Мақолалар

Мўмин қалбидаги итоат файзи

Намоз ўқиётган инсоннинг ҳаракатла­рида одоб, андиша, тартибнинг юксак на­мунасини кўрамиз. Қўл қовуштириб, ер­га қараб, сезилар-сезилмас эгилгандай бў­либ қиёмда туриш, Фотиҳа ва замсурани ихлос ва та­факкур билан ўқиб, маъноларини қалбдан ўтказиш қандай яхши! Сўнг такбир айтиб руку қилиш, ҳар бир ҳаракатда Аллоҳни улуғлаб, гўзал такбиру тасбеҳлар айтиб, қаддини ростлаб, саждага бориш ва икки сажда ўртасида хотиржам ўтириш қандай ҳам қийматли олий амаллардир.

Саждада “Субҳана роббиял аълаа” деб камида уч марта айтиш, холис ният файзининг қўллар, оёқлар, кўзларда зоҳир бўлиши, зикр ва салавотларда қалб ҳозирлигини туйиш қандай юксак фазилатдир!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиб бўл­га­нимиздан сўнг, у зот бизларга юзланди­лар ва: “...Аллоҳга салом бўлсин...” деб айт­­манглар. Зеро, Аллоҳ (исми, сифати) ўзи Саломдир. (Яъни, “Сенга салом бўлсин” де­йиш “Сенга офатлардан омонлик тилайман” деганидир. Бундай дуо Аллоҳ таолога нисбатан жоиз эмас. Чунки барчага саломатлик, омонлик берувчи Ўзидир.) Агар намозда ўтирсангиз: “Аттаҳияту лиллаҳи вас салавоту ват тоййибат. Ассалому алайка айюҳан Набийю ва роҳматулло­ҳи ва барокатуҳ. Ассаламу ъалайнаа ва ­ъалаа ъибадиллаҳис солиҳийн. (Шуни айтса, Аллоҳнинг Ер ва осмондаги ҳар бир солиҳ бандасига салом етган бўлади.) Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Му­ҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ”, деб ай­тинг”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу ан­ҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кафтимни муборак кафтлари билан ушлаб, менга ташаҳҳудни Қуръондан бир сурани ўргатганлари каби сўзма-сўз ўргатдилар”, дейди.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва жумҳур фуқаҳолар намозда ўқиш учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ташаҳҳудни танлашди.

Аҳмад ибн Молик раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърожга чиққанларида ушбу сано айтилди: “Мол, бадан, тил билан адо этиладиган ҳамма ибодат Аллоҳгадир. Эй Набий! Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти Сизга бўлсин. Сизга ва солиҳ бандаларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрорман. Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига иқрорман”. Аллоҳ таоло: “Эй Набий, сенга саломатлик, раҳматлар ва баракотлар бўлсин!” деди. Набий алайҳиссалом: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин!” дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расу­ли­дир”, деди».

Тил қалбнинг таржимонидир. Қуръон ти­ловати, салавот айтиш, дуолар, киши кўнг­лига шодлик олиб кирувчи сўзлар ибодат бў­лади. Шунингдек, ғийбат, ёлғон, сафсата, туҳ­мат, ёлғон гувоҳлик бериш, сўкиш, дило­зорлик каби иллатлардан сақланиш ҳам ибодатдир. Ибодатнинг Аллоҳ ризоси учун холис адо этилишида муҳим нарса шуки, бунда қалбдаги итоат файзининг юз, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларга кўчиши содир бўлади.

Баъзи муфассирлар “Саламун қовлам мир Роббир Роҳийм” (Ёсин сураси, 58-) ояти Меъ­рож кечасида Аллоҳ таоло Набий сол­лал­лоҳу алайҳи ва салламга йўллаган саломдир, дейишади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, биз нақадар масъуд ва бахтли умматмизки, ташаҳҳуднинг ушбу муборак жумлаларини ҳар куни намозларимизда такрор-такрор айтамиз.

Абдумутал ОТАБOЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилояти вакили ўринбосари

Read 1558 times

Мақолалар

Top