Мақолалар

Хайрия ишлари имоми

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир Набийнинг ҳамроҳи бор, менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

* * *

Нубувват сўнг мушрикларнинг му­сул­монларга зулми ортиб борди. Ҳазрати Усмон ўн тўрт кишилик гуруҳ билан Ҳабашистон­га ҳижрат қилди. Ўн уч ки­шининг қўлида ҳассасидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди. Улар­нинг барча хара­жатларини кўтарди.

Муҳожирлар Мадинага кўчиб ўтган­ла­ридан кейин аҳолининг сувга эҳтиёжи ку­чайди. Ўша вақтда энг катта қудуқлар­дан бири Румо бўлиб, у бир яҳудийга тегишли эди. Яҳудий қудуқнинг қатра сувини ҳам сотарди. Сув танқислигидан фойдаланиб нархини қимматлатди.

Буни кўриб Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бу қудуқни сотиб олиб, халқ билан бирга фойдаланган кишига жаннатда хайрли­роқ мукофот бор”, дедилар (Имом Насоий ривояти). Усмон розийаллоҳу анҳу: “Ё Расу­луллоҳ, мен сотиб оламан”, деди.

* * *

Табук ғазотида мусулмонлар қўшинини тўлиқ жиҳозлантирган инсон Усмон ро­зийаллоҳу анҳудир. Ибн Исҳоқ: “Усмон розийаллоҳу анҳу Табук жангчиларига шунчалик кўп пул сарфладики, ҳеч бир киши у зотчалик сарфлаган эмас”, деган. Усмон розийаллоҳу анҳу минг динор, 950 та туя ва 50 та от ҳадя қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Усмон бу иши билан асло зарар қилгани йўқ”, де­ганлар. Кейин: “Ким ночор аскарни қу­роллантирса, унга жаннат насиб бўла­ди”, деб башорат қилганлар.

* * *

Абу Бакр розийаллоҳу анҳу даврида қурғоқчиликдан одамлар қаттиқ изтиробга тушди. Шу вақтда Мадинага етиб келган ҳазрати Усмон карвони кўпчиликнинг эркин нафас олишига сабаб бўлди. Ҳазрати Усмон имкониятдан фойдаланиб молларини юқо­ри баҳода сотишни хаёлига ҳам келтирмасди. Мадина савдогарлари юкларни катта фойда эвазига кўтарасига сотиб олиш учун бир неча бор келишди. У зот ҳар гал: “Сиздан кўпроқ фойда берувчи Зот бор”, деган жа­вобни берди. Охири савдогарлар халифа Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга шикоят қилишди. Халифа: “Эй Усмон, булардан ҳам кўпроқ фойда таклиф этган зот кимлигини мен ҳам билмоқчиман?” деб сўради. Усмон ро­зийаллоҳу анҳу: “Эй Халифа, ўша юксак зот – Аллоҳдир. Аллоҳнинг бир яхшилик эвазига ўн баробар фойда бериш ваъдаси бор. Одамлар ҳам гувоҳ бўлсин, карвонни Аллоҳ ризоси учун садақа қилдим. Уни хоҳ­лаганингиздек тарқатишингиз мумкин”, деди. Бундай воқеалар ҳазрати Усмон ҳаё­тида кўп бўлган.

Ҳижратнинг 26-йили Макка аҳолиси Эсон денгиз портини янгидан Жидда яқи­нидаги соҳилга кўчириш тўғрисида мас­лаҳатлашишди. Чунки шундай қилса, порт Маккага яқинроқ жойлашар­ди. Ҳаз­рати Усмон саҳобаи киромлар билан бир­га Жидда соҳилига бор­ди. У ерни синчиклаб ўрганиб, порт қуриладиган жойни кўрсатиб бер­ди ва: “Бу ер муборак соҳил бўл­син”, деб дуо қилди. Ўша давр­да барпо этишга асос солинган Жидда порти ҳанузгача Маккаи мукаррамага хизмат қилмоқда.

Яна ўша йили Каъба атрофидаги ҳовли­ларни сотиб олиб Байтуллоҳ­га қўшди. Кат­та кошонали хона­ларни барпо эттирди. Аллоҳнинг Бай­тул Ҳарамини биринчи бўлиб кен­гайтирган шахсга айланди. Шу­нингдек, жоҳилиятда теридан қи­линган Каъбапўшни олдириб, ўрни­га Миср ипак пахтасидан тўқилган оқ мато ёптирди.

Ҳижратнинг 24-йилида Мадина аҳолиси Усмон розийаллоҳу анҳу билан Масжиди Набавийни кен­гайтириш хусусида маслаҳат қил­дилар. Ҳаммалари эски масжид­ни бузиб, ўрнига кенг ва каттароқ масжид бино қилишга иттифоқ этишди. Сўнг ҳазрати Усмон пе­шин намозини халқ билан ўқиди. Намоз тугагач хутба қилди, сўнг: «Эй халойиқ! Мен ушбу масжидни бузиб, ўрнига янги, кенг, катта масжид қурмоқчиман. Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: «Кимки бир масжидни бино қилса, унга жан­натда бир уй бино қилинади», деганларини жуда кўп бор ўз қу­ло­ғим билан эшитганман. Мендан аввалроқ ўтган Умар ибн Хаттоб ҳам масжидни кенгайтирди. Бу ишим билан мен ўшаларга эргаш­ган бўламан», деди. Қурилиш ҳиж­рий 29 йилнинг Рабиул аввал ойи­да бошланиб, бир йилга бормай ни­ҳоясига етказилди.

Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқувчиси Сарвинисо

ШАМСУДДИНОВА тайёрлади.

Read 1502 times

Мақолалар

Top