Мақолалар

Бугунги ўйлар...

Мамлакатимизда чорак асрдан зиёдроқ давр мобайнида эришилган барча ютуқлар, ҳамма йўналишдаги тараққиётга, асрларга татигулик ўзгаришларга, ҳеч шубҳасиз, Бош қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Асосий Қонунимиз халқимизнинг кўп асрлик тажрибаси, бетакрор менталитети, беқиёс урф-одатлари, ўзига хос орзу-ўйларига биноан ишлаб чиқилган. Эътиборли жиҳати, ундаги нормалар муқаддас динимиз қоидаларига ҳам тўла-тўкис мувофиқ келади. Бу эса жаҳон давлатларининг ҳаммасида ҳам бор эмас!

Бугун дунёни кузатсангиз, айрим давлатларда давом этаётган урушлар, қонли тўқнашувлар, сарсон-саргардонликларни кўриб ёқа ушлайсиз... Чет давлатлар оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларни ўқишга, кўришга юрак чидамайди...

Шукрки, беҳисоб шукрларки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда! Мамлакатимизда ўн олтита диний конфессия фаолият юритмоқда. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил, тинч яшаб келмоқда. Конституциямизнинг 18 моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» деб белгилаб қўйилган.

Қуръони каримда эса Бақара сурасининг 256 оятида «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...» деб, инсон шаъни, қадр-қиммати юқори экани, ҳар бир шахснинг ҳуқуқий даҳлсизлиги кафолатланган.

Бош Қомусимизнинг 31 моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Конституциямизда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилди. Муқаддас динимиз аёл кишини она сифатида қадрлаб, оилани чароғон этишни, келажак насллар тарбиясини унга топширди. Шу билан бирга, аёлга илм олишни фарз қилди. Ҳадиси шарифда “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир!” (Имом Байҳақий ривоятлари) дейилади.

Бош Қомусимизнинг халқчиллиги шундаки, унинг алоҳида бир боби оилага бағишланиб, унда эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек болалар тарбиясига оид меъёрлар кўрсатиб ўтилган. Бу билан ҳам бошқа кўплаб давлатларнинг конституцияларидан фарқланиб, ғайриоддий бўлиб, ажралиб туради.

Ислом дини кексаларга эҳтиром кўрсатиш, уларга эътиборли бўлишга чақиради. «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» деб марҳамат қилинади Қуръони каримда Исро сурасининг 23-24 оятларида.

Ҳадиси шарифларда ота-онага хизмат қилиш жаннатга киришнинг кафолати экани таъкидланади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасини қариган пайтларида топсаю, икковларига ёки бирларига хизмат қилиб, жаннатга кира олмаса, хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” – дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Конституциямизнинг 66 моддасида «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» деб белгиланган.

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шариф билан Бош Қомусимизнинг 66 моддасида қайд этилган меъёрларни ўқиган киши динимизнинг нақадар улуғ, Конституциямизнинг қанчалик халқчил эканига яна бир карра амин бўлади.

Мухтасар айтганда, Конституциямиз – мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, маърифатимиз, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосидир!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 1061 times

Мақолалар

Top