Мақолалар

Шогирдини уриб тарбиялаган устоз (Бўлган воқеа)

 

Бу воқеани рус тили устозимиз айтиб бергандилар.

“1989-йил. Ўшанда Республика рус тили ва адабиёти Педагогика институти (ҳозирги Жаҳон тиллари университети)да ўқирдим. Ёзги таътил тугай деб қолган, 3-курс энди бошланиш арафаси эди. Ўзим ёқтирган ўқиш, дарс қилиш масъулияти, дунёни унутиб китоб ўқиш завқига ҳеч нарсани тенглаштирмас, китоб мен учун, мен китоб учун туғилгандек эдим! Янги ўқув йилига бир неча ҳафта қолган, интиқ кутиб нарсаларимни меҳр билан ҳозирлаб қўйган эдим. Бир вараққа қиладиган ишларим, режаларим, ўқиладиган китобларимнинг рўйхатини тузиб қўйгандим.

Онам раҳматлик уй ишларига талабчан эдилар. Бу талаба, ўқишини ўқисин демасдилар. Уй ишлари билан ўқишимни тенг олиб боришга мажбур эдим. Ҳаммасини бир маромда олиб боришга базўр улгураётган кунларимнинг бирида уйимизга “меҳмонлар” келиб қолди. Совчи экан. Дарров унаштиришди. Мендан сўраб ҳам ўтирмай розилик бериб юборишди. На сўз, на йиғи-сиғи кор қилди. Айни дарслар қизиган паллада ота уйини ташлаб, келин бўлдим. Ахлоқ ва тарбия масканимда олган билимларимни қўллаш, рўзғорда ўрганган тажрибаларимни синаш пайти келган эди. Эпли онанинг элагидан ўтган, талабчан отанинг чиғириғидан чиқмаган мендек фарзанд – бир оилага киришиб кетишимга анчайин амин эдим. Бироқ... оила билан оиланинг фарқи бор экан. Тушган хонадоним катта, иш кўп, вазифалар тугай демас, келди-кеттининг орти узилмасди. Аксига олгандек, янги келинлик кунлари қиш фаслига тўғри келиб қолди. Самоворда чой дамла, қозонга ўтин қала, печга кўмир ташла, кирга сув қайнат, саҳар кўча супур, сигирни соғ, ўт юл; кундуз ўқишга югур, қайтгач, яна ўша-ўша такрорий ишлар. Китоб ўрнига ўтин қучоқлашга, қалам ўрнига теша ушлашга бора-бора кўника бошладим...

Орада юкли бўлдим. Юкимга юк қўшилгандай бўлар, дарсларим ўлда-жўлда қолиб кетарди. Бир кун дарсга борсам, икки кун уйдаман. Борсам ҳам аранг ўтираман. Начора, оилани ҳам, ўқишни ҳам эплашим керак. Чунки, ота-онам зиёли инсонлар бўлсаларда, шу қоида асосида тарбия қилган эдилар! Аммо уйимиздаги ишлар бунчалик кўп эмасди.

Хуллас, шу зайлда кунлар ўтиб кетди. Фарзандлик бўлдик. Ҳамма хурсанд. Табиийки, мен ҳам. Она бўлдим! Лекин оналик юмушлари ҳам осон эмасди. Энди ўзимдан кўра кўпроқ фарзандимни ўйлар, уни парваришлаш учун куйиб пишардим. Уй ишларимиз енгиллашмас, ақалли кимдир “кел, сен дам ол” ёки “мана бу ишн кейин қил” дея қолмасди. Машаққат чексам ҳам, гоҳо танбеҳлар ёмғирига шалаббо бўлсам ҳам, гап қайтармас, уйдагиларга эса лом-мим демасдим. Барча қизларнинг қисмати шу бўлса керак-да, деб ўйлаганман, шекилли... Балки, ота-онамнинг тарбияси бунга йўл ҳам қўймаганмиди?!

Юмалоқ ёстиқдай ўқиш ҳам ниҳояланиб, ёзги имтиҳонлар бошланди. Илгари ҳар бир ўқишда тиббиётдан дарслар қўйилган, давлат имтиҳонларига тиббиёт синовлари ҳам киритилган эди. Эсимда, ўшанда душанба кунига тиббиётдан имтиҳон қўйилди. Келиннинг якшанбадан душанбагача бўш соатлари, айниқса имтиҳонга тайёргарлик кўриши амри маҳол. Таваккал, бораманда, нечига бўлса ҳам топшираман дедим. Имтиҳонга тайёргарлигим – ўзимга-ўзимнинг берган катта далдам бўлди. Хотиржам кўзимни юмдим. Дунё кўзимга чиройли кўринди. Кайфиятим барибир яхши эди... лекин кечаси гўдагим кўп безовталанди. Қарадим: иссиғи баланд, чириллаб йиғлар, ҳеч овунмасди. Имтиҳон тугул, ўзини ҳам унутган девонадай зир югурардим. Шу иссиқ менда чиқса-ю, болажонимнинг жони ором олса! Тонгга қадар гўдагимнинг ҳарорати тушди, тинчланиб ухлаб қолди. Нонуштадан сўнг, ёлвора-ёлвора имтиҳонга рухсат олдим. Боламни бешикка белаб, бувисига топширдим. Енгил эгнимга нимадур илдимда, кўчага отилдим. Кўчада юрмасдим, югурардим, балки, оёғим ерга тегмай учдимми?

