Мақолалар

Йиллар тўфонига дош берган маскан  (Отақўзи масжиди) 

 

Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани “Маданият” қишлоғида жойлашган “Отақўзи” масжиди 1907-1914 йилларда маҳаллий бой Долимҳожи ўғли Отақўзи ҳожи маблағига қурилган. Ўз вақтида бу масжид мадраса вазифасини ҳам ўтаган. Унинг лойиҳаси наманганлик меъмор, уста мулла Қирғиз ва пайтуғлик уста Мамажонлар томонидан ишлаб чиқилган ва бунёд этилган. Лойиҳада қурилиш жойи ва бинонинг зилзилага чидамлилигига алоҳида эьтибор қаратилган. Бинонинг асоси 1.5 метр чуқурликда, эни 70см қилиб қўйилган.

Мадраса учун ишлатиладиган ғиштлар адир тупроғидан тайёрланган. Тупроқ текисланиб, шўри бир неча маротаба сув билан  ювилган, сўнг лойга от билан ишлов берилиб, ғишт ҳумдонларда пиширилган. Тайёр бўлган ғиштлар от араваларда бино қурилаётган жойга етказилган. Ғишт деворларни кўтаришда усталарга халқ ҳашар йўли билан ёрдам берган.

Мадрасанинг ёғоч ишларини уста Мамажон охирига етказган.

Намоз ўқиладиган 18х8 метр ўлчамдаги катта хонанинг шифт қисми уч қисмга сарроф билан бўлиниб, тўсин ташлаб вассажуфт терилган. Катта хонага ўн олти қиррали чўққиси қубба шаклидаги муқарнас устунлар ўрнатилган. Хона шифтининг марказига катта ҳовузак усулида ишлов берилиб, нақшлар билан безатилган. Мадрасанинг гул солинган нақш шифтлари алоҳида бадиий қимматга эга.

Наққошлик ишларида уста Асадуллоҳ ўз маҳоратини намоён қилган. Бинонинг асосий ғарб томонидаги катта дарвозанинг чап томонидаги тўртинчи минорага унинг қурилган йили, ҳижрий 1333 сана деб ёзилган. Бу милодий 1914 йилга тўғри келади. Мадраса биноси қурилиши нечанчи йилларда бошланганлиги ҳақида ёзма маьлумотлар учрамайди.

Аньанавий шарқ услубида қурилган бинонинг умумий кўлами, тархи, тузилиши ҳам ўзига хос бўлиб, ғарб томонда пештоқ гумбазли асосий кириш дарвозаси, жануб ва шимол томонларида ҳам дарвозалар мавжуд. Айвон икки қаватли қилиб қурилган. У ерда тўртта хона бўлиб, биринчи қаватда иккита катта хона бири ибодат, иккинчиси талабалар сабоқ олишга мўлжалланган. Бундан ташқари, у ерда 21 та ҳужра ҳам бўлиб, бу хоналарда талабалар яшаган.

Мадраса тўртбурчак шаклда қурилган. Бинонинг жануб томондаги асосий энг катта, баландлиги 16.5 метрлик минорасида азон чақирилган. Катта хонақоҳ гумбазининг энг юқори қисмида “зулматдан ёруғлик сари”, деган маънога ишора қилиб ой ва юлдуз тасвири чизилган.

Мадраса қурилиши тугагандан сўнг 1914 йилда Отақўзи ҳожи водийнинг чор атрофидан илмли кишиларни мударрислик қилиш учун мадрасага таклиф этган. Бу жойда ўқиш иштиёқидаги талабалар  ҳам кўп бўлган. 1919 йилгача исломий билимлар ўқитилган.

Фахрий тарих фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, ҳозирда 89 ёшли устоз Муҳаммадюсуф Мирзажоновнинг маълумот беришича, мадрасага тамал тоши 1907 йили қўйилган. Мадраса қурилиши узоқ йилларга чўзилиб кетишига сабаб ҳожи ота кўп маблағларини оч-ночор инсонларнинг қорнини тўйғазишга, уларни кийим-кечак билан таъминлашга сарф қилган. Бу маълумотларни Отақўзи ҳожи ўғли Абдуғаффор ота (1905-1996) ҳам ҳаётлик даврида тасдиқлаган.

Таасссуфки, ўтган асрнинг қатағон йилларидаги таҳқирлардан бу маскан ҳам бебаҳра қолмаган. 1937 йилларда мадрасадаги катта дарсхонаси бузилиб материаллари бошқа мақсадларда ишлатилган.

Собиқ шўро даврида мазкур мадраса клуб ҳамда турли хилдаги минерал  ўғитлар сақланадиган омборхонага айлантирилди. Ҳаттоки қўй, эчки, товуқ, чўчқа боқиладиган молхона вазифасини ҳам бажарган. Мадраса деворларининг минерал ўғитлардан зарарланиб, шўрлангани бунинг исботидир.

1970 йилда мадраса Андижон вилоятининг биринчи раҳбари Б.Рахимов мадрасани таъмирлаб музейга айлантириш тўғрисида қарор чиқарган. 1973 йилда обида туман халқ таълими бўлими ихтиёрига берилган ва музей ташкил этилган.

1989 йилдан масжид сифатида фойдаланиш учун халқ ихтиёрига қайтарилди. Долимҳожи ўғли Отақўзи ҳожи номидаги жоме масжид ҳозирги кунда халқимизнинг диний, эътиқодий эҳтиёжларини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1849 times

Мақолалар

Top