Мақолалар

Озодалик илми асосчиси

Поклик Ислом шиорларидан. Тарихга назар солсак, ҳеч бир тузум, гуруҳ ёки дин уни иймон даражасига кўтармаган. Исломда эса поклик имондан ҳисобланиб, инсонларни маънан ва жисмонан озодаликка чақиради.

Қуръони каримда мусулмонларга пок нарсалар, пок таомлар, покиза жуфтлар ҳалол қилингани ҳақида кўрсатмалар келган. Бадан поклиги, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетади. Барча нарса покликка таянилган, покликка қаратилган. Хусусан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой поклиги ҳам зарур (“Тафсири Ҳилол”).

Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларида соғлиқ меъёрлари акс этади. Маълум ишларни тақиқлаб, қолганларига рухсат беришида инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати аҳамият касб этади. Шу сабабдан ҳам биринчи бўлиб совунни мусулмон кимёгарлари ихтиро қилдилар.

Совун кашф қилинмасидан олдин одамлар турли ёғлардан фойдаланишган. Таркибининг кўп қисми зайтун мойи бўлиб, унга “ал-қали” дейилган махсус туз аралаштирилган. Сўнг қайнатиб, қолипларга солиб, қотишини кутишган.

XIII асрга келиб совуннинг ҳар хил рецептлари ўйлаб топилди. Масалан, мусулмон олими Розийнинг қўлёзмаларида совуннинг рецепти бундай келтирилади: “Озгина кунжут мойини олиб унга калий, ишқор ва оҳак солиб аралаштиринг ва қайнатинг. Тайёр бўлган маҳсулотни қолипга қуйиб, қаттиқ ҳолга келгунча ўз ҳолида қолдиринг”.

X асрда яшаган қуртубалик олим Абулқосим Халаф ибн Аббос Заҳровий бу соҳанинг отаси бўлиб, ғарбда “Абулқосис” номи билан танилган. Мутафаккир Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг поклик ҳақидаги ҳадисларидан илҳомланиб, тиббиётга бағишланган 30 жилдли “Тасриф” асарини ёзди. Китоб ўша даврдаги жарроҳлик асбоблари ва усуллари ҳақида бўлиб, амалиётда кенг қўлланилди.

Заҳровий фақат тиббиёт ҳақида эмас, балки китобнинг 19-жузини тўлиқ косметикага бағишлади. Аслида, бу косметологияга қўшилган буюк ҳисса эди. Мазкур китоб мусулмонларнинг косметология соҳасига қўйган тамал тоши деса, муболаға бўлмайди. Сабаби, асар 1000 йил олдин ёзиб қолдирилган.

Заҳровий Ислом асосларида белгиланганидек, соч, тери, тиш ва бошқа тана аъзоларига аҳамият беришни таъкидлади. Милкни мустаҳкамлаш ва тишларни оқартириш устида тажриба ўтказиб, амалиётда кенг қўллади. Атир-упа, хушбўйликлар ҳақида изланишлар олиб борди ва прессланган махсус қолипдаги хушбўй шарчалар ҳақида ёзиб қолдирди. Бу эса, замонавий юмалоқ атирларни эсга солади (Snodgrass, Mary Ellen (2005). World clothing and fashion. 153b.).

Заҳровийнинг асарлари ўтган юз йилларда турли Европа тилларига таржима қилиниб, олимлар томонидан чуқур ўрганилди (Abu al-Qasim Muslim physician and author. Encyclopedia Britannica). Айнан унинг меҳнати туфайли тиббиётнинг жарроҳлик ва косметология соҳасида кўп ютуқларга эришилди.

Манбалар асосида
Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА
тайёрлади.

Read 1127 times
Tagged under

Мақолалар

Top