Мақолалар

Одамлардан умид қилиш (4-қисм)

Инсон нафсининг касалликларидан бири – Аллоҳга таваккул қилишдан кўра, одамларга суяниш, ҳатто улар ўзларига ёрдам беришга қодир бўлмасада, улардан ёрдам сўраш. Ушбу касаллик Аллоҳ таоло барча махлуқотларига ризқ беришни зиммасига олган бўлишига қарамай инсон ўз ризқи ҳақида борасида қайғурганида ҳам намоён бўлади.

 

Муолажа услуби

Бундай касалликдан халос бўлиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдаси асосига иймонни мустаҳкам қилиб барпо этиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَإِن يَمۡسَسۡكَ ٱللَّهُ بِضُرّٖ فَلَا كَاشِفَ لَهُۥٓ إِلَّا هُوَۖ وَإِن يُرِدۡكَ بِخَيۡرٖ فَلَا رَآدَّ لِفَضۡلِهِۦۚ يُصِيبُ بِهِۦ مَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦۚ وَهُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ ١٠٧﴾

“Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир" (Юнус сураси, 107-оят).

Қолаверса, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ҳамиша ёдда сақлаш керак:

﴿۞وَمَا مِن دَآبَّةٖ فِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَّا عَلَى ٱللَّهِ رِزۡقُهَا وَيَعۡلَمُ مُسۡتَقَرَّهَا وَمُسۡتَوۡدَعَهَاۚ كُلّٞ فِي كِتَٰبٖ مُّبِينٖ ٦﴾

Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан китобда[1] бордир" (Ҳуд сураси, 6-оят).

Бир куни Аҳнаф ибн Қайс раҳимаҳуллоҳдан: “Қандай қилиб сиз бу одамларга улар орасида каттаси бўлмай туриб бош бўлдингиз?" деб сўрашди. Ахнаф уларнинг саволига бундай жавоб берди: “Ўз вазифамни бекаму кўст бажаришга ҳаракат қилдим ва мен масъул бўлмаган ишларга аралашмадим. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿فَٱعۡبُدۡهُ وَتَوَكَّلۡ عَلَيۡهِۚ ١٢٣﴾

"Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг!" (Ҳуд сураси, 123-оят).

Агар банда одамларнинг ожиз, заиф ва фақат Аллоҳ таолонинг изни билангина бирор ёрдам беришлари мумкинлигини англаб етса бу касалликдан халос бўлади. Инсонларнинг ўзи ҳар бири ёрдамга муҳтожликларини билган одам бошқаларга суянмайди, балки фақат Аллоҳ таолога таваккул қилади.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

[1] Бу оятдаги очиқ-равшан китобдан мурод – Лавҳул-Маҳфуз. Лавҳул-Маҳфуз коинотдаги ўтган, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва нарсалар битилган ўчмас лавҳдир.

Read 2912 times

Мақолалар

Top