Мақолалар

ИЧКИ НАЗОРАТ КОМИССИЯСИ А.БАҲРОМОВ ХАТТИ-ҲАРАКАТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Шу йил 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси йиғилишида Тошкент вилояти Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов масаласи кўриб чиқилди. Унда имом-хатибнинг ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда имом-хатибнинг мазкур ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилди. Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган “фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш”, ва “ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш” деган бандларнинг А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилиши деб баҳоланди. Шунингдек, А.Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини белгиланган тартибда хабардор этмагани ҳам алоҳида қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамиятда ўзини тутиши, одамлар билан муносабатда намуна кўрсатиши, имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аввал ижрога йўналтирилган норматив ҳужжатларда ҳам имом-хатиб тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилиши ва меҳнат мажбуриятларига риоя этиши қатъий белгилаб қўйилган эди.

Афсуски, Авазхўжа Баҳромов мазкур хатти-ҳаракати билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, ички тартиб қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани маълум бўлди.

 Ички назорат комиссияси Тошкент вилояти Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди. Шунингдек, бундай шахсларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ўрин йўқлиги алоҳида таъкидланди.

Айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Авазхўжа Баҳромовнинг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан иш олиб бораётганини маълум қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Read 1234 times

Мақолалар

Top