Мақолалар

Аллергиядан халос этувчи Пайғамбар алайҳиссаломнинг севимли меваси

Хурмонинг шифобахш хусусиятлари қадим замонлардан бери маълум. Бу жуда фойдали маҳсулот бўлиб, кўплаб парҳезшунослар ширинликлар ўрнига уни истеъмол қилишни тавсия қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони севиб истеъмол қилганлар. Қуръони каримда “хурмо” сўзи 20 мартадан ортиқ зикр қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо жаннат мевасидир. Уларнинг заҳарланишга қарши шифобахш хусусияти бор”(Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг асосий озиқ-овқат эканлигига урғу бериб: “Хурмо бўлган уйда ҳеч қачон очлик бўлмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Ичида хурмо бўлмаган уй, таоми йўқ уйга ўхшайди”, дедилар(Ибн Можа ривояти).

Хурмо витамин ва минералларга бой. A витамини кўз мушакларини кучайтиришга ёрдам беради, Б1 витамини асаб тизимига фойдали таъсир кўрсатади, Б2 углеводлар, ёғлар ва оқсилларни ёқиш орқали бизни энергия билан таъминлайди, Б9 витамини (фолий кислотаси) янги қон ҳужайралари ва аминокислоталарнинг шаклланишига ёрдам беради, бу эса, ўз навбатида, янги ҳужайра деганидир.

Сув мувозанатини сақлаш учун зарур бўлган калий таркиби хурмонинг яна бир қимматли хусусиятидир. Бундан ташқари, калий мияга кислород етказиб беради. Бу эса миянинг нормал фаолиятини ва ақлий хотиржамликни таъминлайди. Танадаги калийнинг етарли даражаси босимни нормал чегараларда ушлаб туради. Хурмо таркибидаги калций ва фосфатлар соғлом танани остеопороздан (суяк емирилиши), бачадондаги чақалоқни эса скелет ва таянч-ҳаракат тизимининг нотўғри шаклланишидан ҳимоя қилади.

Хурмо таркибида кўп миқдорда органик олтингугурт мавжуд бўлиб, бу аллергия аломатларини камайтиришга ёрдам беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу модда мавсумий сурункали яллиғланишнинг айрим белгиларини камайтиради. Узоқ вақт давомида хурмо истеъмол қилиб юриш инсон саломатлиги учун конифойда.

Дилфуза РАҲИМОВА

 тайёрлади.

Read 3376 times

Мақолалар

Top