Мақолалар

Бобур покмазҳаб, художўй шахс бўлган

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қисқа умри давомида ғоят нотинч, бесаранжом ҳаёт кечирган. Ниҳоятда зийрак, нозиктаъб, синчков Бобур кўрган кечирганлари ҳақида бебаҳо ҳазина – “Бобурнома”ни ёзиб қолдирган.
Ҳар қандай соҳа, фан кишиси асардан ўз қизиқишига тааллуқли бирор ибратли воқеа, лавҳа ўқиб, ҳайратга тушиши табиий. “Бобурнома”ни ўқир эканмиз унда айрим воқеалар кишига ғайритабиий туюлиб, кўз ўнгимизда муаллифнинг улуғвор сиймоси янада юксалгандек бўлади, у чиндан-да сирли, самовий бир шахс сифатида гавдаланади.

Бобур покмазҳаб, художўй шахс бўлган. Ҳаётда кўп қийинчиликлар, хиёнатларга дуч келган, изтироб чеккан. Ночор, ноилож қолган пайтларда энг аввал Аллоҳга илтижо қилган, ёрдам ўтинган. Қуйида “Бобурнома”да Бобурнинг ўзи қайд қилган икки дуоси ва уларнинг натижасини кўриб чиқамиз.

Тасаддуқ: Бобур кўп фарзанд кўрган. Уларнинг ҳар бирини алоҳида меҳр билан суйган. Саргардон ҳаётида ўн бир фарзандидан жудо бўлган. Ўзи истагандай катта давлат тузиб, ниҳоят тинчлик осойишталикка ҳам эришади. Аммо яна “толеъи йўқ”лик қилиб, янги оғир кулфатни тайёрлаб турган қисмат олдида ожиз бўлиб қолади. Севимли фарзанди, тахт вориси оғир хасталикка чалингани ҳақида хабар етади. Ҳумоюн бу вақтда Ҳиндистоннинг Самбал вилоятида ҳоким бўлиб турган эди. Валиаҳддан кейин туғилган тўрт фарзандини тупроққа қўйиб, яккаю ягона фарзандининг ўлим тўшагида ётиши шўрлик онани қаттиқ қайғуга солади.

Бобур дарҳол шаҳзодани Аграга – ўз ёнига олиб келишларини буюради. Беҳуш шаҳзодани Самбалдан Деҳлигача тахтиравонда, ундан Аграга кемада олиб келишади. Шаҳзоданинг аҳволи жуда оғир, иситма зўридан ўзини билмай тинимсиз алаҳлаб ётарди. Мамлакатнинг энг билимдон табиблари ҳам ночор бош чайқашдан нарига ўта олмади. Бобур умидсизликка тушади. Шунда яқин амирларидан бири Амир Абулқосим Ҳумоюннинг жонига тенг қимматбаҳо нарсани садақа қилишни таклиф этади. Зора Аллоҳ даргоҳида қабул қилиб, шаҳзоданинг дардига шифо берса, дейди.

Амир Абулқосим, шубҳасиз, Ҳумоюн қўлида сақланаётган Кўҳинур олмосини назарда тутганди. Бобур бундан кўра қимматбаҳороқ нарса ўзининг жони бўлиши мумкинлигини англаб, Ҳумоюннинг мендан қиммабаҳороқ нарсаси йўқ. Унинг учун мен ўз жонимни қурбон қиламан деган қарорга келади. Сарой аъёнларининг эътирозига қарамай, Ҳумоюн ётган хонага кириб, унинг атрофини уч марта айланади ва “Неки дардинг бўлса мен кўтардим, сен учун жоним Аллоҳ йўлига садақа бўлсин” деб хитоб қилади.

Бобурнинг ўзи эътироф этишича, ўша заҳоти у оғир тортади, мўжиза юз бериб Ҳумоюн енгил бўлиб кўзини очади, бир оз ўтиб ўрнидан туриб, бошидан сув қуяди ва аҳвол сўраб келгучиларни қабул қилади. Маълум муддат ўтиб, Бобур ўзига келиб дуоси қабул бўлгани учун шукроналар айтади. Орадан уч кун ўтиб вафот этади. Ҳумоюн эса падари бузрукворидан сўнг яна 30 йил умр кечиради. Бу воқеани кейинчалик Бобурнинг тарихчи қизи Гулбаданбегим ҳам “Ҳумоюннома”да эслаб ўтади.

