«Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Бани Мусталиқ қабиласига закотларни йиғиш учун юбордилар. Қабила одамлари узоқдан кўринган Валид ибн Уқбага пешвоз чиқишди. Валиднинг Бани Мусталиқ қабиласи билан эски адовати бор эди. Уларни кўриб, қаттиқ қўрққанидан ортига қайтди ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Бани Мусталиқ қабиласи муртад бўлибди, закотларини беришмади”, дея хабар берди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар ишончли эканини текшириш учун Холид ибн Валидни Бани Мусталиққа юбордилар. Холид ибн Валид Бани Мусталиқ қабиласи ҳудудига тунда етиб борди. Ҳолатни аниқлаштириш учун қабила чегарасига аскарларидан бирини киритди. Аскар қабила Ислом динини маҳкам тутгани, муртад бўлмаганини айтди. Гапларининг исботи ўлароқ, азон овози ва намоздаги жаҳрий қироат ҳам эшитилиб турарди.
Тонг ёришгач, Холид ибн Валид розийаллоҳу анҳу маълумотлар тўғри эканига яна бир бор иқрор бўлди ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, воқеани баён қилди. Ўша вақтда юқоридаги оят нозил бўлди».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хотиржамлик Аллоҳдан, шошилиш шайтондандир”, деб таълим бердилар.
“Бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. Яъни: “Шошилиб, ҳушёрликни қўлдан бой берманг”, деганидир. .
Оят адолатли кишининг хабари қабул қилинишига далил. Кимнинг фосиқлиги ошкор ва аниқ бўлса, у етказган хабар ижмога асосан қабул қилинмайди. Зеро, хабар омонатдир. Фосиқ эса омонатдор бўла олмайди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Фосиқ никоҳда валий бўла олмайди”, деган. Абу Ҳанифа ва Имом Молик раҳимаҳумаллоҳ наздида эса, валий бўлса, жоиз. Чунки у аҳли аёлини рашк қилиш, улар учун мол-мулкини сарфлаш, оиласини ҳимоя қилиш борасида ишончли бўлиши мумкин.
Фосиқ бошқалар номидан бирор гап ё бирор нарсани етказиши ёки элчи бўлиши жоиз. Шунингдек, адолат талаб қилинмайдиган ўринларда фосиқ тасарруф қилиши жоиз саналади.
«Надомат чекувчи бўлманглар». Надомат пушаймонликдир. Инсон содир қилиб қўйган иши ҳақида: “Шу иш содир бўлмаганида эди”, деб орзу қилиши афсусланишидир. .
“Тафсири Қуртубий” асари асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Охунжон АҲМЕДОВ тайёрлади.