Мақолалар

Ризқ борасида мўминнинг эътиқоди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир соҳада бўлганидек, мўмин кишининг ризқ борасида ҳам ўз қараши бўлади. Ризқнинг манбаи қаерда? Ризқни ким яратади ва уни махлуқотларга ким етказади? Мўмин банда ризқ, неъмат, касб ҳақида қандай эътиқодда бўлиши керак? Ризқнинг келишида касб қанчалик аҳамиятга эга? Келинг, бу саволларга жавобни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан излаймиз.

Аллоҳ таоло айтади: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир(Ҳуд, 6).

Биз оят таржимасида “ўрмалаган нарса” деб ифодалаган сўз аслиятда “дааббатун” калимаси билан берилган. Мазкур сўз хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ ақлли, хоҳ ақлсиз бўлсин, жони бор тирик мавжудот борки, ҳаммасини ўз ичига олади.

Аллоҳ таолонинг қудрати, илми ва неъмати бутун борлиқни қамраб олган. Ер юзида, осмонда, сувда ва ер остида қимирлаган жонзот борки, Аллоҳ уларнинг ризқини яратиш ва уни жонзотларга етказишни Ўз зиммасига олган. У Зот махлуқотларининг ҳаётлик чоғларида қаерга бориб, қаерга қайтишлари, қаерларни макон тутиб, қай тариқа озуқа топишларини ҳам билади. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳузуридаги Китоб – Лавҳул Маҳфузда тақдир қилиб, ёзиб қўйилган. Хусусан, жонзотларга ризқ берилиши, унинг миқдори ва қанча экани ҳам ўша Китобда ёзиб қўйилган.

Баъзи уламолар: “Ризқ фақат ҳалолдан бўлади, ҳаром нарсалар бандага ризқ эмас”, деб айтишган. Аммо Аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу оятни далил қилиб, ҳаром нарсалар ҳам бандага ризқ бўлади. Акс ҳолда, умри бўйи ҳаромдан касб қилганлар (масалан, ўғри, рибохўрлар) ризқдан бенасиб бўлар эдилар, дейишган.

Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссаломга ваҳий нозил қилинаётганида унинг қалби аҳли-оиласининг ҳолати билан чалғиб қолади. Шунда Аллоҳ таоло унга асойи билан бир харсангни уришни буюради. Мусо буйруқни бажарганида харсанг ичидан иккинчи бир харсанг чиқади. Уни ҳам асо билан урганида учинчи харсанг, учинчи харсангни ҳам унганида унинг ичидан митти қурт чиқади. Ана шу қуртнинг оғзида озуқаси бор эди. Шунда Мусо алайҳис салом Аллоҳ таолонинг изни ва қудрати билан қуртнинг: “Мени унутиб юбормай эслаб турган Зот ҳар қандай айбу нуқсондан покдир”, деб айтганини эшитади (“Тафсирур Розий”, “Тафсирул Алусий”).

Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ беради. У Эшитувчи, Билгувчидир(Анкабут, 60).

Анкабут сурасининг 59-оятида сабр қилиб, Аллоҳ таолога таваккул қиладиган зотлар ҳақида зикр қилинган бўлса, ушбу оятда таваккулга ёрдам берадиган нарса – ризқ масаласи хусусида сўз боради.

Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирон жонзот ўз ризқини захира қилиб сақлаб қўймайди”.

Ҳасан Басрий “ризқини кўтара олмайдиган” бирикмасини “захира қилиб сақлаб қўя олмайдиган” деб тушунтирган.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мушриклар Маккадаги оз сонли мусулмонларга азият етказганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Мадинага ҳижрат қилишга буюрадилар. Аммо улар: “Бизлар учун у ерда уй-жой ҳам, ер-мулк ҳам йўқ”, деб унашмайди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.