Бобур ўз табиати билан мард, олийжаноб, саховатли шахс бўлган. Кечиримли бўлган, аммо ярамас, калтабин, хиёнаткор кишилардан қаттиқ нафратланган.

Темурий шаҳзодалар хизматида бўлган хиёнаткор Хусравшоҳ исмли амирга нисбатан Бобур айтган лаънат ҳам ижобати билан диққатга лойиқ: “Ҳар кишиким шундоқ шаниъ (разил) ҳаракатга иқдом қилғай (қадам қўйгай) ва ул кишиким бундай эҳтимом (рағбат) қилғай юз минг лаънатдур домани (то) қиёматгача: ҳар ким Хусравшоҳнинг бу афволини (феъл атворини, хиёнаткорлигини) эшитиб лаънат қилмоғон ҳам сазовори лаънат бўлсун” (“Бобурнома”дан).

Бобурдай шахснинг бу қадар ғазаб ва қарғишига қолган Хусравшоҳ аслида ким бўлган? Хусравшоҳ Бобурнинг амакиси, темурий Султон Маҳмуд Мирзо (1453- 1495)нинг хизматидаги амири ҳамда унинг ўғли Султон Масъуд Мирзонинг бек аткаси бўлган. Кичик беклик лавозимидан секин-аста кўтарилиб улуғ амирликка эришган Хусравшоҳ хиёнатга юз тутади. Ҳисор ҳокими бўлиб катта ҳудуд ва кўп сонли қўшинга эга бўлади. Мавқеи кучайиб Султон Маҳмуд Мирзо вафот этганда унинг хазинасини эгаллашга уринган, аммо темурийларга содиқ амирлар қаршилик қилгач, Ҳисорга қочиб кетади.

Темурий шаҳзодалар ўртасидаги низодан фойдаланиб тахтга даъвогарлик қилган. Ўзи хизмат қилган темурийларга кўрнамаклик қилади, тахтга ўтириш илинжида ўзи бек аткалик қилган Султон Масъуд Мирзонинг кўзига мил торттиради. Бу билан ҳам қаноатланмай Бойсунғур Мирзони Балхга биргаликда ҳужум қилиш баҳонасида алдаб чақириб олади ва ўлдиртиради. Бу воқеаларни эшитган Бобур унга лаънат ўқиган.

Бобур Шайбонийхон билан жангда мағлубиятга учраб Самарқандни ташлаб чиққанда унинг кўпгина амирлари Хусравшоҳ хизматига ўтиб кетади. Бобур Кобулга юриш бошлаганда, Хусравшоҳдан ёрдам сўраб элчи юборади, бироқ Хусравшоҳ катта имкониятга эга бўла туриб, унга ёрдам беришни истамайди. Бобур Кобулда салтанатини мустаҳкамлаб олгач, барча беклари яна унинг хизматига қайтади. Хусравшоҳ хизматидаги мўғул беклари ҳам Бобур томонига ўтади. Натижада Хусравшоҳ узр сўраб элчи юборади.

Бобур унинг шунча ёмонлигидан кейин ҳам уни авф этади ва моли ва жонига омонлик беради, аммо Хуросондан чиқиб кетишни буюради. Хусравшоҳ соғ-омон чиқиб кетади, аммо уни Бобурнинг дуоибади қувиб етади. У Қундузга юриш қилганида Ҳамза султонга асир тушади ва боши кесилиб Хоразмда турган Шайбонийхонга жўнатилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, аҳлоқ одоб, яхшилик, вафо, ҳалқини севиши унга яхшилик қиладиган қилиб тарбиялаш, меҳнат аҳлини қадрлаш, инсонпарварлик, Ватандан жудолик ғам-алам эканлиги, адолат ҳақидаги қарашлари, аҳлоқий таълимий фикрлари ҳозирги давр ёшлари тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Шунингдек, Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Бобур бошқарган Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзади: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди.”

Дарҳақиқат, она заминимизда туғилиб ўсган, келажакда тақдир тақазоси билан ўзга юртда шоҳ бўлиб, уни том маънода гуллантирган, катта силжишларга чорлаган, умрининг охирги кунларигача Ватан соғинчи билан яшаб, бу ҳақида кўп бора қалам тебратган буюк Ватандошимизнинг ҳаёт йўли ва серқирра ижодини ўрганиш, ундан ибрат олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Озода АКБАРОВА,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси услубчиси, ЎзА

Read 2012 times

Мақолалар

Top