Мақолалар

Амир Темур топган ҳикматлар...

Биз кўпинча хориждаги маданий меросимиз, турли сабаблар билан чиқиб кетган асарларимиз ҳақида қайғурамиз. Қўлимиздаги бор манбаларни ўрганиш эса ҳамиша ҳам хаёлимизга келавермайди. Қуйида бобокалонимиз Амир Темурнинг «Темур тузуклари» китобидан парчалар бериб борамиз.

Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни (кўнглини овлаб) дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу кенгаш ва тадбирларни қўлладим.

Пирим менга ёзмишларким: «Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни:
1) (ўзинг билан) кенгаш; 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёткор бўл. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишларию айтган гаплари хато бўлган жоҳил кимсага қиёслаш мумкин; унинг сўзлари ва қилмишлари бошга пушаймонлик ила надомат келтиргай. Шундай экан, салтанатни бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбир билан иш юритгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан.
Яна шуни ҳам билгилким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. (Хуллас) тадбирлардан огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай. Вассалом».

Бу мактуб менга йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилди. У менга салтанат ишларининг тўққиз улуши машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англатди. (Донишмандлар) демишларким, ўз ўрнида қўлланган тадбир билан кўплаб лашкарнинг қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, фавж-фавж аскарларни енгиб бўлур.
Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради.

Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик (Тангрининг) мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен кенгашиб ва тадбир юритган ҳолда икки юз қирқ уч киши билан Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қалъа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Лекин Тангри таолонинг ёрдами етиб, ўзим қўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қалъасини эгалладим.

Шундан сўнг, амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан устимга бостириб келиб, мени Қарши қалъасида қамал қилдилар. Мен Тангрининг мададию иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқиб, қулай фурсатларда бир неча марта жангга кирдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг ергача қувиб бордим.

Яна тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. (Шунинг учун) пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам (унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин) айтганларидек, ҳар бир ишни қилишга киришар эканман, аввал обдан ўйлаб, (амирларим билан) кенгашдим.

Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасунлар.

Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири – тил учида айтилгани, иккинчиси – дилдан чиққани. Тил учида айтилганини (шунчаки) эшитардим. Дилдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олгач, кейин Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим. Туғлуқ Темурхон олдига боришдан аввал Қуръонни очсам, «Сурайи Юсуф» чиқди ва Қуръони мажид ҳукмига амал қилдим.

uza.uz

Read 2715 times

Мақолалар

Top