Мақолалар

Бухоро вазири номлаган масжид (Масжиди Баланд)

Бухоро шаҳрида жойлашган “Масжиди Баланд” қадим кентнинг тарихий масжидларидан бири бўлиб, XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирининг вазири Қулбобо Кўкалдош томонидан қурилиб, халқ орасида шу ном билан машҳур бўлган.

Бухоро вазири Қулбобо Кўкалдош бу масжидга “Масжиди Баланд” деб ном берган. Бундай номланишига сабаб – масжид ер сиртидан анча баландликда бўлган. Қолаверса, масжиднинг ўзига хос бўлган жиҳатларидан яна бири бу ўша даврдаги, яъни XVI асрдаги Каъбанинг ўлчамида қурилганидадир. Яъни, энига 11 метр, узунасига 13 метр ва баландлиги 15 метр.

Шу билан бирга, бу жоменинг яна бир ўзига хос томони: масжид ичида устун йўқ. Том қисми занжирга тортилган бўлиб, ёғоч устунлардан фойдаланилмаган. Бу каби ўта ғаройиб бўлган масжидни, ўша даврнинг энг машҳур устаси Мирдўстим исмли меъмор қурган. Қурилишда моддий таъминот Қулбобо Кўкалдош томонидан амалга оширилган.

Кейинчалик XIX асрда масжиднинг ўнг ва орқа томонида очиқ айвон барпо этилади. Собиқ иттифоқ даврида қаровсиз ҳолатда қолган масжид мустақиллик шарофати билан мўмин-мусулмонларга фойдаланишга топширилади. Истиқлол йилларида масжидда бир неча марта енгил таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

2020 йилга келиб, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу тарихий масжиднинг қибла томонида замонавий қўшимча бино қад ростлади.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни узоқ йиллар ибодат билан обод бўлишини муяссар айласин.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1647 times

Мақолалар

Top