар тавсияларига қатъий амал қилишлари лозим. Инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш шариатимиз мақсадларидан саналади. Шу нараларга зарар етадиган ҳолатларда дин ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади. Жумладан, касалликка қарши вакцина олиш ҳам хасталикдан сақланишнинг муҳим чораси ҳисобланади. Чунки биз учун ҳаётимиз қанчалик муҳим бўлса, соғлиғимизнинг ҳам аҳамияти шунчалик каттадир.

Ҳақ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадиси муборакда шундай баён қилинади: “Расул алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?” деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Юқумли касалликка дучор бўлиш ҳолатлари ортиб бораётган, унга қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилаётган муҳим паллада ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, вакцина билан эмланиши, шу билан бирга, Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган янги тартиб-қоидаларга амал қилиб, ўзи, яқинларимиз, қолаверса, юртдошларимизнинг соғлиғини сақлаши зарур.

Таассуфки, айрим кишилар бундай тартиб-қоидалар ва тавсияларга риоя қилиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемия қоидаларини бузмоқда. Карантин талабларини бузиш нафақат қонун ҳужжатлари, балки динимиз кўрсатмаларига ҳам риоя этмаслик ҳисобланади. Бундай кимсалар, аввало, ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганларини, юртдошларимиз орасида вирус кенг тарқалишига сабабчи бўлишларини теран англаб етишлари зарур. Ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъул. Аллоҳ таоло Каломи шарифида: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб қатъий хитоб қилган (Бақара сураси, 195-оят).

Коронавирус — инсоният учун Яратганнинг бир синови. Ҳақ таоло бандаларига бирор қийинчилик юборса, албатта, унинг ортидан яхшиликни ҳам ирода қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз бир қийинчиликдан кейин, албатта, икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда бундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди”.

Ҳар бир синов ортида Аллоҳнинг ҳикмати яширин. Жалолиддин Румий: “Ҳар торлик ортида кенглик, ғамлар ортида шодлик бор. Ғам-ташвишларнинг калити — сабр”, деган ҳикматни айтганлар.

Худога шукрки, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз шундай синовларни Ҳақ таолонинг нусрати ва раҳмати ила енгиб ўтмоқда.

Ўлкамизда ҳукм сураётган осуда ҳаёт бардавом бўлиши учун тинчликнинг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Неъматлар шукр билан зиёда бўлади. Зеро, ояти каримада: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб баён қилинган (Иброҳим сураси, 8-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга гўё дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, кимки эрталаб уйғонганида ўзи ва аҳли саломат ҳолда бўлса, дастурхонида бир кунлик таоми бўлса, энг бой одам шу экан. Алҳамдулиллаҳ, хотиржам ухлаб-уйғониб, бола-чақамизни таълим-тарбияга йўллаб, ўзимиз ишга, ўқишга бориб келяпмиз. Бир кунлик эмас, ҳатто бир ойлик насибамизга етарли захира қилганларимиз кўп. Шундай экан, биз Расул алайҳиссалом айтган дунёни тўлиғича олган энг бахтли кишилармиз.

Инсон берилган неъматнинг қадрини мулоҳаза ва мушоҳада қилиш орқали, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамлик туфайлидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишни замон андозаларига мос ҳолда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки глобаллашув жараёнлари юқори суръатда кечаётган бугунги давр инсон онгу қалбига қаратилган таҳдидлар, дин ниқоби остидаги хуружлар тобора кучайиб бораётгани билан ғоят мураккабдир.

Бугунги таҳликали замон, узоқ ва яқин ҳудудлардаги нотинчликларнинг ўзи воқеликка теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, дунёда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Қуръони каримда бундай хитоб қилинган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани тушунилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш. Аҳли сунна вал жамоада мустаҳкам туриб, тафриқага бормаса, Аллоҳ ундан рози бўлади.

Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида саҳобалар бир оят тиловати ҳақида баҳслашиб қолдилар. Бирлари: “Бундай ўқилади”,  деса, бошқалари: “Ундай ўқилади”, дейишди. Набий алайҳиссалом уларнинг иккисини ҳам ислоҳга чақириб: “Ихтилоф қилманглар. Ихтилоф қилсангиз, Аллоҳ қалбларни бир-бирига ихтилофли қилиб қўяди”, дедилар.

Набий алайҳиссалом уммати эканмиз, фирқаларга бўлинмасдан, бизга омонат қолдирилган мана шу динда собитқадам туришимиз керак. Ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлишимиз зарур. Айниқса, ҳозирги даврда турли сабаб ва омиллар билан низо чиқаришга ҳаракат қилаётган томонлар кўпайиб бораётган бир паллада осойишталикни таъминлаш учун астойдил қайғуриб, яшашни даврнинг ўзи тақозо этаётир.

Тинчлик ва саломатлик ҳатто жаннатда ҳам янграйди. Аллоҳ таоло Қиёмат куни жаннатга кирган бандаларига: “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” деб марҳамат қилади (“Ҳижр сураси”, 46-оят).

Солиҳ бандалар жаннатга илк қадамларини қўяётганларида Яратган Парвардигор уларга “Саломатлик, тинчлик билан киринг”, дейди. Демак, жаннатдаги қанчадан-қанча қасрлар, анҳорлар, мевалар, хуллас, нимаики неъмат бўлса, барчаси мавжуд. Қодир Зот аввал бошда бу неъматлардан истеъмол қилиб, роҳатланинглар, демади, балки, биринчи навбатда, сизлар бу ерда тинч-омон бўласизлар, деб зикр этди. Чунки банда хотиржамлик боис роҳат олади. Агар тинчлиги бўлмаса, ҳеч бир неъмат татимайди, фақат тинчлик сабабли инсон фаровон ҳаёт кечиради, ибодатда ҳузур-ҳаловат топади.

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётларига назар солсак, бирор марта шикоят қилмаганларини кўрамиз. Ҳолбуки, туғилмасларидан олдин оталари, гўдаклик чоғларида оналари вафот этди. Аввал боболари, сўнг амакилари қарамоғида улғайдилар. Фотима онамиздан бошқа барча фарзандларини ўзлари дафн қилдилар. Бу дунёда инсон бошига тушиши мумкин бўлган мусибатларнинг ҳаммасини бошларидан ўтказдилар. Лекин бирор марта шикоят қилмадилар. Ҳамиша шукрга даъват қилдилар.

Сўзим якунида Набий алайҳиссаломнинг: “Саломни ораларингизда кенг ёйинглар” (Имом Муслим ривояти), деган сўзларини келтиришни лозим топдим. “Салом” яъни “Ассалому алайкум” — тинчлик, сиҳат-саломатлик демак. Бу калом билан бошқаларга тинчлик-хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, офият тилаймиз. Орамизда саломни ёйишимиз керак. Шунда бир-биримизга меҳрли, оқибатли бўламиз, имонимиз комил бўлади. Эътиқоди мукаммал кишиларга жаннат муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, олижаноб халқимизни турли бало ва касалликлардан Ўз паноҳида асрасин!

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

 

Read 2837 times

Мақолалар

Top