Мақолалар

Улар нафлларга кўпроқ эътибор қилдилар

Алданганлар намозга турса, қалбини Аллоҳ зикрида сақламайди, Унинг қаршисида турганини унутади. Аъзоларини ҳам сақламай, у ёқ-бу ёққа бурилади, тепага қарайди, эснайди, керишади, бармоқларини қисирлатади, қийшаяди, чўзилади, кўкрагини керади. Қаъдадан тураётганда бир оёғини олдинга қўяди. Танаси ва кийимларига беҳуда тегинаверади ва шу каби бошқа ишларни қилади. У намозига жиддий юзланмаган. Қалбини бошқа ўй-фикрлар ва васвасалардан сақламаган.

Аъзоларини мазкур ишлардан тиймайди. Қироатда оятлар маъносини фикр қилишни, тиловати тўғрисида ақл юритишни унутади. У нафсни уйғотиш учун намозда тиловат қилишга буюрилган. Қуръон инсон кўксида бўлиб, нафс кўксидаги нарсадан ғафлатда. Агар кўксидан тилига чиқарса, қулоғига киради ва нафсига нидо қилади. Шунда нафси тили нутқ қилган нарсага шоҳид бўлса, ибрат олади.

Агар ўз ўй-фикрлари, васвасалари билан машғул бўлса, тиловатдан фойда олмайди. Агар буларнинг барчасига эътиборсиз бўлиб, кейин ўзини таҳажжуд, зуҳо каби намозлар ўқиб хурсанд қилса, у фарзларни зое қилиб, нафлларга юзланиб, алдангандир. Кейин нафл ўқиши билан мақтанади.

Аллоҳ таоло уларни сифатлаб: “Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар”. Сўнг уларни қоралаб: “...сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар”, деди (Ҳадид сураси, 27-оят). Чунки улар фарзларни зое қилиб, яхши адо қилмадилар. Нафлларга кўпроқ эътибор қилдилар. Улар нафлларнинг кўплиги, турли-туманлигини кўриб, уларни ёқтирдилар ва уларга киришдилар.

Шу билан ужб, риё, фахр, кибр аҳлидан, одамларга манманлик қилувчилардан бўлдилар.

Оқиллар эса Аллоҳнинг буйруғини улуғ билиб, фарзларни адо этишга ғайрат қилдилар, васвасани ҳайдадилар, қалбларини бошқа ўй-фикрлар билан банд қилмадилар. Намозхонлар одобларига эътиборли бўлдилар. Тиловатларида оятларнинг маъноларини фикр қилдилар. Бундай сифатга эга бўлиш қаттиқ ишлашни талаб қилади. Шунга қарамай, улар нафлни ҳам унутмадилар. Чунки улар риёзатга муҳтож. Улар нафсларини риёзатга солиб, Муъминун сурасидаги сифатларга эга бўлишади. Уларга: “Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар” (11-оят), дея нажот хушхабари берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаброил алайҳиссалом менга Роббим азза ва жалланинг бундай деганини айтди: “Менга бандам фарзларимни адо этиш билан яқин бўлганидек, бирон амал билан яқин бўлмаган. Шундан кейин банда Менга нафллар билан яқинлашаверади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитиши, кўриши, қўли, оёғи, юраги ва тили бўламан”».

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Read 1179 times

Мақолалар

Top