Мақолалар

Ёшлар камолотига ҳар биримиз масъул

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги мазмундорлиги, юрагимиз тўридаги фикр-мулоҳазаларни, бугунги куннинг долзарб вазифаларини қамраб олганлиги билан ҳар биримизнинг қалбимизни янада нурафшон этди.

Табрикда ислом дини, аввало, тинчлик, эзгулик ва инсонийлик дини эканлигига яна бир бор эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, ҳозирги ғоят мураккаб ҳамда таҳликали замонда тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашдек ўткир талаблар юртимизда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, ҳар бир инсон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди.

Бу ҳақда сўз юритганда, бугун ёшларни билимли ва зукко, соғлом дунёқарашга эга, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш жамиятда учраётган кўплаб муаммоларни бартараф қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз.

Киши маънан қанчалик бой бўлса, у эзгу қадриятларда шунчалик собит туради. Эл-юрт тақдирига дахлдорлик билан яшайди. Тинчлик-тотувликнинг моҳиятини англаб, аҳамиятини тушуниб, уни асраб-авайлашга ҳисса қўшади.

Хўш, эртамиз эгаларини юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашда бугун қайси йўлдан боришимиз керак? Бизга бу йўлда нима таянч ва суянч бўлади? Шубҳасиз, муборак динимизнинг эзгу таълимотлари, муқаддас китобларимиз, асрлар оша яшаб келаётган миллий қадриятларимиз, ота-боболардан мерос таълим-тарбия усул ҳамда услублари.

Шукрки, Президентимиз томонидан мамлакатимизда маънавият ҳамда маърифат масаласига, миллий қадрият ва анъаналарни асраш, ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Замон андозаларига мос таъ­лим масканлари бунёд этилаётир. Табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ҳамда мадрасалар обод қилиняпти. Янгидан очилган илмий-тадқиқот марказларида буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди.

Бундай чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари илгари сурган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғоясини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бугун жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни нафақат масъул ташкилот вакиллари, балки ҳар бир ота-она ўзи учун долзарб вазифа, деб билмоғи лозим.

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, айниқса, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояла­рини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган, нанотехнологиялар шиддат билан ҳаётга кириб келаётган, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар хилма-хил, тўғри-нотўғри маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган ҳозирги даврда бу иш ниҳоятда мураккаб ҳамда қийин экани рост. Бугун фарзандларимизни назоратсиз ёлғиз қўйсак, улар бўш вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб ўтказса, ёшлар тарбиясидаги муаммолар, уларнинг онгу дунёқарашига суқилиб кирган иллатлар янада илдиз отади.

Доно халқимиз “яхшининг шарофати, ёмоннинг касофати” деб бежиз айтмаган. Бугун олис ўлкалардан ёшлар учун турли йўллар билан, асосан, глобал тармоқ орқали экспорт қилинаётган “қадрият”лар, юриш-туришу ўзини тутиш, инсонлараро муомала-муносабатга оид кўрсатмалар онгу қалбга қаратилган хуружлардир, десак, асло хато эмас. Улар миллий менталитетимизга ҳам, Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам, уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам, шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам мутлақо зид экани ҳар биримизни ташвишлантиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадис-шарифларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!” дея марҳамат қиладилар.

Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари ҳам бор:

Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам, қийшиқдир девор.

Шундай экан, токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларнинг беғубор оламига, ғўр маънавиятига “аллакимлар” жиддий зарар етказиб қўймасидан олдин ўз фарзандларимизни ўзимиз тарбиялашимиз керак.

Барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан ғоявий ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

Шу ўринда айтиш жоизки, муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини адо этиб қайтган отахон ва онахонлар, маҳаллалардаги нуронийлар, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар бу эзгу ишда янада фаол бўлишлари зарур.

Улар Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши — маърифат” деган эзгу ғоясини ҳаётга татбиқ этишда асосий кучдир. Йигит-қизларни ҳидоятга чорлашда, хонадонларни ислом нури билан мунаввар қилишда, ҳар бир мўъмин ва мўъминаларга маърифат улашишда бу ин­сонларнинг ҳиссалари жуда катта эканига шубҳа йўқ. Ёшларимиз Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳ масалаларидан баҳраманд бўлишса, улар ёт кучлар “дарслари”га эҳтиёж сезмайди, алданиб, ёт ғоялар ва ботил иддаоларга берилмайди.

Ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига муҳаббатни, бобо-бувига эҳтиром-ҳурматни, меҳр-итоаткорликни, оила аъзоларига раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфти ҳалолига садоқатни, қўни-қўшниларга оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги одамларга инсонпарварлик ва самимийликни, ҳайвон-парранда-ҳашаротларга нисбатан раҳм-шафқатни уқтириши, юқтириши, тушунтириб, сингдириши муқаддас бурч, ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ўйлайманки, бу юмушлар ҳеч биримизга қийинчилик туғдирмайди. Зеро, шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор. Бу фазилатларнинг барчаси болаларимизнинг ДНКсида мавжуд. Чунки бу хусусиятлар аждоддан-авлодга, қондан-қонга тарбия орқали ўтиб келяпти. Фақат ёшлар камолотига бугун янада эътиборли бўлсак, зиммамиздаги бурчни, вазифани сидқидилдан бажарсак, огоҳлик ва ҳушёрликни бой бермасак, кўзланган натижаларга, албатта, эришамиз.

Илоҳо, ўзимизнинг ҳам, фарзанд-зурриётларимизнинг ҳам меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимиз руҳини шод, халқимизни хурсанд, ота-оналаримизни рози қиладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистан мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 13 июль, №148(8210)
Read 1426 times

Мақолалар

Top