Мақолалар

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабар юзасидан  МУНОСАБАТ

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда умра навбати билан боғлиқ бухоролик айрим фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари акс этган хабар тарқатилди.

Маълумки, умра сафари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тартибга солинади.

Мазкур қарорга кўра, 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқароси умра сафарига бориш учун ўзи рўйхатда турган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан чиқиб, умра сафари учун очилган махсус дафтарга рўйхатга ёзилади ва шу ҳақдаги маълумотномани олади.

Ушбу дафтар бўйича навбати келган фуқарони МФЙ туман-шаҳарга тавсия беради. Сўнг ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтади. Натижалар яхши чиқса, умра учун белгиланган тўлов суммасини тўлайди. Шунингдек, хорижга чиқиш паспорти, тиббий кўрикдан ўтгани, вакцина олгани тўғрисидаги маълумот ва сертификат ҳамда тўлов қоғозининг нусхасини тақдим қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мана шундай маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида мўмин-мусулмонларнинг умра ибодатини амалга ошириш билан шуғулланиб келмоқда.

Шу йил февраль ойидан ҳозирга қадар Бухоро вилоятидан 1140 нафар фуқаро умра амалини адо этиб қайтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафари борасида ўзига тегишли бўлган вазифаларни адолатли, шаффоф ва сифатли бажариб келмоқда. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун тайёрланган шароитлар ҳамда умрачилар таассуротларини ОАВ орқали тез-тез оммага эълон қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни умра навбатига ёзиш, уни юритиш ва навбатларни ўзгартириш Диний идора ваколатига кирмайди.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарда кўрсатилган айрим ҳолатлар юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориб, натижаси ҳақида қўшимча хабар қилишни режалаштирган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1867 times
Tagged under

Мақолалар

Top