Мақолалар

Муаззинлар учун хос хушхабарлар!

Қишнинг совуғида, ёзнинг қисқа тунларида ҳаммадан илгари бир инсон масжидга эрта келади. Бутун атрофга Буюк Аллоҳнинг исмини айтиб нидо қилади. Аллоҳнинг раҳматидан умидворларни, нажот истаганларни, ибодатга ошиққанларни, беш кунлик дунёси учун беш вақт ибодатини алмаштирмаганларни улуғ иш – намозга чақиради.

Унинг овози ила тун чиқиб, тонг отганини, ибодат вақти кирганини англаймиз. Унга қўшилиб Роббимизни зикр қиламиз, Расулимизни тасдиқ этамиз, шаҳодат келтирамиз, салавот айтамиз!

Бу шарафли ва омонатли ишни қилаётганлар, Аллоҳнинг зикрини бутун борлиқ узра янгратаётганлар – муаззинлардир. Улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги хушхабарни берганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким етти йил Аллоҳ розилиги учун, савобидан умид қилиб азон айтса, дўзахдан халос бўлиш ёзиб қўйилади” (Имом Термизий ривояти).

Муновий айтадилар: “Бунча муддат давомида дунёвий мақсадлар аралашмаган ҳолда шаҳодат ва дуони нутқ қилавериш кишини тавҳидга қориштириб юборади. Тавҳидга айланган кишига олов тегина олмайди”.

Табароний: “Савоб умидида азон айтган муаззиннинг жасадини қуртлар емайди”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Имом сақловчи (риоя қилувчи), муаззин эса омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга ҳидоят эт ва муаззинларни мағфират қилгин!” (Имом Термизий ривояти).

Имом қавмнинг намози учун жавобгар бўлса, муаззин намоз вақтлари учун масъулдир. Имом ҳам, муаззин ҳам шариат талабида ўз вазифасини сидқидилдан бажарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу дуолари уларнинг ҳақларида то Қиёмат боқийдир, иншааллоҳ.

 

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.

Read 2013 times

Мақолалар

Top