Мақолалар

Тазкия ва тарбия: Қаердан бошлаймиз? – 2 қисм

Аввало, нафсни ислоҳ қилишига эҳтиёж борлигини сеза билиш керак. Чунки киши одатда ўзи қилиб келаётган амаллар ва эски урф-одатлар билан қаноатланиб, уларни маъқуллаб қолади. Шу боис у нафс тазкияси йўлида катта қийинчиликка учрайди. Нафс тазкиясини ва амалларни тузатишни истаётган киши ташламоқчи бўлган биринчи қадам қайси эканини билиши лозим. Қуръони карим бизга аввало, хусусан, нафс масаласига эътибор қаратишимизни амр этган: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни, гуноҳлардан сақланингиз)(Моида сураси, 105-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тарбиялашда тутган йўллари мана шудир. Зеро, у зот биринчи, нафс ишига эътибор беришдан, ундан ҳисоб сўрашдан ва унинг амалларини бошқаришдан бошлаганлар. Шу услуб манфаатли, ҳайратланарли ва ақлларни лол қолдирадиган натижа берди.

Бетоблигини ҳис қилган инсон шифокорга бориши табиий. Боргандан кейин тузалиши, қайтиб касал бўлмаслиги учун унинг айтганларини қилади. Аммо, хасталигига эътибор бермаган, у ҳақида уйламаган, шифокор тавсиясига амал қилмаган инсонда касаллик сабаблари илдиз отиб, ҳаётда қийналиб яшаб, вафот этиб кетади. Қалб касаллиги ҳам шундай. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу касалликка қарши тавсиянома берганлар: “Лаззатларни кесувчи – ўлимни кўп эслангалар”.

Афсус, бугун ҳаммаси бошқача, яъни ибратланиш биздан кетган. Жуда тез унутяпмиз, эътиборсиз қараяпмиз. Ўликларимизни кўмамиз-у, ўша заҳоти эсдан чиқарамиз. Бир кун келиб бизнинг ҳам ҳолимиз шу маййит каби бўлишини ўйламаймиз. Ҳа, бизга бундан ўзга йўл йўқ, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Иккинчидан, нафс ислоҳига ҳаракат қилган инсон тўлиқ тавба қилиши керак. Бундай тавбанинг ҳақиқати билганингиздек, ҳар қандай гуноҳга надомат қилмоқдир. Зеро, тавба гуноҳкордан гуноҳни кетказиб, ўша инсон уни қилмагандек қилиб қўяди. Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Гуноҳдан тавба қилувчи гуноҳи йўқ киши кабидир”.

Бу ҳадиснинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда шайх Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Тавба енгил амал бўлса-да, унинг гумбурлаган овози улкан-улкан маъсият тоғларини парчалаб юборади”.

Мукаммал тавба намоз ва рўза каби бажарилмаган Аллоҳнинг ҳақларини ҳамда бандаларнинг зое қилинган ҳақларини адо этмоқ билан бўлади.

Тавба сабабли Аллоҳ сизни ўтган гуноҳлардан тамоман халос қилади. Шундай экан, сиз нафсни тузатиш йўлида қилинган тавба чоғида гуноҳим кечирилмаган дея хаёлга борманг. Шайтон сизни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилишга шу фикрни васила қилишидан эҳтиёт бўлинг. Зеро, у сиз билан Аллоҳ таоло ўртасига бундай ўйларингизни тўсиқ қилишга уринади. Шайх Масиҳуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Ўтган вақт ва ундаги ишларни ўйлама. Чунки у ўтиб бўлди. Келажакни қўй, ундаги ишлар энди келади. Кеча мустақбалинг ҳисобланган ва эртага ўтмишинг бўладиган ҳозирингни тузатишга эътибор қарат”.

Навбатдаги босқич

Юқоридагилар бажарилгандан кейин нафсингиз ислоҳига киришишингиз мумкин. Энди сиз ва нафсингиз ўртасида қаттиқ жанг кетиб, унинг хоҳишларини йўққа чиқарасиз. Лекин яна бир ҳолат бор. Аллоҳ кўрсатмасин, унга енгилиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Дейлик, тавбадан кейин ҳавойи нафсга берилиб бирор гуноҳ қилиб қўйдингиз. Ўртада жанг кучаяди. Нафс сизни синдиришга ўтиб, умидсизликка туширишни бошлайди. Айтадики, сенинг йўлинг ислоҳ йўли эди, сен эса йўлдан чиқдинг, тавбангни буздинг, охиригача туролмадинг. Сени тавбангда бардавом қолишинг амри маҳол иш.

Аммо сиз огоҳ бўлинг, ҳазир туринг! Роббингизнинг мағфират эшиги доим очиқ. Тавба қилишингизни, Унга қайтишингизни кутиб туради. Шундай экан, адашиб маъсиятга қўл урдингизми, иккинчи бор тавбага юзланинг. Учинчи ва кейинги бор ҳам шундай ҳолат содир бўлса, яна ва яна тавбага қайтаверинг. Зеро, Имом Термизий ва Абу Довудлар Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадисда: “Истиғфор айтган киши (гуноҳда) давомли бўлмайди. Гарчи у (гуноҳга) етмиш марта қайтган бўлса ҳам”, деб келган.

Унитманг, тавбада бардавом бўлиш оз вақт ичида сизни сабот ила турадиган қилади. Шундан сўнг бу сабот сизни илиқлик билан кутиб оладиган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Бизнинг (Йўлимизда) жиҳод қилган – курашган зотлар албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси 69-оят).

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

 

Read 1020 times

Мақолалар

Top