Мақолалар

Беш иш беш ишга боғлиқдир



Бугун қайси шифокорга борманг, турнақатор навбатларга дуч келасиз. Ҳамма шу касалга йўлиққанми, деган фикр ўтади хаёлингиздан. Ён-атрофга назар ташласак, кейинги йилларда касалликлар тури ва унга чалинаётган инсонлар ҳам кўпайиб бораётганига гувоҳ бўламиз.
Ёши улуғлар билан суҳбатлашсангиз улар, олдин “давление”, “сахар”, “грижа”, “рак” каби хасталик бўлмаганини, фақат тиш, бош, қорин оғриғи енгил шамоллашлар бўлгани ва оддий дори ёки бирор табиий йўл билан тезда шифо топганини айтишади. Афсуски, бугун касалликлар ҳам унинг бедаволари ҳам бисёр. Уларга қўлланилувчи дори-дармонни-ку қўяверинг.
Кўпчилик олдинлари егуликлар табиий, экология ҳам тоза бўлган, дейишади. Бу гапларда жон бор. Лекин бу омилларнинг ўзи етарлимикин?! Инсонларнинг маънавий жиҳатига, яъни ботинига боғлиқ жиҳатлари ҳам бўлиши мумкинми?
Агар ота-боболаримиз яшаган даврларга назар ташласак, улар ҳозиргидек фаровон яшашмаган. Бироқ жамиятда бировнинг ҳақидан қўрқиш, ҳаром-ҳалол, инсонийлик, меҳр-оқибат устун бўлган. Фаҳш, ёлғон, иккиюзламачилик каби иллатлар бугунгидек кенг илдиз отмаган.
Бугун-чи? Дунёда хиёнат, судхўрлик, ҳаром ейиш, ичиш ва ҳаромдан ризқ топиш, қўшнига озор бериш, даюслик, ота-онага оқ бўлиш, қариндошлар билан алоқани узиш, одам ўлдириш, ўз жонига қасд қилиш, фолбин ва мунажжимни тасдиқлаш, зулм, баччабозлик, ўғрилик, ёлғон қасам ичиш, ноҳақ ҳукм қилиш, порахўрлик, ёлғон гапириш каби улкан гуноҳлар тобора кўпайиб бормаяптими? Шунча гуноҳу маъсиятларни кўриб, гоҳида ер кўтариб турганига шукр деб қўямиз.
Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ёдга келади. Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш иш беш ишга боғлиқдир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бири иккинчисига боғлиқ бўлган беш иш қайси?” деб сўрашди. “Қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ уларга душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ нозил этган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилса, уларда фақирлик ёйилади. Фаҳш ишлари авж олса, Аллоҳ уларга ўлат юборади, яъни ўлим кўпаяди. Ўлчов ва тарозидан уриб қолса, набототлар ўсмай, бир неча йил қурғоқчиликка дучор бўладилар. Закот бермасалар, ёмғир ёғмай қўяди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бу ҳадис касалликларнинг ҳам, пандемия сабаб нима учун ўлимларнинг ҳам кўпайиб бораётганини англатгандек, гўё.
Уламоларимиз инсоният бошига тушаётган бу балоларга уларнинг гуноҳу маъсияти сабабчидир, дейишади. Бунга Аллоҳ таолонинг:  «Сизларга неки мусибат етган бўлса, у ҳам бўлса, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳларингиз) туфайлидир. Яна У кўп (гуноҳларингиз)ни кечиб юборади» (Шўро сураси, 30) оятини мисол келтирадилар.
Шуниси эътиборлики, инсон қилган гуноҳлари учун нафақат ўзига, балки яқинларига, яшаб турган жамиятига ҳам катта зарар бериши мумкин. Ҳаётда бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Бирор ножўя иш қилсак, бирор зарар етса “касри урди” деймиз. Ёки бошқаларнинг “гуноҳи боласига урди” деган сўзларини ҳам эшитиб қоламиз.
Лекин тарихда бутун бир жамиятлар катта гуноҳу маъсиятларда бардавом бўлганки, охир-оқибат Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишган. Нуҳ алайҳиссалом қавмининг  тўфонга йўлиқиши, Самуд қавмини даҳшатли қичқириқ тутиши, Лут алайҳиссалом қавмини ер ютиши, Фиръавн ва аҳлининг сувга ғарқ бўлиши, Шуайб алайҳиссалом қавмининг қаттиқ чинқириқдан тўкилиши, Асҳобул Айкатни қаттиқ шамол совуриб, титилиб кетиши каби ҳалокатли воқеалар Қуръони каримда зикр қилинган.
Эътибор берсак, киши кўпинча ўз нафсига эргашиб, гуноҳ ишларга қўл уради. Дастлаб, кичик гуноҳлардан бошлайди ва охири кўникмага айланиб, тубанликка олиб боради. Уламоларимиз эса ҳар қандай майда гуноҳлардан ҳам йироқ бўлишни тайинлаб, нафсни қаттиқ жиловлашга буюрадилар. Акс ҳолда, “Нафсим менинг балодур, ўққа – чўққа соладур” деганларидек, турли балолаларга йўлиқишимиз ҳеч гап эмас.
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу бундай деганлар:“Иблис олдингда, нафс ўнг томонингда, ҳавойи нафс чап томонингда, дунё ортингда, аъзолар атрофингда, Аллоҳ устингда (қудрати билан, маконда эмас) туради. Бас, Аллоҳ лаънатлаган иблис динни тарк қилишга, нафс гуноҳ ҳавойи нафс шаҳватга, дунё охират ўрнига ўзини танлашга, аъзолар гуноҳларга чақиради, Жаббор сифатли Зот – Аллоҳ жаннатга ва мағфиратга чорлайди. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ жаннатга ва мағфиратга чақиради», деди. Ким иблисга итоат қилса, ундан дин кетади, ким нафсга итоат қилса, ундан руҳоният кетади, ким ҳавойи нафсга итоат қилса, ундан ақл кетади, ким дунёга итоат қилса, ундан охират кетади, ким аъзоларга итоат қилса, ундан жаннат кетади, ким Аллоҳ таолога итоат қилса, ундан ёмонликлар кетади ва барча яхшиликларга эришади”.
Қисқаси, бизга бугун бирор зарар етиб қайғуга ботган бўлсак, ортимизга бир қарайлик. Нимани нотўғри қилдигу қаерларда адашдик. Ёки нафсимизга эргашиб, гуноҳу маъсиятларда давом этяпмизми?! Бунинг жавоби тез кунларда бўлишини унутмайлик. Ёхуд беморлик бўлган бўлса, Аллоҳ шифосидан умид қилиб, тавба эшикларини очиб, гуноҳларимиз ўчирилишидан умид қилайлик. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, албатта Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради», дедилар.
Бобур МУҲАММАД

Read 2152 times

Мақолалар

Top