Мақолалар

Ҳожи кутишни исроф тадбирига айлантирмайлик!

Аллоҳга беҳисоб шукрки, бу йилги ҳаж ибодати юртимиз зиёратчилари учун жудаям файзли бўлди. Гарчи, ўзимиз бормаган бўлсак-да, устозлар, қадрдонлар ва яқинларимиз учун қувондик. Айниқса, ҳаж ибодатини адо қилиш учун ажратилган квотанинг сезиларли даражада ошиши кўпчиликнинг хурсандчилигига сабаб бўлди.

Иншааллоҳ, бир неча кунлардан сўнг илк хожилар юртимизга қайтиб келишади. Хурсандчиликдан бошлари осмонга етган яқинлар, фарзандлар ва дўстлар Аллоҳнинг меҳмонлари бўлиб қайтган ҳожиларни кутиб олиш ҳаракатига тушишади.

Тўғри, ҳожилик мақомига эришган кишиларни дуосини олиш, ушбу ибодатни насиб этган Зотга шукроналар келтириб, соғинганларимизни кутиб олиш учун ҳар қанча тайёргарлик кўрсак ҳам ярашаверади.

Бироқ гоҳида ижтимоий тармоқларда нафақат муборак ибодат сафаридан қайтган кишилар, балки оддий бир мусулмон одам учун ҳам ярашмайдиган ҳолатларни кўриб қоляпмиз. Хусусан, фақат исрофга сабаб бўлувчи дабдаба билан безатилган уй-жойлар, карнай-сурнай ва таниқли қўшиқчилар иштирокидаги кутиб олиш ва ҳоказо маросимлар авж олмоқда.

Унутмаслик керакки, ҳаж бу Исломнинг беш устунидан бири. Беш фарзнинг охиргиси. Қодир бўлганлар учун зиммасидаги адо қилиниши фарз бўлган амал. Намоз, рўза, закот қандай фарз бўлса, худди шундай фарз бўлган ибодат. Ҳаж зинҳор фахр қиладиган, мақтаниладиган ёки номига “ҳожи” қўшимчаси қўшиб айтиладиган сифат ёки амал эмас. Агар Аллоҳнинг ҳузурида қабул қилинган ҳаж бўлса, унинг мукофоти фақат жаннат бўлади, иншоаллоҳ.

Қадрдоним! Агар ота-онангиз ёки яқинингиз ҳаж ибодатини адо қилиб келганида хурсандчилик изҳори учун шундай дабдаба билан кутиб олаётган бўлсангиз, ўша яқинингиз бир маҳал фарз намозни адо қилганда ҳам шундай хурсандчилик қиласизми? Рамазон ойини рўзасини тугатганда ё закотини адо қилган пайтда ҳам кайнай-сурнайлар билан нишонлайсизми? Агар битта фарз амални адо қилгандаги хурсандчилик сизни шу ҳолга солаётган бўлса, мободо, бандачилик билан қазо бўлган намоз, рўзалар учун аъза тутасизми? Мотам эълон қиласизми? Уларга бунинг учун таъзия изҳор қиласизми? Ажабланябсиз-а? Нима фарқи бор: намоз ҳам фарз, ҳаж қилиш ҳам фарз. Қабул бўлган намоз ҳам гуноҳларга каффорат, қабул бўлган ҳаж ҳам.

Хурсандчилик қилинг. Уларни табрикланг. Лекин зинҳор, исроф ва дабдабага йўл қўйманг. Чунки сиз бир кунлик хурсандчилигингиз учун сарфлайдиган маблағ қайсидир мусулмон оиланинг бир неча кунлик, балки бир неча ойлик озиқ-овқатига кифоя қилиши мумкин. Сиз бугун карнай сурнай ва қайсидир қўшиқчига бермоқчи бўлган пулингиз қайсидир беморнинг дори-дармони ёки қайсидир етимнинг бир неча йиллардан бери битмай ётган уй- жойини битириш учун етиши мумкин.

Хўш айтингчи, қай бирида савоб бор? Қайси бири сизни Роббимиз розилигига етиштиради? Ўйлаб кўрмайсизми? Аллоҳ сизга берган бу бойлик неъматини Аллоҳнинг душмани бўлган шайтони лаъийннинг хурсандчилиги учун сарф қилаётганингизни ўйлаб кўрмайсизми? Тўй, маросимлар ва бошқа тадбирларимизда шундоғам ҳаддимиздан ошдик. Энди лоқал шу муборак ибодатга исрофгарчиликни аралаштирмайлик.

Агар ниятингиз Ҳақ розилиги бўлса, бугун орзу ҳавасларингизни озгина жиловланг. Мободо, кишилар кўрсин, “маҳаллада дув-дув гап” бўлсин, деган ниятингиз бўлса, Аллоҳга истиғфор айтинг. Чунки бу жудаям хатарли амал.

Аллоҳ барча хожиларимизни сафарларини хайрли ва муборак қилсин. Ушбу ибодатни ният қилган ҳар бир бандани Байтуллоҳга етказсин!

Ёрбек Исломов,
Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

Read 2776 times

Мақолалар

Top