Мақолалар

Умрага боришга тайёрмисиз?

 Умра сўзи қандай маънони англатади? “Умра” сўзининг луғавий маъноси “зиёрат”, шаръий маъноси Байтуллоҳнинг махсус зиёратидир.

 

Умра қандай ибодат? Умра динимизда Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва оралиғида етти марта саъй қилишдир. Ҳанафий мазҳабида умр давомида бир марта умра қилиш – суннати муаккададир. Умра улуғ савобларга эриштирадиган ибодатдир.

 

Умрада қандай амаллар бажарилади? Умра амаллари қуйидагилар:

  • Эҳромга кириш.
  • Каъбаи муаззамани тавоф қилиш.
  • Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш.
  • Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Ҳажнинг шартлари умра учун ҳам шартдир.

 

Умра ибодатини бажариш учун қандай ният қилинади? Умранинг нияти:

“Аллоҳумма инний урийдул умрата фаяссирҳа лий ва тоқаббалҳа минний. Навайтул умрата ва аҳрамту биҳа лиллаҳи таола”.

Маъноси: Аллоҳим, мен умра қилмоқни ирода қилмоқдаман. Уни менга осон эт ва қабул айла. Умрани ният қилдим ва Аллоҳ таоло учун умрага эҳром боғладим.

 

Умранинг суннат амаллари қайсилар? Умранинг суннатлари:

– Эҳром боғлаш олдидан ғусл қилиш;

– Эҳромга кириш олдидан хушбўйликлар суртиш;

– Талбия айтиш;

– Тавоф ул-қудум қилиш;

– Тавофни узлуксиз етти марта адо этиш

– Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш;

– Саъйда таҳоратли бўлиш.

 

Зиёратчи сочини қачон ва қандай қисқартиради, аёллар-чи? Зиёратчи саъйни адо этиб бўлгач, сочини таги билан олдиради ёки қисқартиради, афзали таги билан олдиришдир. Аёллар сочларини бармоқнинг бир бўғими миқдорида қисқартирадилар. Улар учун афзали сочларининг ҳаммасини бир жойга тўплаб туриб, учидан бир бармоқ бўғимича қисқартиришдир. Сочни олдириш ёки қисқартириш бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда вожиб амаллардандир, уни тарк қилган киши қурбонлик сўйиши лозим бўлади. Мана шу билан умра ибодати тамом бўлади ва шундан сўнг эҳром ман этган ҳамма нарса мумкин бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3120 times
Tagged under

Мақолалар

Top