Мақолалар

АҚШдаги Оқ уйда Қуръон тиловат қилган биринчи қори

Шайх, қори Маҳмуд Халил Хусорий 1917 йилнинг 17 сентябрида Миср Араб Республикасининг Ғарбия вилоятидаги Тонто шаҳрида жойлашган Шибра ан-Намла қишлоғида таваллуд топди. Унинг отаси бўйра тайёрлаб сотарди. Бўйрани арабчада “хасир” дейишади. Шунинг учун у кейинчалик «Хусорий» тахаллуси билан машҳур бўлди.

Маҳмуднинг болалик ва ёшлик йиллари отасига тирикчилик ишларига ёрдам бериш билан ўтди. Орада Қуръони каримни ёд олишни бошлади ва саккиз ёшидаёқ мураттаб қори бўлиб етишди. У Тонтодаги диний маъҳадда таълим олди. Сўнгра “Ал-Азҳар” университетининг Қуръон илмлари факультетига ўқишга кириб, Қуръони  каримни ўн хил қироатда тиловат қилиш услубини мукаммал ўрганди.

Маҳмуд Халил Хусорий бошқа Қуръон ҳофизларидан қуйидаги саккиз йўналишда энг кучли, етук ҳофизи Қуръон эканлиги билан ажралиб турарди:

  1. У 1961 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Осимдан ривоят қилинган “Хафс” қироатида тўлиқ ҳолда ўзининг овозида аудиотасмага ёздирди.
  2. 1964 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Нофеъдан ривоят қилинган “Варш” қироатида тўлиқ ҳолда ёздирди.
  3. 1968 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Қолун ва Абу Амр ал-Басрийдан  ривоят қилинган “ад-Дурий” қироатида тўлиқ ҳолда аудиотасмага ёздирди.
  4. 1969 йилда Қуръони карим тиловатидан дарс  ўқитиш (Қуръон муаллими) услубида  тўлиқ ҳолда тиловатини аудиотасмага биринчи бўлиб ёздирди.
  5. 1975 йилда йилда Қуръони карим тиловатини тафсири билан тўлиқ ҳолда ўз овозини лента тасмасига биринчи бўлиб ёздирди.
  6. 1977 йилда  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи саналади.
  7. 1978 йилда  Лондондаги Қироллик қасрида  Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи саналади.
  8. АҚШдаги  Оқ уйда   Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи ҳам саналади.

 Қуръони каримни тажвид қоидаларига биноан комил қилиб, хуш овози билан тиловат қилиши Маҳмуд Халил Хусорийни бутун дунёга машҳур қилиб юборди. У 1944 йили Миср радиоси ташкил этган қорилар танловида икки юз нафар қори ичида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳоннинг энг кучли қориларидан бири эканини исботлади.

Шайх Маҳмуд Халил Хусорий Қуръон ҳофизи бўлибгина қолмади, тинимсиз изланишлар, чуқур тадқиқотлар эвазига Қуръони карим ҳомилига, яъни, Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга маъноларини тушуниб, уни ҳаётга татбиқ этувчи, унга амал қилувчи етук шахсга айланди.

1961 йилда Миср Араб Республикасининг собиқ президенти Жамол Абдуносир томонидан "Миср қорилари шайхи" деган буюк унвон берилди.

1965 йили шайх ҳазратлари Миср Вақф ишлари вазирлигига Қуръони карим масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасига тайинланди.

1967 йилда Қуръони карим соҳасида илмий-тадқиқот ишлари учун у кишига “Қуръон фанлари доктори” деган унвон берилди.

Машҳур қори Маҳмуд Халил Хусорий кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, ўша мамлакатлар мусулмонларининг Қуръони карим билан боғланишларини мустаҳкамлаш, Илоҳий каломни тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш ҳамда қорилар тайёрлаш ишларида уларга холисона кўмаклашди.

Қуръон ҳофизи Маҳмуд Халил Хусорий 1980 йил 24 ноябрда вафот этди. Вафотига қадар 55 йилга яқин Қуръони карим илмлари соҳасида фаол  хизмат кўрсатди. Унинг Қуръони каримни дунёга ёйиш соҳасидаги хайрли ишларини бугунги кунда Миср ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги юзлаб шогирдлари давом эттиришмоқда.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими.

Read 2591 times

Мақолалар

Top