Мақолалар

Ибодатга бепарволик қилиш (5-қисм)

Ибодатларда бепарволик ва дангасаликнинг намоён бўлиши ҳам қалб касалликларидан биридир. Бунданда каттароқ муаммо шундаки, одам ўзининг ибодатидаги камчиликларини сезмайди ва уларга аҳамият бермайди. Уларни камчилик сифатида қабул қилмагани сабабли қалб касаллиги янада кучайиб кетади.

Бу касалликнинг келиб чиқиш манбаи – инсоннинг Аллоҳ таолога ибодат ва хайрли амаллар қилишга берган куч-қувватига ношукрлик қилиш. Бундай ношукрлик туфайли инсон илоҳий ёрдамдан маҳрум бўлади, руҳий покланишдан узоқлашиб, гуноҳлари ортади, қалби яна кирланади. Вақт ўтиши билан бундай одам ўз камчиликларини сезишни тўхтатади ва ўзининг номақбул ишлари унга чиройли кўрина бошлайди.

Айнан Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида айтганидек: "Ахир, (қилган) ёмон иши ўзига чиройли кўрсатилиб, уни гўзал (иш) деб ўйлаган кимса (ҳидоят топган зот каби бўлармиди)?!" (Фотир сураси, 8-оят).

"Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар (Каҳф сураси, 104-оят).

Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик (Анъом сураси, 108-оят).

Сўнгра, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар (Муъминун сураси, 53-оят).

Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган томондан аста-секин оламиз (Аъроф сураси, 182-оят).

 

Муолажа услуби

Бу дардга даво топиш учун – Аллоҳ таолодан паноҳ ва ёрдам сўраш, доимо Уни зикр қилиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, оятлар маъноларини тафаккур этиш, мусулмонларни ҳурмат қилиш ва Аллоҳга яқин одамлардан ҳаққига дуо қилишларини сўраш талаб этилади. Агар банда буларнинг барчасига амал қилса, унда Аллоҳ уни яхши ҳолатга қайтаришига ва сидқидилдан ибодат қилиши учун яна куч-қувват беришига умид қилиш мумкин.

Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким ўз қобилиятининг чегарасини билса, унга Аллоҳ таолонинг камтар бандаси бўлиш осон бўлади".

Абу Яқуб ан-Наҳражурий раҳимаҳуллоҳ ибодатдаги бепарволик ҳақида: “Кимки Аллоҳ таолони яхши кўришни иддао қилсаю, лекин Унинг амрларини бажармаса, у ўз даъвосида ёлғончидир. Ким қўрқмасдан севгис ҳақида гапирса, у ҳам ёлғончидир".

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Read 2045 times

Мақолалар

Top