Мақолалар

Жаҳоний эътироф

Буюк ватандошимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини нафақат Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари, айни пайтда бутун Ислом олами юксак эҳтиром билан тилга олади. Мисрлик олим, Қуръон ҳофизи “Ал-Азҳар” университети мударриси Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон марҳум Шайх ҳазрат ҳақида мақола ёзиб, нашр эттирибди.
Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон 1993 йили Мисрнинг Жиза вилояти Саф қасабасида дунёга келган. "Ал-Азҳар" университетининг Қуръон, қироатлар ва Қуръон илмлари куллиясини тамомлаган. Айни пайтда шу куллияда талабаларга Қуръони каримдан сабоқ бериб келмоқда.
Шу мақолани таржима қилиб, сиз азизларга ҳам илиндик.

ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ НАЗДИДА РУҲИЙ ТАРБИЯ


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари умрини илм ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган мужтаҳид уламолардан ҳисобланадилар. У киши илм ва тақвода юксак мартабага эришдилар. Илмни амал билан, фикрни сулук билан уйғунлаштирдилар. У зотнинг ҳаётида ажойиб туҳфалар, фаол изланишлар, улкан ижод ва илм яққол намоён бўлди.


Фазилатли Шайх, мужтаҳид уламо Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шахсиятларига оид энг муҳим хусусиятлардан бири шуки – мен у кишининг таржимаи ҳоли ва фаолиятини ўганиш асносида шунга амин бўлдим – у киши руҳий тарбияга ва нафсни поклашга жуда катта аҳамият берганлар. Булар у кишининг дарсларида, маърузаларида ва китобларида яққол намоён бўлган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки инсон руҳий тарбиясиз, нафсни енгмасдан туриб истиқомат (тўғри йўл)да бўла олмайди ҳамда улуғ даражага эришиши мумкин эмас.


Чунончи, руҳий тарбия руҳни поклайди, нафсни тозалайди. Шу боис Ислом мунтазам равишда самарали руҳий тарбия билан машғул бўлишга буюрган. Аллоҳ таоло Шамс сурасида бундай марҳамат қилади: «(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!»(9–10-оятлар). Яъни руҳий тарбиянинг фазилатлари махфий тутилди. Илм ва амалсиз у (нафс) покланмайди.


Исломда руҳий тарбиядан – нафсни поклашдан – мақсад шуки, нопок нафсдан пок нафсга кўчиб ўтишдир. Саргардон руҳдан Аллоҳ таолони танувчи, У Зотга бандалик бурчларини бекаму кўст адо этувчи руҳга айланишдир. Мана шундан келиб чиқиб, руҳий тарбия ҳар бир шахснинг ва жамиятнинг барча аъзоларининг кундалик амалига айланиши зарур.


Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари шу йўлда тинимсиз ҳаракат қилиб, халқини, юртдошларини руҳий тарбияга даъват қилдилар ва уни кенг ёйишга интилдилар. У киши Мовароуннаҳрнинг ҳар бир ўлкасида шу ишни амалга оширдилар. Айниқса, кўп йиллар (70 йил) ҳар жабҳада – диний, ахлоқий, маданий ва мафкуравий жиҳатдан – коммунистлар таъсири остида бўлган (ва ҳозир истиқлол нашидасини сураётган) халқ учун руҳий тарбия жуда муҳимдир.


Шайх ҳазратлари руҳий тарбия фақат илм, сўнгра амал билан рўёбга чиқишини чуқур англаганлар. У киши жидду жаҳд қилиб, муборак даъватлари асносида Аллоҳ таоло ато этган илм, ҳикмат ва басират билан илмни кенг ёйдилар. У зотнинг ўзлари бу жараённи “диний саводхонликни ошириш” деб атаганлар.


Шундан келиб чиқиб, жаҳолат барча фитна ва ёмонликларнинг сабабчиси, зулмат ва зарарларнинг манбаидир. Инсонлар борлиқ ҳақиқатларидан, дин далилларидан бехабар бўлишса, бу уларнинг ўзларини, ҳақиқатларини ва Раббиларини унутишга олиб келади. Шу билан бирга, Аллоҳ яратган фитратларидан чиқиб, айнишга юз тутади.


