Мақолалар

Одамларнинг камчиликларини кўриш одати (11-қисм)

Инсонларнинг камчиликларини кўриш, аммо ўз нафсига эса кўзини юмиш ҳам руҳий касаллик саналади. 

Муолажа услуби

Ушбу касалликдан халос бўлиш учун инсон ўз нафсини таниши ва унинг барча макр-ҳийлаларини билиб олиши, кўпроқ ёлғиз қолиб тергаб туриши лозим. Шунингдек, иложи борича солиҳлар билан бирга бўлиш, уларнинг панд-насиҳатларига амал қилиш ва кўрсатмаларига қулоқ солиш керак.

Агар инсон ўз камчиликларини тузатишга ҳаракат қилмаса, у ҳеч бўлмаганда бошқа одамларнинг хатоларини қидирмаслиги даркор. Бордию бировнинг нотўғри иш қилаётганини кўрса, аввало, яхши гумонда бўлиб, унинг гуноҳини ошкор қилмаслик ва бошқаларга айтмаслик лозим. Шу орқали Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечириши ва яширишига умидвор бўлинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тили билан иймон келтириб қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳнинг Ўзи унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади”, дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Шазон менга Ибн Яздон ал-Мадаиний раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзларини етказди: “Шундай кишиларни кўрдимки, уларда ҳеч қандай айб-нуқсон йўқ эди. Аммо, улар одамларнинг айблари ҳақида гапира бошладилар. Аллоҳ таоло ҳам уларда айб-нуқсонларни пайдо қилди ва ўзлари ўша гуноҳларни қила бошладилар. Яна бошқа кишиларни ҳам кўрдимки, уларнинг бир қанча айб-нуқсонлари бор эди. Аммо, улар ўзгаларнинг айбини гапиришдан тийилганлари учун, Аллоҳ таоло уларнинг айбларини яширди ва гуноҳларини кечирди”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Read 1618 times

Мақолалар

Top