Имтиҳон. Улгуриш керак. Майли нима бўлса ҳам, топшириб келаман.  Институт ҳовлисига қадам қўйдим. Жиддий муҳит, катта устозлар, кўзлари ҳадиксираган талабалар. Чекка-чеккада китоб ушлаган курсдошларимни кўрдим.

Тиббиётдан дарс берган М.Ворфоломеева исмли устозимиз менинг фамилиямни чақирди. Кирдим. Билет тортдим. Назарий саволларнинг баъзиларига жавоб бердим. Амалий савол қуйидагича экан: “Пинцетда игнани шприцга қўшиб, укол қилишни кўрсатинг”. У маҳалда шприцлар кўп марталик, ҳозиргидай пластмасса эмасди. Пинцетни қўлимга олдим. Энди игнани темир товоқдан оламан деб турсам, устоз “Тўхта! Қўлларингни столга қўй”, деди. Қўйдим. Қаради-ю: “Ух... Грязные руки!” деди-да, 30 см.лик чизғичда қўлларимга “шарақ” этиб солди. Ҳақиқатда қўлларим кир эди: тирноқларим ораси кўмирдан қорайган, қўлларим ёрилган, камига шўралаб, тимсоҳнинг терисига ўхшаб дағал бўлиб қолган эди. Бир қўлларимга, бир устозга қарайман. На йиғлашни ва на гапиришни биламан. Ҳамманинг олдида изза бўлганим қаттиқ алам қилди. Хўрлигим келди. Шартта хонадан отилдиму, бекатга қараб югурдим. Менга ким қўйибди имтиҳонни? Болам касал бўлса, уйда шунча иш бўлса, менга имтиҳон керакмиди! Шунақа имтиҳонни кутганмидим? Тамом, ҳайдашса, ўқишдан ҳайдаб юборишсин. Кетаман! Бекатга еттим. Кўзим жиққа ёшга, ичим аламга тўлди. Бошимни ҳам қилиб, кўзёш тўкардим. Кимдир ортимдан чақирди: “Умидахон, устоз сизни чақиряптилар!” Дугонам ортимдан эргашиб келибди. Мен: “Бормайман, қайтиб ўқишга ҳам келмайман”, дедим. Дугонам мажбурлаб, қўлларимдан тортиб ўқишга қайтариб олиб кетди. Кирдим. Боя қўлларимга чизғич билан урган устоз хонада менга қараб турарди. Ичимдан қалтироқ келди. Энди баттар койийди. Ҳали хуморидан чиқмаган кўринади, дея баттар сиқилдим. “Бери кел!” деди. Бордим. “Қўлларингни чўз” деди. Минг ҳадикда қўлларимни чўздим-у, кўзимни юмдим. Бошқа бирор нарсани кўришга юрагим тоқат қилмайди, нима қилса, қилсин, дедим. Дағал қўлларим майин қўллар орасига қўйилди. Юмшоқ кафт қўлларимни устидан оҳиста силади. Устоз қўлларимни бироз юқорига кўтарди, уларни ўпди ва: “Бу қўллар ўпишга лойиқ!” Бунисини кутмаган эдим. Кейин устоз М.Ворфоломеева узоқ гапирди: “Қизим, мени кечир... Сенинг оилали эканинг, катта хонадонда юмушларинг кўп эканлигини, шундай бўлсада, ўқишни ташламай ҳаракат қилаётганингни билмаган эканман. Меҳнатда қорайган бу қўллар эҳтиромга лойиқ. Қизим имтиҳондан ўтдинг, кетавер”, деди. Боя хафа бўлиб йиғлаган бўлсам, энди қувончдан энтикиб-энтикиб йиғлардим. Ичимдаги барча қора булутлар тарқалиб кетди.

Йиллар ўтди. Ўқишни тамомладим. Ўзим устоз бўлдим, неча-неча шогирдлар чиқардим. Ўша қўлларимдан ўпган устозимни асло унутмадим. М.Ворфоломеева нафақат билимли устоз, балки ҳам кучли педагог, ҳам яхши психолог эди.

Шуни англаб етдимки, ташқи кўринишга қараб баҳо бериш катта хато! Ўқувчининг дарсда оқсаётгани дангасаликдан, бирор вазифани уддалай олмаётгани қобилиятсизликдан, кўзлари ишгани кўп ухлаганидан бўлмаслиги, балки бошқа сабаби бор бўлиши мумкинлигини тушуниб етдим. Талаба ва ўқувчилар билан ишлаш жараёнида аввало унинг руҳияти, ички дунёсини англашга, шу асосида муомала қилишга ҳаракат қиладиган бўлдим. Ҳаёт менга шуни ўргатди. Ўзим босиб ўтган машаққатли кунлар ҳулосасига эътиборли бўлдим.

Барча ёш устозларга тавсиям шуки, илм олиш фақат китоб билан чегараланиб қолмайди. Балки, катта устозлар тажрибаси, кексаларимизнинг ҳаёт сабоқларига эътибор бериш, олтинга тенг насиҳатларига қулоқ тутиш зарур. Улар бизга одам бўлиб яшашни, одамни қандай яшатиш кераклигини оддий гаплар билан ўргатиб қўядилар...”

Н.Саидакбарова,

Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи кафедраси” ўқитувчиси

Read 1625 times

Мақолалар

Top