Гуноҳларнинг турлари, жиноятларнинг навлари кўпаяди. Бундан жисмлар титрайди. Болаларни ўлдириш, ёшларни қатл этиш нима учун? Нурлар сирри бўлган ҳақиқатларни яшириш нечун? Ер юзини қамраб олган зулмлар, қон тўкишлар ва разолат кимга керак? Бу разолат ва тўнтаришлар, ҳар хил ҳалокатли жиноятлар инсонларни зулматга ирғитади. Уларнинг гўзаллигини, камолотини йўққа чиқаради. Чунки яратилиш (фитрат)нинг гўзаллиги камолотни, салоҳиятни тақозо этади. Унинг йўллари нажотга элтади.

Агар имон чашмалари қуриса, Раҳмоннинг қўшини бўлган зикр узилса, инсон нафсини гуноҳларга ва ҳалокатга ташласа, бу муқаррар хусрондир. Булар Аллоҳ таолонинг: «(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!»(9–10) оятлари шарҳидир.
Шайх раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ўзларининг ихлос ва самимиятга тўла ҳаракатлари, бетакрор асарлари билан руҳий тарбия илмини ёйишга ва нафсларни поклашга муваффақ бўлдилар. Бу жараёнда у кишининг дарслари, маърузалари ва китоблари жуда манфаатли бўлди.


“Дарслар” деганда, у кишининг Ливиядан қайтиб, Имом Бухорй номидаги Тошкент ислом институтида мударрис, сўнгра мудир бўлганлари назарда тутилди. Шайх ҳазратларининг дарслари ва маърузалари шариат илмларига ва руҳий тарбияга йўналтирилган бўлиб, бу орқали шариат ва ҳақиқат рўёбга чиқди.


Даъватга келсак, Шайх раҳимаҳуллоҳ юриш-туришда ҳам, хулқ-атворда ҳам барчага ўрнак эдилар. Моҳир мураббий, ҳассос мутафаккир эдилар. Олий хулқлилиги ва гўзал шамоиллари туфайли у киши инсонларнинг қалбларидан чуқур ўрин эгаллаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз даъватлари ва манҳажларида барчага тимсол эдилар. Набий алайҳиссалом хитобларида севилган, рисолатни етказишларида садоқатли эдилар. Буларнинг барчаси гўзал хулқларида намоён эди. Шундан келиб чиқиб, у зотнинг меросхўрлари (олимлар)га ҳам тазкираларда ва илмни одамларга етказишда мазкур нарсаларга риоя қилиш вожибдир. Ҳатто хилоф аҳлига қарши курашишда ҳам шулар билан васфланиш зарур.


Инсоф билан, мукамал хулқ ила ақлга путур етказадиган, имонни заифлаштирадиган нарсалардан узоқ туриш керак. Ваъз қилиб, балога қолувчилар бор. Кўп ваъз қиладиганлар топилади. Ваъз қилиб нафратлантирадиганлар бор. Ваъзларимиз кўплаб муаммолар туғдириши мумкин. Буларнинг барчаси биз буюрилган гўзал сўзларга хилоф қилишимиз туфайли содир бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бандаларимга айтинг (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар» (Исро сураси, 53-оят).
Мавъизада энг кўп талаб этиладиган нарса шуки, биз буюрилган нарсалар билан сифатланиб, уларни талаб даражасида ўз ўрнига қўйишимиздир.


Шайх раҳимаҳуллоҳнинг муаллифлигида битилган китобларга келсак, у киши уч жилддан иборат “Руҳий тарбия”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Зуҳд ва ҳаё”, беш жилддан ибоарт “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Ислом ва поклик” каби асарларни таълиф этганлар. Бошқа асарлари ҳам руҳий тарбиядан холи эмас ва шариат ишлари муолажасига бағишланган.


Хулоса қилиб айтганда. Шайх раҳимаҳуллоҳ руҳий тарбия масаласига, бошқача айтганда, покланишга алоҳида эътибор қаратганлар. Булар у кишининг дарсларида, маъруза ва китобларида яққол намоён бўлган. Шайх ҳазратнинг бу хизматлари марказий Осиё минтақасидаги мусулмонларнинг руҳий-маънавий жиҳатдан юксалишига жуда катта ҳисса қўшди.


Аллоҳ таолодан улуғ Шайхни буюк мукофот билан сийлашини сўраб қоламиз. Ислом ва мусулмонларга қилган хизматларига яраша ажрларни кўпайтириб берсин. Омин!

Абдуллоҳ Ҳусайн ШАЪЛОН,
“Ал-Азҳар” университетининг Қуръон,
қироатлар ва Қуръон илмлари устози

Толибжон Низом таржимаси

Read 1833 times

Мақолалар

Top