Мақолалар

Дунёни одамийлик ва яхшилик обод этади

Бир майизни қирқ бўлиб еган халқмиз. Бағрикенглик, инсонпарварлик қон-қонимизга сингиб кетган. Айниқса, эл учун оғир, машаққатли ва синовли кунларда халқнинг саховатпешалиги, инсонпарварлиги, меҳр-оқибати янада яққол намоён бўлади. Тарих бундай воқеликларга кўп гувоҳ бўлган.

Яқин ўтмишга мурожаат қилсак ҳам, ўтган аср ўттизинчи йилларидаги мудҳиш очарчилик йилларида Тошкент, демакки бутун Ўзбекистон юртимиз хориждаги минг-минглаб оч одамлар учун нон шаҳрига айланганини эсласак бўлади. Ёхуд Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз турли миллатларга мансуб минглаб болаларни ўз қанотига олди. Оталик, оналик муҳаббатини улардан дариғ тутмади. Силаи раҳм, шафқат, ҳиммат, эъзозу эътибор, бағрикенгликнинг намунаси эди бу.

  Инсон бор экан, ҳаёт бор экан, синовлар билан яшайди. “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу” деганларидек, ҳаёт бизни турли куйларга солади, синовлардан ўтказади, тоблайди. Ана шу синовларда кимнинг кимлиги дарров аён бўлади, қолади.

Куни-кеча Марказий Осиё ягона энергия тизимидаги авария туфайли бир неча соатларга “свет” бўлмаслиги кўпчилигимизни синовдан ўтказди. Кўрдик, миллатнинг бошига ташвиш тушса, фақат нафсини ўйлайдиганларни. Қилдан қийиқ ахратадиган айрим кимсаларнинг “энди бир неча кун чироқ бўлмайди”, қабилида ижтимоий тармоқларда бўҳтон ахборот, миш-мишларни тарқатиши сал бўлмаса аҳоли ўртасида саросима, ваҳималарни келтириб чиқариши мумкинлигига ҳам гувоҳ бўлдик.

Таассуфки, одамларнинг иложсиз ҳолатидан моддий манфаат топишни кўзлайдиганлар, пул деса, иймонини, виждонини сотадиганлар асл юзини кўрсатди.

Эскиларнинг гапи бор: ким нимадан фойдаланиб, пул қилса, ўша топган пулини шунга сарфлайди, дейилади. Агар одамларнинг мусибатидан пул қилса, топган пулини бир куни ўз мусибатига сарфлайди. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Бу гаплар, йиллар давомида тажрибадан ўтган гаплар. Исломда «иҳтикор» деган нарса бор, бу монополия қилиб олиш дегани. Айрим маҳсулотларнинг нархини сунъийлик билан кўтариш. Тўплаб олиб, бир бало келганида уни қиммат нархда чиқариб сотиш ҳаром. Аксинча, арзонлаштириб сотса, Аллоҳ молига, давлатига барака беради. Барака инсофда, афсуски, ичимизда шундай инсонлар ҳам бор экан. Ўз нафси йўлида хиёнат қилади. Уларни хиёнатчи дейиш хато бўлмайди. Ким ватанпарвар, ким динпарвар, ким фидойи эканини мусибатда, қийинчиликда билинади.

Яна қайсидир юртдошимиз ижтимоий тармоқларда “бироқ бутун бошли мамлакатнинг электр энергиясиз қолиши яқин йилларда кузатилмаган”лигини ҳам айтишаяпти. Аммо энергия ҳосил қилиш, уни бир маромда ушлаб туриш, миллионлаб одамларни электр қуввати билан узлуксиз таъминлаш машаққат эканлигини, авария содир бўлишида биз, истеъмолчиларнинг ҳам айбимиз борлиги, ундан тежаб-тергаб фойдаланмаслигимиз, истеъмол маданиятига риоя этмаслигимиз ҳам сабаб бўлганини ҳаёлимизга ҳам келтирмадик... Хуллас, зимистон тун ортда қолди. Ҳаёт яна ўз маромида давом этмоқда. Бундай кутилмаган ҳодисалар ҳамма жойда, ҳамма юртда учрайди. Шуларни кўра била туриб, инсондан, давлатдан қийиқ ахтарамиз.

  Бизни инсон қудратига боғлиқ бўлмаган бундай авариялар эмас, балки инсон руҳиятидаги бузилишлар, имон, меҳр-оқибат тушунчаларининг ҳаётимиздан узоқлашиши ташвишга солиши керак. Нега моддиятни маънавиятдан устун қўйишга одатландик? Нега, эл бошига иш тушган вақтинчали ташвишлар қаршисида талмовсираб қолаяпмиз?  

