Мақолалар

Довуд алайҳиссалом рўзаси

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳунинг узлуксиз рўза тутишидан хабар топдилар. Кейин унга: “Ҳар ойда уч кун рўза тутишинг етарли бўлади”, дедилар. Абдуллоҳ эса: “Бундан кўпига ҳам тоқатим етади”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳафтада икки кун рўзадор бўлишинг етарлидир”, дедилар. Абдуллоҳ яна: “Мен бундан кўпига қодирман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, сен учун энг яхши рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. У зот алайҳиссалом бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар”, дедилар. Сўнг: “Ҳар кечада Қуръони каримни хатм қилишингдан хабар топдим. Мен умринг узун бўлиб, Қуръон қироатидан малолланиб қолишингдан хавотирдаман. Қуръонни ойда бир маротаба ёки ўн кунда бир бор, ёхуд уч кунда бир бор хатм қилгин”, дедилар. Яна насиҳатларида давом этиб: “Мен рўза тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга никоҳланаман. Ким суннатимдан бош тортса, мендан эмас”, дедилар.

Амр ибн Ос Набий алайҳиссалом ҳузур­ларига ибодатларида муболаға қилаётгани учун ўғли Абдуллоҳдан яна шикоят қилиб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аб­дуллоҳга: “Сенга буюрган нарсамни қил ва отангга бўйсун. Албатта, аёлингнинг сенда ҳаққи бор. Кўзингнинг сенда ҳаққи бор. Баданингнинг сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер”, дедилар.

Абдуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан таълим олишни давом эттирди. Мажлисларини қолдирмади. У зот алай­ҳиссаломдан ота-онага итоат – Аллоҳга итоат; Холиққа маъсият бўлганида махлуққа итоат йўқ; дин енгиллик, қийинчилик эмас; ибодатларда ўрталикни тутиш Исломнинг асоси; амалларнинг энг яхшиси ўртача ва давомийлиги; илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз экани кабиларни ўрганди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Масжиди Набавийда ҳамроҳлари билан бирга ўтираркан, олдиларидан Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумо ўтди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Само аҳли учун ер аҳлидан энг суюкли кишининг хабарини беришимни истайсизми? Бу инсон ҳозиргина олдимиздан ўтган Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумодир. Сиффин кунидан бери менга бирор нарса демади. Мендан рози бўлиши, мен учун қизил неъматдан яхшироқ эди”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр дўсти Абу Саид Худрий билан Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумони зиёрат қилишга келишиб олди. Икки биродар учрашди. Имом Ҳусайн:

– (Сиффин куни) Муовия билан чиқишингга нима мажбур қилди?

– Ўшанда отам Амр ибн Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Абдуллоҳ кундузлари рўза тутиб, тун бўйи намоз ўқийди”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эй Абдуллоҳ, намоз ўқи ва ором ол, рўза тут ва оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Отангга итоат қил”, дедилар. Сиффин куни отам менга улар билан чиқишимни ёлвориб сўради. Сўзларини қайтаролмадим. Лекин ҳеч кимга қарши қилич кўтармадим, найза отмадим, ўқ узмадим.

*  *  *

Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу умрининг сўнгги кунларида: “Қани энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатларини қабул қилганимда эди”, деб кўп бора орзулади.

Мўмин, обид, мард, қасами ва ваъдасига содиқ Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳунинг тили доимо Аллоҳнинг зикри билан намланарди. Рўза тутиб намоз ўқирди. Шундай бўлса ҳам доимо: “Қанийди Сиффинда иштирок этмаган бўлсам...” дер эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

 

Манбалар асосида

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журнали 3-сон

Read 2294 times

Мақолалар

Top