Мақолалар

Тазкия ва тарбия: Менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади – 5 қисм

Нафс тарбияси, охиратга тайёргарлик тўғрисида фикр юритиб, унга эътибор қаратиш ҳақида ўйлайлик. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам шу мақсадда йиғилар эдилар. “Саҳиҳ Бухорий”нинг “Иймон китобида Муоз розияллоҳу анҳунинг бир гаплари келади: “Биз билан ўтир, бироз иймонлашайлик”.

Инсон дунё ишлари билан юриб, кўп вақтини шу билан ўтказаркан, охират ишларига эътибор бермай қўяди. Ўлганидан кейин борадиган жойи нима бўлиши ҳақида ўйлашни, Робби ҳузурида туришини, бу дунёда у дунё учун нималар ҳозирлашни унутади. Шунинг учун такрор-такрор эслатмага муҳтожмиз.

Нафсини ислоҳ қилишни, тазкияни хоҳлаган киши биринчи қадамни тавбадан бошлаши керак. Истиғфор ва авф талаб қилиш орқали гуноҳлардан надомат чекиб, Аллоҳнинг ҳақларидан ҳам, бандаларнинг ҳақларидан ҳам адо қилмаганларини ўз жойига қўйиши лозим. Шунда бундай тавба билан Аллоҳ олдинги гуноҳларни ўтади, иншаАллоҳ.

Тасаввуфдаги тўрт силсила асоси. Тасаввуфдан кўзланган мақсад ҳам мана шу, яъни тазкия ва нафсни ислоҳ қилишидир. Бу мақсадга етишнинг бир қанча воситалари бўлиб, муршид ва мурид, замон ва маконга қараб ҳар хил бўлади. Буни тана касалллигини даволаш воситаларининг даволаш йўли, шифокор ва беморга қараб фарқланиб, ҳар бўлишига ўхшатиш мумкин.

Тўрт силсила ислоҳ шайхлари ва тариқат машойихлари тажриба қилиб, синаб кўрган тўрт йўлдир. Улар мурид учун фойдали ва натижали деб билганлари сабабли шу тўрт йўлни танлаганлар. Бу тўрт силсила машойихлари шайх шиҳоб Саҳравардий, шайх Абдулқодир Жийлоний, шайх Муъиниддин Чиштий Ажмирий, шайх Баҳоуддин Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳлар. Ушбу тўрт силсила бир-биридан фарқли дин ёки мазҳаб эмас, балки битта мақсадга, яъни тазкия ва нафс ислоҳига элтувчи тўрт йўлдир.

Бу тўрт йўлнинг ўзининг қоида ва тақозолари бўлиб, соликлар буларни лозим тутадилар. Умумийси нафсга босим ўтказиш ва унинг табиатини тузатиш учун қилинадиган жидди-жаҳд ва машаққатлардир.

Тазкия воситаларидаги янгиланиш. Унутмаслик лозимки, мазкур қоидалар бир даврлар ўрнатилган бўлиб, у пайтлар ҳозирги замон каби чигал ва қийин бўлмаган. Бугунлик кун одами у қоидаларни кўп ҳам кўтаролмайди. Шунинг учун у йўллар бироз янгиланишга эҳтиёж сезганди. Бундай хизмат туғилиш жиҳатдан ҳиндий, бироқ ҳижрат қилиб яшаган жойи эътиборидан маккий бўлган зот шайх Имдодуллоҳ ва у кишининг халифалари раҳамтуллоҳи алайҳларга насиб қилган. Халифаларининг бошида шайх Ашраф Али Таҳонавий бўлди. Бу зотлар одамларнинг қувватлари заифлигини ва машаққатларни кўтара олмасликларини сезиб, тазкия ва ислоҳ йўлларини енгиллатиш асносида тасаввуфни янгилаш ишини бажардилар.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

 

Read 1266 times

Мақолалар

Top