Мақолалар

Ҳуқуқ ва эркинликлар мезони

Тарихдан маълумки, минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келган. Сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт қийинчиликларидан омон қолиш ва ривожланиш сари изланишдан тўхтамаган. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдида бош эгибгина қолмай, унинг энг қимматбаҳо анъаналарини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарига эҳтиёткорона муносабатда бўлганлар. Буларнинг барчаси қадимдан аждодларимиз ўзаро муносабатларда ўзига хос шарқона муроса тамойилларига амал қилганини кўрсатади. Сўнги икки аср давомида ҳам ўзларини “маданиятли” ва “маърифатли” ҳисоблаб келган давлатлар оммавий қирғинлар ва диний таъқиблар билан ўзларига доғ туширган пайтда Ўзбекистон замини халқлар ва маданиятлар тинч бирлашган жойгина бўлиб қолмай, балки қувғин қилинган халқларга бошпана ҳам бериб келган.

Мустақил Ўзбекистонда турли хил дин ва миллат вакиллари дўстлик ва бағрикенглик руҳида истиқомат қилмоқда. Зеро, қабул қилинганига 30 йил тўлган мамлакат бош Қомусида ҳам  жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлиги ҳам бунга омилдир.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятлар ва бебаҳо анъаналарнинг ўрни беқиёс бўлиб, минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг давлатнинг бош Қонунидан ўрин эгаллагани эътиборга моликдир.

Бундан ташқари, Қонунда давлат  халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган. Бу қоида эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ёдга солади: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз(Имом Бухорий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, давлатнинг бош Қонуни миллатнинг юзи, халқ эркининг ифодаси демак. Бу эса ҳар бир шахс ушбу қоидага риоя этиш билан жамиятда тартиб ўрнатилиши, давлатчиликнинг юксалиши ва ривожланишига ҳисса қўшган бўлади.

 

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

 

 

Read 1279 times

Мақолалар

Top