Аллоҳ таолонинг ризқ бериши муайян ҳудуд ёки маконга хос эмас, балки қаерда бўлишларидан қатъий назар, У Зот махлуқотларига ризқларини етказиб туради. Заифлиги туфайли ўз ризқини топа олмайдиган ёки захира қилиб тўплаб қўя олмайдиган, ҳеч нарсаси йўқ бўлган ҳолда тонг оттирадиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Аллоҳ уларни ҳам, инсон болаларини ҳам ризқлантиради. Зеро, Аллоҳ бандаларининг сўзларини, дуою илтижоларини, махлуқотларининг ҳолларидан мутлоқ хабардор бўлган Зотдир.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар (Ибн Ҳиббон, Баззор ва имом Табароний ҳасан санади билан ривоят қилган. Имом Табароний келтирган ривоятда: “Албатта ризқ бандани ажалидан ҳам кўпроқ қидиради”, дейилган).

Инсон ҳали онаси қорнида эканида ризқ, ажал, умр ва шу каби нарсалар унга тақдир қилинади. Инсон дунёга келгач эса, ўша ёзилган ризқи хоҳласа, хоҳламаса, унга насиб бўлади. Умр паймонаси тўлгандан кейин ажал инсонни қидириб топиши муқаррар. Худди шундай, банданинг ризқи ҳам ажали излаганидек уни излаб топади. Бу Аллоҳ таоло томонидан азалда битиб қўйилган тақдирдир.

Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар! Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадис мусулмонлар учун жуда қийин ва машаққатли кечган Табук ғазотида айтилган. Ўшанда мусулмонлар ҳаво ниҳоятда иссиқ, шароит оғир бўлгани учун озиқ-овқат, сув ва бошқа масалаларда қийинчиликка дуч келишганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатга кўра, сўз бошлашдан олдин Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, кейин: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсага буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман”, дедилар.

Яъни, Аллоҳнинг амрига кўра сизларни яхши амалларга буюраман ва У Зотнинг амрига мувофиқ ёмон ишлардан, ҳаром амаллардан қайтараман. Мен бу нарсаларни ўзимдан айтаётганим йўқ.

“(Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар!”

Яъни, ризқингизни чиройли тарзда, Шариат аҳкомларига амал қилган ҳолда, ҳалол йўл билан топинглар!

“Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради”.

Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиб айтмоқдаларки, ҳар бир банданинг ризқи худди ажали каби унинг ортидан таъқиб қилиб юрар экан.

У зотнинг бу нарсани Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтишларидан унинг ўта муҳим ва айни вақтда шак-шубҳасиз эканини билиб оламиз.

“Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!”

Яъни, агар сизларга Аллоҳ тақдир қилган ризқнинг келиши бирон сабабга кўра кечикса, шошқалоқлик, сабрсизлик қилиб уни ҳар хил гуноҳ ва ношаръий йўллар билан эмас, Аллоҳнинг амрига итоат этиш билан, ҳалол воситалар орқали талаб қилинглар. Ризқингизда танглик юз бериши сизни ҳаром йўл йўлларга ундамасин!

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да ҳасан санади билан ривоят қилган).

Аллоҳ таоло: “Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни албатта топиб олур”, деган (Нисо, 78).

Аввалги икки ҳадисда ризқ бандани худди ажали сингари қувиб етиши айтилган бўлса, ушбу ривоятда шунга ўхшаган бошқа бир мисол келтирилмоқда. Ҳеч бир банда ўз хоҳиши билан ўзига келаётган ризқ-насибадан кўз юмиб, ундан қочишга уринмайди. Мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон ўлимдан қочиб қутилиб бўлмаганидек, банда тақдирига битилган насибасини, ризқини олишдан ҳам қочиб кета олмайди. Банда ризқ-насибасини олмасдан бошқа иложи йўқ. Бу эса, ҳар бир банданинг белгиланган ўз ризқи борлигини англатиб, хотиржамлик билан ризқ талабида бўлинглар, ҳаром йўлларга кириб кетманглар, деган маънони таъсирли усул билан тушунтирилмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар” (Имом Табароний “Авсат”да лаййин (заифга яқин) санади билан ривоят қилган).

Юқоридаги ҳадиси шарифларда ризқ бандани ажали каби қувиб етиши ҳақида сўз борди. Бу ерда эса ҳеч ким ва ҳеч нарса бандага тақдир қилинган ризқининг келишига тўсқинлик қила олмаслиги таъкидланмоқда.

“Албатта банданинг ўз ризқи бор”.

Хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлсин, ҳар бир банданнинг ўз ризқи, насибаси бўлиб, бу нарса Аллоҳ тарафидан белгилаб қўйилган улушдир. Ўша ризқи бандага етмасдан қолмайди. Бу ризқнинг соҳибига етиб боришига ҳеч нарса қаршилик ҳам кўрсата олмайди.

“Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар”.

Инсон ва жин тоифаларининг аввалгиларию охиргилари бир жойга тўпланиб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишган тақдирда ҳам, улар бандага фақат Аллоҳ тақдир қилган даражада фойда ёки зиён етказа оладилар. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандага тақдир қилиб ёзиб қўйган ризқдан зиғирча камайтириш ёки бутунлай маҳрум қилиш инсон ва жинларнинг қўлидан келадиган иш эмас. Демак, Аллоҳ ва охират кунига имон келтирган банда ризқи ҳақида қалби хотиржам бўлиши, ризқ талабида фақат Аллоҳ рози бўладиган тарзда ҳалол йўл билан ҳаракат қилиши ва тирикчилик юритиши керак.

Холиднинг икки ўғли Ҳабба ва Савоъ розияллоҳу анҳумолар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борсак, у зот бир нарсани тузатаётган эканлар. Шунда биз у зотга ёрдамлашиб юбордик. Сўнгра у зот: “Токи ҳаёт экансизлар, зинҳор ризқдан ноумид бўлманглар. Чунки инсонни онаси қизил ҳолида туққанида, унинг устида либос бўлмайди. Кейин Аллоҳ уни ризқлантиради”, дедилар (Ибн Можа, Табароний, имом Бухорий “Адабул муфрад”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ривоятга кўра, Ҳабба ва Савоъ розийаллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига боришганида, у зот бир юмуш билан машғул эканлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда “у зот девор ёки уйларини тузатаётган эдилар” деб келтирилган.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг улуғ пайғамбари, энг мукаррам ва энг суюкли бандаси бўлишларига қарамай, ўта камтар ва мутавозеъ зот эдилар. Уйда рўзғор ишларини ўзлари бажариб, ҳатто муҳтарама оналаримизга ҳам уй ишларини ёрдам берар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир юмуш билан банд эканликларини кўрган Ҳабба ва Савоъ розийаллоҳу анҳумо у зотга ёрдамлашиб юборишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисига қараб: “Токи ҳаёт экансизлар, зинҳор ризқдан ноумид бўлманглар”, дедилар.

Яъни, ризқ ҳақида кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳеч қачон Аллоҳнинг ризқ беришидан ноумид бўлманглар, ҳар бир банданинг ўзига ажратилган ризқи-насибаси бордир. Ахир инсон онаси қорнидан қип-қизил гўшт парчаси ҳолида тушгач, Аллоҳ унга ризқ бериб мукаммал бир инсон ҳолига келтиради-ку! Бас, ризқдан ноумид бўлманглар ва касб-корни чиройли суратда олиб бориб, ҳалол йўллар билан ризқ талаб қилинглар.

Мўмин кишининг ризқ ҳақидаги эътиқоди қуйидагича бўлиши керак:

1 – Ҳар бир банданинг ризқи азалда Аллоҳ тарафидан тақдир қилиб қўйилган. Ана ўша ризқ бандага етмай қолмайди.

2 – Ризқ бандани худди ажали каби қидириб юради.

3 – Ризқнинг келишида касб-ҳунар бир восита саналади. Касб-ҳунарга ортиқча баҳо бериб, касбим орқасидан нон топаяпман, шу ҳунарим мени боқаяпти, деб эътиқод қилиш ширкка олиб боради. Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ белгилаб қўйган ризқ ана ўша касб-кор сабабли бандага етиб келади.

4 – Ер ва сув ҳам бандага ризқи келишида восита қилиб қўйилган. Аммо, кўпчиликда ерда етиштирилган маҳсулотларни “табиат инъомлари”, “табиат бизни боқади” деган нотўғри фикр шаклланган. Аслида ер ҳам, сув ҳам Аллоҳнинг изни билан бандаларга ризқларини чиқаради. Бу иккиси бизлар ризқланишимиз учун бир восита эканини, ризқимиз эса Аллоҳнинг даргоҳидан нозил бўлишини яхши англаб етишимиз зарур!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Read 2372 times

Мақолалар

Top