Одамларнинг чироқ бўлмаган куни бозор ва дўконларда тўлиб-тошиб ётган оби-ҳаётни литрлаб саросима ва ваҳимада уйларига ташиган ҳолатларни эслаш  бироз ғалати. Гўёки очкўзлик хуружи авж олгандек. Бу мисоллар орқали “сочлар оқаради, тишлар тўкилади, кўзлар кўрмай ва қулоқлар эшитмай қолади — фақат очкўзликкина қаримайди” деган сўзларнинг маъносини яна бир карра англагандек бўласан киши.   

Одамлар орасида ваҳима уйғотиш шайтоннинг васвасаси. Шайтон васвасаси билан одамлар бир-бирида ваҳима уйғотади. Қолаверса, бир-бирларига асосланмаган хабарлар, ёлғон тарқатиш – бу катта гуноҳ. Асос йўқ. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом инсонлар орасида, ҳатто ҳазиллашиб ҳам қўрқув уйғотишдан қайтарганлар. Саҳобалардан бирлари, жанг ўртасидаги дам олиш вақтида озгина ухлаб турганларида, сафдошлари камон ўқларини яшириб қўйишди. Уйғониб қараса, ўқлари йўқ, қўрқиб кетдилар. Улар кулишди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳолни кўриб, ҳазиллашиб қўрқитиш ҳам дуруст эмаслигини айтдилар. Ваҳима қилиш ҳам қўрқитиш-да. Ижтимоий тармоқларда у-бу деб ёзиб, қўрқув уйғотиш ўрнига, одамларни осойишталикка чақириши, “Аллоҳ таолога дуо қилайлик, унинг қадарига рози бўлайлик, ўзимизни эҳтиёт қилайлик”, дейиш чин мусулмоннинг вазифаси. Келинг, шундай пайтларда озгина ақлимизни ишлатайлик, «бу хабар тўғрими ўзи, буни бировларга тарқатишимдан менга қандай фойда, шуни ҳовлиқиб бошқаларга тарқатмасам бир жойим камайиб қолмайдику, ёлғон нарсани тарқатиб, гуноҳга ботиб қолмай” деб ўйлаб олайлик. Биз инсонмизку ахир, онгли мавжудотмиз, ҳайвонлардан фарқимиз ҳам айнан онгимиз, ақлимиз борлигида. Илтимос, ўзимизни тарбиялашга ўрганайлик, айниқса ҳозирги шароитда.

Тўғри, бу билан халқимиз орасида меҳр-оқибат, силаи раҳм кўтарилган, демоқчи эмасмиз. Кўпчилик одамийликни унутмаган. Коронавирус пандемияси оғир кунда ҳам охирги нонини ёрдамга муҳтожлар билан баҳам кўришга ўрганган халқ эканлигимизни намойиш этди. Меҳридарё одамлар  ўзлари ёрдамга, мададга муҳтож бўлса ҳам, ўзгаларга қўлдан келганча мададкор бўлишни фарз деб билди. Бу қадриятларимиз ҳали ҳам миллатимизнинг шаъни каби улуғ эканлигидан далолатдир. Меҳрибонлик ўшандай оғир кунларда яна бир карра синовдан ўтди.

Азал-азалдан бир-бирини кўрмаса туролмайдиган, сал  бетоб бўлиб қолса қўшнисини тансиқ таом билан кириб кўрмагунча кўнгли тинчимайдиган, Худо кўрсатмасин, бировнинг бошига оғир мусибат ёки жудолик тушиб қолгудек бўлса, тунларни бирга бедор ўтказадиган, таскин, тасалли учун сўз тополмайдиган олижаноб халқимиз бор. Йиқилганни суяш бизга ота-бобомиздан мерос қолган.  

Биз нега бугун меҳр-оқибат, ҳалоллик, эзгуликдан гап очдик? Гап шундаки, орамизда бировлар ташвишидан, қайғусидан пул ишламоқчи, манфаат кўрмоқчи бўлганлар учраб турибди. Мақсад уларни яхшиликка, эзгуликка даъват этиш. Агар жамиятдаги шундай камчиликларни даволамасак, яра янада катталашади. Бу ҳар қандай жамиятни маънавий таназзулга олиб боради. Шундай экан, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш, динимизнинг талаби. Зеро, дунёни одамийлик ва яхшилик обод этади.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари.

 

Read 2574 times

Мақолалар

Top