Мақолалар

Нега қушлар учбурчак шаклда учади?

Жавоби – жуда қизиқ ва оддий. Бу усул қушларга узоқ масофани кам энергия сарфлаган ҳолда босиб ўтишларига ёрдам беради. Боиси ҳар бир қуш тўғри қўшниси ортидан учади ва унинг қанотлари ҳосил қилган ҳаво оқими ичида бўлади. Бундай услуб 71 % кўпроқ масофани босиб ўтиш имкониятини беради.

Янада қизиқарли жиҳати шундаки, олд қаторда турган қушлар чарчоқни “ҳис” қилиши билан орқага ўгирилиб, сафнинг орқа қаторига қўшилади ва бироз дам олгач яна ўз жойига қайтади.

Лондон университети биологлари Стивен Португал ва Жеймс Ушервуд бошчилигидаги бир гуруҳ тадқиқотчилар Австриядан Италияга “кўчиб” ўтаётган қушларни кузатишди.

Тадқиқотда иштирок этган доктор Ушервуд “Nature” илмий журналига берган интервьюсида: “Бу хатти-ҳаракат қушларга парвоз пайтида энергияни тежашга ёрдам беради. Ҳамма қушлар ҳам учбурчак шаклда уча олмайди. Фақат қушларнинг баъзи турлари, масалан, турна, пеликан ва ғозлар шу шаклда учади. Учбурчак (V) шаклида учадиган қушлар асосан катта бўлади. Улар бир хил тезликда ва катта масофаларга учади ҳамда одатда уларнинг қанотлари узун бўлади. Ушбу тадқиқот самолётлар қандай бирга учишини ўрганишга ҳам ёрдам беради”, дейди.

Ҳар бир иши ҳикматли бўлган Ҳаким Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Бандаларига осмонда учиб юрган қушлардан ҳам ибрат олишга буюрган Роббимиз ҳар қандай айб-нуқсонлардан покдир: “Тепаларида (қанотларини) ёйиб ва йиғиб (учаётган) қушни кўрмайдиларми? Уларни Роҳмандан бошқа ушлаб турувчи йўқ. Албатта, У барча нарсани кўрувчидир” (Мулк сураси, 19-оят).

Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар...

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1299 times

Мақолалар

Top