Мақолалар

Исломнинг мақсади нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ислом илм дини бўлиб, илм ислом тарафидадир. Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм ривожланиб борган сари унинг Исломда келган маълумотларни тасдиқлаши кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган маълумотларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.

Охири келиб, Ислом ақийдаларининг далиллари Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар, ақл ҳамда илм асосида тақдим қилинадиган бўлди.

Бахтли ҳаёт йўлида мусулмон инсон қўядиган ҳар бир қадам энг ишончли илм – Аллоҳ таоло берган илм асосида экани зинҳор унутилмаслиги керак. Ушбу илмда ҳеч қандай инсоний хаёл, тахмин ва гумон йўқ, балки Ислом келтирган ҳар бир кўрсатма ўта ишончли илмга суянгандир.

Хўш, Аллоҳ таоло тарафидан инсонни икки дунё саодатига элтувчи қилиб юборилган, ўта ишончли илмга асосланган ўша Ислом динининг мақсадлари нималардан иборат? 

Ислом таълимотларининг барчаси, шариат аҳкомларининг ҳаммаси инсонни мукаммал бахт-саодат билан таъминлашга қаратилгандир. Бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз учун «Исломнинг мақсадлари нималардан иборат?» деган саволга жавоб беришнинг ўзи кифоя. 

Бу саволга Ислом уммати салкам ўн беш асрдан буён бир овоздан «Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат», деб жавоб бериб келмоқда. 

Инсоннинг бахту саодатига оид барча бугунги кунда кўтарилаётган масалалар мана шу беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш иши билан боғлиқдир. 

Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир

Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.

Имом Ғаззолий ўзларининг «Мустасфо» номли усулул фиқҳ илмига оид китобларида шундай дейдилар: 

«Шариатнинг инсонни яратишдан кўзлаган мақсадлари бешта бўлиб, у халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш аслнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса маслаҳа – манфаатдир. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар бир нарса мафсада – бузуқликдир. Ана шу зарарни даф қилиш ҳам маслаҳа, яъни манфаатдир». 

Мақсади шундай олий даражада бўлган тузумгина инсон бахтини етарли даражада таъминлай олиши мумкин. 

Ислом ана ўша олий мақсадни амалга оширган, йўлга қўйган ва улар билан инсонларни манфаатлантирган. Бу улкан ҳақиқатга тарих шоҳид, кўҳна инсоният шоҳид. 

 «Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди

 

Read 1146 times

Мақолалар

Top