Мақолалар

«Чол ва денгиз»ни ўқиганмисиз?

Фикримча, Эрнест Ҳемингўйнинг “Чол ва денгиз” асари бош ғояси инсон матонати ҳақидамас, кўпроқ одамнинг нега яратилгани ҳақидаги саволга жавоб қидиришдир.

Катта балиқ – Ҳақ ва ҳақиқат. У эса ҳар қармоққа илинавермайди. Балки асарда келтирилганидек, ҳафтасига учталаб лаққа тутганлар нафслари учун хурсанд бўлишар. Аммо, эътибор қилинг, чолга қирқ кун (!) шогирд тушиб, бирор нарса тута олмагани учун ота-онасининг истаги билан бошқа қайиққа ўтказилган бола иши юришиб кетганига қарамай, нега имкон топган заҳоти чолнинг ёнига югуради? Чунки у чолнинг қирқ кунлик сабоғидан сўнг уйғонди! Ўзини англаш тотини туйди. Бу чилла эмасмиди?!..

Чолни моддият, табиий эҳтиёжлар мутлақо қизиқтирмай қўйган. Масалан, “Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди”. Зеро, чол ва у орқали муаллиф қидирган ҳақиқат жисмий эмас, балки руҳий озиқ, озиқ бўлганда ҳам улкан, ноёб бир топилма бўлиши керак эди. Қаҳрамон руҳияти у “топилма”га шунчалик ташнаки, уни тутгач (топгач) энди ҳеч қачон қўйиб юбормасликка тиришди. Ҳатто “ўлжа”сининг этларини наҳанглар ғажиб кетгани ҳам унинг учун фожеа бўлмади. Зеро, манзилга етганида топган хазинаси қилтаноқларининг ўзиёқ чолнинг ўзи ва қайиғидан, демакки, унинг оламидан бир неча баробар катта эканини кўрган, англаган, бошқаларга ҳам кўрсата олган эди.

Асардаги рамзлар, айтайлик, чол қайиғидаги дағал матодан ясалган елканни ҳақиқат ялови, деб олсак, унинг қирқ ямоқ бўлиб кетгани, аммо қанча кўп йиртилиб, тешилган бўлса, шунча кўп ямалгани ва ҳилпираб тургани, денгиздаги турли шиддатларга дош бера олиши тусмолимизни тасдиқлайди.

Бир ўринда “умидсизлик ҳалокат, бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик гуноҳ” дейилади. Ёдингизда бўлса, ҳазрати Одам ва шайтони лаин ерга бадарға қилинди. Аммо Одам Худонинг раҳматидан ноумид бўлмади. Шайтон эса умидини узди. Муаллиф ана шу ҳодисани бағоят инжалик билан ифода қилмоқда. Қаҳрамон муттасил фикрлайди. Айниқса, унинг қуйидаги эътирофи таҳсинга сазавор: “Мен жуда кўп нарсаларни тушунмайман, – деб ўйлади у. – Аммо бизга қуёш, ой, юлдузларни ўлдиришга тўғри келмагани қандай яхши”. Сўзининг давомида киноя билан: “Денгиздан бор-йўқ ризқимизни қоқиштириб олаётганимиз ва яна ўз биродарларимизни ўлдираётганимиз ҳам етиб ортади...” дейди.

Демак, унинг фикри тиниқиб, эртага ҳар бир нарсанинг ҳисобини бериши зарурлигини идрок қиляпти. Бу эса, инсоннинг руҳи бирламчи экани ва у мудом ўзининг БУТУНИ томон талпиниб туриши, керак бўлса, бу йўлда одамни денгизнинг ўртасига қадар судраб кета олишини англаган ва англата олган ёзувчининг улкан маҳоратидан далолатдир.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

Read 2433 times

Мақолалар

Top